Army of Coders

Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида
PIXABAY.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

“Иқтисодиёт тежамкор бўлиш керак” (КПСС МК Бош секретари Леонид Брежневнинг шиори. – таржимон изоҳи) даври абадий мозийда қолиб кетди. Ҳозир янгича тенценция хукмрон – иқтисодиёт рақамли бўлиши керак. Негаки янги технологиялар инсон фаолиятининг деярли барча соҳаларига кириб келмоқда. Роботлар ёки автоматлаштирилган тизимлар борган сари одамларнинг касб-фаолияти жабҳаларидан сиқиб чиқармоқда. Мисол тариқасида, банкоматларни оладиган бўлсак, улар бемалол кассирларнинг ўрнини босишмоқда. Ёки мисол учун, мураккаброқ бўлган онлайн-таржимонларни оладиган бўлсак, улар вақт ўтиб борган сари такомиллашмоқда ва рақобатбардош бўлиб бормоқда. Бир неча йиллар ўтиб, улар филология факультетларининг тегишли йўналишларига эҳтиёж қолдирмаса, ажабланадиган ери қолмайди. Айтгандек, янгиликлар яратадиган машиналар яратилганига ҳам ўн йил бўлибди, шунинг учун ҳам журналистлар тез орада тиражга чиқиб кетишлари мумкин.

Коронавирус пандемияси даврида маиший ҳаётимизнинг рақамлаштирилиши янги даражага кўтарилди. Уйдан чиқмай туриб нима ишларни бажара оламиз? Унчалик оз эмас экан – ресторан ва қаҳвахоналардан лаззатли таомлар ва бошқа товарларга буюртма бериш билан бирга мактаб таълими ва банк операцияларигача.

Бироқ сунъий интеллект қўлланиши билан яратилган ҳар бир робот ёки сервер ортида ҳар ҳолда ҳазрати инсон турганини тушуниб етишимиз керак. Ҳатто ундан ҳам кўпроқ – дастурчилар жамоаси турибди, десак аниқроқ бўлади. Шунинг учун ҳам IT-мутахассислари сўнгги ўн йил давомида энг кўп талаб этилган ва энг юқори иш ҳақи таклиф этилаётган касблар ўнлигидаги ўринларни мустаҳкам эгаллаб келмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳвол шундай – айни пайтда бу мамлакатда мазкур соҳада малакали мутахассисларни тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. hh.uz порталининг таҳлилий маълумотига кўра, “Ахборот технологниялари, интернет, телеком” тоифаси меҳнат бозорида таклиф этилаётган иш ҳақи бўйича етакчилик қилмоқда. Мамлакатда “айтичиларга” меҳнат ҳақи сифатида 20 миллион сўмдан (2000 АҚШ доллари атрофида) зиёд тўлашга тайёр компаниялар бор, уларга таклиф этилаётган ўртача иш ҳақи 4,5 миллион сўмни ташкил этади (450 АҚШ доллари). Ҳолбуки, республикада ўртача иш ҳақи 2,5 миллион сўмни ташкил этади (250 АҚШ доллари). Кўриб турганингиздек, рақамларнинг тили анча бийрон.

Ўзбекистон IT-хизмат кўрсатиш соҳасида дунё бўйича етакчи ўринларга чиқиб олишни ўз олдига мақсад қилиб олган. Шу муносабат билан республикада ушбу соҳа мутахассисларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг сони кўпайиб бормоқда. Одатда, булар хорижий универститетларнинг республикада очилаётган филилаллари бўлиб қолмоқда. Мисол учун, июнь ойининг бошида дастурчилар тайёрлайдиган яна иккита олий таълим муассасасининг очилгани ҳақида эълон қилинди. Улардан бири Тошкентда – Япония Рақамли университетининг ва иккинчиси Ангренда – Кореянинг Кунмин университети филиаллари дастурчилар тайёрлаш билан машғул бўладилар. Бутун мамлакат бўйлаб стартап лойиҳалар ва истиқболли инновацияларни қўллаш учун технопарклар яратилмоқда. Дастурчилик фанини мактабдан бошлаб ўқитишга қарор қилдилар. Бироқ шу муносабат билан “мактабларнинг ўзлари бунга тайёрми, шунга лойиқ компьютерлари ва ўқитувчилари борми?” деган саволларнинг туғилиши табиий. Ҳа майли, бу ҳақда ҳозирча Халқ таълими вазирлигининг ўзи бошини қотириб тураверсин.

Ўзбекистонни IT-давлатга айлаштириш учун биринчи навбатда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи жон куйдирмоқда. 2020 йил республикада Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинган. Давлат раҳбари республиканинг барча шаҳарларида дастурлаш ва электрон тижорат асослари бўйича бепул курсларни ташкил этиш бўйича топшириқ бериб, вазирлик ва идоралар раҳбарларига бериладиган пул мукофотларини давлат органларида ахборот технологияларини ривожлантиришнинг ҳолатига боғлаб қўйган. Ҳозирча бу чоралар кутилаётган самарани бергани йўқлиги ҳам рост. Мирзиёев март ойида давлат амалдорларини рақамлаштиришга ўтишда сусткашликка йўл қўяётганлари учун қатъий танқид остига олди ҳамда тақдим этиладиган 780 та давлат хизматларидан аттиги 185 таси веб-сайтлар орқали бажариш мумкинлигини кўрсатиб ўтди. Кўпчилик давлат тузилмалари эса юқори технологияларни жорий этиш бўйича фақатгина электрон ҳужжат айланмаларини қийинчилик билан ўзлаштира олдилар. Метафора ибораларидан фойдаланадиган бўлсак, дунё бўйича 5G технологиялари қўлланаётган бир пайтда, Ўзбекистон ҳамон dial-up да ўтириб қолган.

Ҳиндистон ва Беларусга тенглашиш вазифаси қўйилмоқда

One Million Uzbek Coders лойиҳаси видеотақдимотидан лавҳа

Вазиятни фақат ёш кадрларни тайёрлаш ҳисобига тузатиш мумкин. Шу мақсадда ўтган йилнинг ноябрь ойида олдига улкан мақсадлар қўйилган One Million Uzbek Coders (“Бир миллион ўзбек дастурчилари”) лойиҳаси ишга туширилган. Республика Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги ҳузуридаги IT Park унга кураторлик қила бошлади.

IT Park ҳузуридаги IT Academy директори Нилуфар Аъзамова ватандош мутахассислар армиясини тайёрлаш жараёни қандай ўтаётгани ҳақида “Фарғона” нашрига сўзлаб берди.

— “Бир миллион ўзбек дастурчилари” дастури аҳолининг қайси тоифасининг вакилларини кўпроқ қизиқтириб қўйди? Лойиҳа ёшлар ўртасида қизиқиш уйғотдими?

— Ўтган йилнинг ноябрь ойида лойиҳа стартапи фурсатидан бошлаб порталда 18 минг киши рўйхатдан ўтди. Ҳозир 3500 дан зиёд киши оралиқ босқични якунлаб, сертификатларини олдилар, деярли 1500 киши таълимни муваффақиятли равишда тамомлади. Бизга асосан ёшлар: талабалар ва мактаб ўқувчилари мурожаат қилишмоқда.

Аввалига платформада рўйхатдан ўтиш, ўқитиш жараёни бўйича саволлар кўп эди. Эҳтимол Ўзбекистонда электрон таълимнинг бошқа технологияларинии қўлланган ҳолда турли хилдаги интерфаол контентларни ўз ичига олган бундай таълим онлайн-курслари оммавий фойдаланувчиларга унчалик яхши таниш эмаслиги сабабли шундай бўлган бўлиши мумкин. Ва биз аҳолини ушбу ёндашув билан таништиришни истаймиз, ахир бу масофадан туриб ўқитишнинг жадал суратда ривожланаётган ва истиқболли шаклларидан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда интернетда ўрганиш учун тақдим этилган жуда кўп бепул таълим курслари мавжуд. Энг йирик технологик компаниялар ходимларни тайёрлаш ва малакасини оширишда восита сифатида ОООК (оммавий очиқ онлайн-курс)дан фойдаланиб келадилар

— Сизлар таклиф қилаётган тўртта мутахассисликдан – Frontend, Android, Data analysis, Full-Stack – қайси бири энг ҳаридоргир бўлиб чиқди? Нега?

— Энг оммабоп йўналишлар – бу Full-Stack и Android, негаки айни пайтда бизнинг бозоримизда веб-дастурлаштириш ҳамба мобиль ишлаб чиқариш энг кўп талаб этилаётган маҳсулотга айланиб қолган. Бизнинг талабаларимиз энг “қадрига етмаётган” йўналиш “Маълумотлар таҳлили” бўлиб қолмоқда. Бу йўналишнинг улкан потенциали мавжуд бўлиб, жуда кенг соҳаларни қамраб олади. Бироқ бу мутахассислик талабаларимиз учун унчалик таниш эмас, шунинг учун ҳам биз уни тарғибот қилиш учун режа тузяпмиз.

— Ҳозирги кунда мамлакат учун дастурчиларнинг қайси тоифаси энг кўп талаб қилинаётганлар сарасига кирган?

— Ҳозир ҳаммасидан ҳам кўпроқ одатдагидек, мобил иловалар ишлаб чиқарувчилари ва веб-дизайнерлар, шунингдек, дастурий таъминотларни синовдан ўтказиш бўйича мутахассисларга талаб катта бўляпти.

—Лойиҳа иштирокчиларига қандай грантларни таклиф этяпсиз ҳамда номзодларни қайси мезонларга қараб танляпсизлар?

One Million Uzbek Coders лойиҳасининг видеотақдимотидан олинган кадр

— Уч ойда бир марта Udacity Nanodegree дастури бўйича грантларга танлов имтиҳонлари ўтяпти. One Million Uzbek Coders платформасининг 50 нафар энг яхши иштирокчиларига ушбу дастур бўйича таълим олишни давом эттириш учун грантлар тақдим этилади, уни муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга Udacity Nanodegree дипломлари тақдим этилади. Баҳорги имтиҳонларда 1 март кунги бизда 120 нафар иштирокчи бор эди, 1 июнь куни ўтган ёзги имтиҳонларга рўйхатга олишда деярли беш баробар кўпроқ одам ёзилди, 150 нафар иштирокчи синовлардан муваффақиятли равишда ўтдилар. Имтиҳонлар Udacity платформасида нафақат Ўзбекистон учун, балки худди шундай лойиҳалар амалга ошириладиган мамлакатларда ҳам ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, ўтган ойда community.uzbekcoders.uz платформаси ишга туширилиб, талабалар ўртасида қиймати 1500 АҚШ долларигача мукофотлар қўйилган танлов эълон қилинди. Ушбу платформада талабалар лойиҳанинг бошқа иштирокчилари билан биргаликда касбни ўзлаштиришда эгаллаган тажрибалари, қизиқарли таълим ресурслари билан ўртоқлашмоқдалар.

Бир ой давомида коммьюнити платформасида деярли уч мингга яқин иштирокчилар рўйхатдан ўтиб олдилар. Улар тўрт мингга яқин мақолалар ёзишган бўлиб, уларни фаол равишда муҳокама қилишмоқда. Буни жуда зўр деса бўлади, ахир уларда таълим-кўнгилочарлик контентини генерация қиладиган жойлари бор. Улар, шунингдек, илм-фанга яқин форматдаги мақолалар ёзишда ўз фикрларини аниқ ва тушунарли қилиб баён этишни ўрганмоқдалар, негаки бу кўникмага эга бўлиш бўлажак дастурчилар учун жуда ҳам муҳим. Йил охирида эса биз талабалар ўртасида республика ҳакатонини (белгиланган муддат ичида қандайдир муаммони ҳал қилиш учун бир соҳа мутахассисларининг форуми) ташкил этишни режалаштиряпмиз.

— Келинг, сизлар бир вақтнинг ўзида бир миллион дастурчиларни тайёрлашга эришдингиз, деб тасаввур қилайлик. Хўш, ундан кейин уларнинг ҳаммасини ишга жойлаштира оласизми?

— Лойиҳанинг мақсади – аҳоли ўртасида рақамлаштириш кўникмаларини оммавийлаштириш. Биз бугунги замон ва маконда дастурий таъминот ишлаб чиқариш ҳамда маълумотлар билан ишлашнинг базавий кўникмаларини эгаллаш нафақат дастурчиларга, балки турли касб эгаларига ҳам зарур. Бозор иқтисодиёт ва ҳаётимизнинг турли соҳаларига ахборот технологияларни жорий қилиш зарурлигини уқтирмоқда. Ҳозирги бозор шароитида нафақат дастурчиларнинг ўзлари, балки дастурчилик кўникмаларига эга соҳа бўйича экспертлик қила оладиган ва ушбу кўникмаларини ҳаётда қўллай оладиган мутахассислар кўпроқ қадрлана бошланди.

Яна бошқа бир муҳим вазифа –онлайн таълим олиш учун имкониятларни аҳолига намойиш этиш. Ҳозир интернетда жуда кўп миқдорда таълим дастурлари таклиф этилмоқда. Энг йирик университетлар ва платформалар бепул дастурларни таклиф этишмоқда. Пандемия шароитида бу тенденция айниқса долзарб бўлиб қолмоқда. Бизнинг вазифамиз эса тингловчиларга ушбу йўналишда дастлабки қадамни қўйишга ёрдам беришдан иборат.

Ўзбекистонда ишга жойлаштириш имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, ҳозир мамлакатимизда ҳам бутун дунёда ҳам IT-мутахассисларга жуда катта эҳтиёж мавжуд ва бу талабни қондириш зарур. Бундан ташқари, қайд этиш жоизки, бизнинг дастур ишлаб чиқарувчилар бозорининг ривожланиш моделида тенг бўлишга интилаётганимиз Ҳиндистон ва Беларусь каби мамлакатлар биринчи навбатда IT-хизматлар экспортини кўпайтириш ҳисобига ривожланишмоқда. Мисол учун, Белорусия компаниялари тақдим этаётган шундай хизматларнинг 90 фоизи экспортга йўналтирилган.

IT Park кадрларни тайёрлаш билан бирга, параллель равишда халқаро IT-компаниларнинг офисларини Ўзбекистонда жойлаштириш бўйича иш олиб бормоқда. Бу янги иш ўринларининг пайдо бўлишига олиб келади.

— Таълим олиш бепуллигини инобатга олган ҳолда, сизлар иштирокчилар олдида қандайдир муддат давомида қаердадир, мисол учун, давлат органларида ишлаб бериш мажбуриятини қўймаяпсизларми?

One Million Uzbek Coders лойиҳасининг видеотақдимотидан олинган кадр

— Йўқ, бунақа талаблар йўқ. Аксинча, агар зарурат туғилиб қолса, биз иштирокчиларга IT Park резидентларининг қўл остида бирорта ўринга жойлаштириш бўйича ёрдам кўрсатамиз.

— Ўзбекистонда IT-мутахассисларни тайёрлайдиган олий таълим муассасалари борган сари кўпаймоқда. Ихтисослашган институтлар ва факультетларнинг кўпайиб кетиши ортидан таълим сифатининг пасайиб кетишидан қўрқмайсизми?

— Биз бу ҳолат IT-соҳасидаги таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади деб ҳисоблаймиз. Мисол учун, Тошкентда бир неча йиллардан бери Инха университетининг (Жанубий Корея) филилали фаолият юритмоқда. Унинг битирувчилари сўнгги йилларда ўзига хос брендга айланиб қолдилар, улар ахборот технология бозорида ўзларини жуда яхши томондан кўрсатиб қўйдилар. Ўтган йили Амити (Ҳиндистон) университетининг филиали очилди ва биз тез орада унинг битирувчилари ҳақида ижобий фикрларни эшитишимизга ишончимиз комил.

— Вазирликлар, идоралар, ҳокимликларнинг кўплаб сайтларида ахборот кам, уларни “ўтган аср” услубида яратишган. Бунинг сабаби нимада? Давлат органлари билимдон ишлаб чиқарувчиларни ёллашдан ожиз қолишганми ёки улар дастурчиларга муносиб равишда иш ҳақи тўлашни истамайдиларми?

— Биз давлат органлари сайтларининг функционаллигига баҳо бериш бўйича фаолият юритмаймиз, аммо шуни айта оламизки, сўнгги пайтда давлат органлари томонидан IT Park резидентларига сайтларни замонавийлаштириш бўйича ишларни бажаришга сўровлар сони кескин тарзда ўсиб кетган.

Ташқаридан туриб назар солганда

One Million Uzbek Coders лойиҳаси ташкилотчиларининг кайфияти жуда ҳам некбин. Бироқ ташқарида турганлар, бу ғояни қандай баҳолашмоқда?

Дастурнинг бошланиши тўғрисидаги янгилик турли профессионал форумларда, шу жумладан, Россиянинг форумларида фаол равишда муҳокама қилинди. Бу ерда, фикрлар бўлинди. Ғояни “бюрократик ўйин”, яъни баландпарвоз шиордан бошқа нарса эмас, дея ҳисоблайдиган скептиклар ҳам учраб турди. Айрим одамлар 120 соат ичида тишга босадиган дастурчини тайёрлашнинг ўзи бўлмайди, дея шубҳаландилар. Бироқ кўпчилик шарҳловчилар ғоя жуда ҳам истиқболли, лойиҳа эса Ўзбекистон IT-индустриясини янги савияга олиб чиқиши мумкин, деб ҳисобламоқдалар.

Москвадаги Sidorin Lab интернет-агентлигининг муассиси Никита Прохоров кўпчилик форум иштирокчиларига ҳамфикр бўлиб чиқмоқда. Эксперт масофавий курсларнинг афзаллигини таъкидлаб ўтди: қаергадир сафар қилишга эҳтиёж йўқ, улар кундузги таълим тизимидан арзонроқ (One Million Uzbek Coders лойиҳаси ҳолатида эса умуман бепул. “Фарғона” ихоҳи). “Агар курс 100 соатдан кўпроқ вақтдан иборат бўлса, унда бу жуда ҳам ҳар томонлама қамровли ва зўр. Келажак айнан шундай форматларга тегишли, — дея билдирди Прохоров. – Айниқса, уларга реал кейслар, реал муаммоларни ҳал қилиш, қандайдир гуруҳларга тегишли лойиҳалар киритилган бўлса, гап йўқ!”

Шу билан бирга, исми сир бўлиб қолишини истаган Тошкентдаги IT-компаниялардан бирининг хўжайини ўзбекистонлик кўплаб мансабдор шахсларнинг хулқидаги характерли хусусиятига эътибор қаратди. Унга кўра, бу хусусият лойиҳанинг тақдирига ҳалокатли тарзда таъсир кўрсатиши мумкин.

“Ўзимнинг тажрибамдан шуни биламанки, ёш дастурчининг ғоясини ўғирлаб қўйишлари мумкин бўладиган фурсатлар бўлиб туради. Яъни, мансабдор шахслар ўзгаларнинг лойиҳасини раҳбариятга ўзининг янгилик ғояси сифатида тақдим этадилар. Бу боши берк кўчага олиб кирадиган йўл. Бундан кейин мутахассис ҳеч қачон давлат ҳокимият идоралари билан алоқа қилмай қўяди. Агар One Million Uzbek Coders лойиҳасида иштирок этаётган истеъдодли ёшларга худди шундай муносабатда бўлсалар, унда ёшлар ушбу таълим платформасига қизиқишларини йўқотишлари турган гап”, — дейди “Фарғона” суҳбатдоши.

“Давлат ташкилотларининг “Ал-Мисоқдан” қолиб кетган ресурсларини тадбиркор мансабдор шахсларнинг менталитети билан изоҳлади: “Дастурчилар, дизайнерлар ҳар қандай сайтни дўндириб ташлашлари, ҳар бир ишнинг уддасидан чиқишлари мумкин. Бироқ амалдорлар ўзларига ёқадиган нарсани қилиб бер деб туриб оладилар. Эҳтимол улар ўзгаларнинг фикрини ҳам тинглашни билишар, аммо фақат профессионаллар ва веб-дастурчиларнинг фикрини эмас”.

Дастурчиликка мактабдан бошлаб ўқитиш тўғрисидаги ташаббусга ҳам у ишонқирамай қарамоқда. Негаки, унга кўра, бу ерда амалий кўникмаларни эгаллаш муҳим, бироқ компьютер деган нарса ҳамма ўспириннинг ҳам уйида бор эмас.

Шунга қарамай, эксперт Ўзбекистон келажакда IT-хизмат экспортининг ҳажмини кўпайтиришга салоҳияти бор дея қайд этди. Негаки, республикада истеъдодли мутахассислар кўп, бундан ташқари, одам/соат мезони бўйича масалан, Европа билан таққослайдиган бўлса, бу ердагиси анча пастроқ. Бундан ташқари, ёшларнинг каттагина қисми билим эгаллашга интилмоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда дастурчилар армиясининг пайдо бўлиши муқаррар, дея ҳисоблаш мумкин.

Азиз Якубов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда

  • Тошкентда автомобиль эгалари тураргоҳни суд ажримисиз бериб қўйишмоқчи эмас

  • COVID-19 инфекцияси туфайли уч ой давомида ўзини ўзи яккалатишнинг қатъий тартиби ўзбекистонликларни нимага ўргатгани ҳақида

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган