Ўзбекистон давлат чегарасини қўриқлаш кўнгилли хизматчилар ҳисобига кучайтирилади

Ўзбекистон чегарачилари . Uznews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати давлат чегарасини қўриқлаш ишларига кўмак берувчи «Чегара посбонлари» отрядини тузиш режасини маълум қилди. Отряд чегараолди ҳудудида истиқомат қиладиган 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом фуқаролар, шунингдек, Давлат чегараси яқинида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ишчи ва хизматчилардан ташкил этилади, деб айтилади ДХХ томонидан тайёрланган қонун лойиҳасида.

Улар махсус гувоҳнома билан таъминланадилар. Отрядлар 10 кишидан иборат бўлиб, Давлат чегараси режими, чегара олди режими ва Ўзбекистон Республикаси орқали ўтказиш пунктларидаги режим қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш ва чегара қидируви тадбирларида иштирок этадилар. Отряд аъзолари Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишлар, ноқонуний равишда қурол – аслаҳа, ўқ – дорилар, гиёҳванд воситалари ёки психотроп моддалари контрабандаси ва бошқа турдаги чегарадан олиб ўтилиши тақиқланган буюмлар, воситалар ва маҳсулотларни ўтказилишига тайёргарлик кўрилаётган ҳолатлар ҳамда кузатув натижалари тўғрисида ўз вақтида Чегара қўшинлари бўлинма командирларини хабардор қиладилар ва табиий офатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда фуқароларни қутқариш, уларнинг мол – мулкларини сақлаб қолиш, фавқулодда вазият хавфи туғилганда аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш ва ушбу ҳолатларни чегара олди ҳудудларида бартараф этишда кўмаклашадилар.

Кўнгиллилар билан меҳнат шартномаси тузиш, меҳнат дафтарчасига қайд киритиш режалаштирилмаган, лекин уларга ойлик тўланади: -кўмаклашувчи отряд сардорларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваригача (1 млн сўмга яқин ёки $94), — отряд аъзоларига 1, 06 бараваригача (720 минг сўм яки $71) бўлган миқдорида ҳақ тўланади.

Юксак натижаларга эришган ва ўрнак кўрсатганлиги учун кўнгиллилар фахрий ва мақтов ёрлиқлари, қимматбаҳо совға ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланадилар, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан уларга юклатилган вазифаларни бажариш вақтида ҳалок бўлса ёҳуд оғир тан жароҳати олса, унга ва оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилади.

«Чегара посбонлари» отряди аъзолари армия хизматидан озод этилмайди, лекин чегара қўшинлари қўмондони тавсифига кўра, чегарада хизмат ўташга юборилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг умумий чегараси 6221 км ташкил этади. Қозоғистон билан 2 203 км, Қирғизистон билан — 1 099 км, Тожикистон билан — 1 161 км, Туркманистон билан— 1 621 км, Афғонистон билан — 137 км чегарага эга. Йилдан-йилга чегарани кесиб ўтаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Агар 2017 йили Ўзбекистон давлат чегарасини 19 миллион одам кесиб ўтган бўлса, 2019 йили ушбу кўрсатгич 42 миллионни ташкил этди.

Чегара масалалари охиригача ҳал бўлмаган айрим қисмларда баъзида муаммолар пайдо бўлиб туради. 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси олдида жойлашган Чашма булоғи туфайли икки давлат фуқаролари ўртасида жанжал келиб чиқди. Гапдан-гап чиқиб, одамлар бир-бирига тошлар отиб, уйларни ёқа бошлаганлар. Оқибатда ўнлаб одамлар тан жароҳати олганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди