Тошкент вилоятида ҳоким ўринбосари ўқитувчиларни камситгани учун $2 минг жаримага тортилди

Ўзбекистонда ободонлаштириш ишлари. Fvv.uz сайти фотосурати

Тошкент вилояти Бўка тумани ҳоким ўринбосари Анвар Хонтўраев педагогларни жамоат ишларига мажбурлагани учун 22,3 млн сўм($2,2 минг) миқдорида жаримага тортилган. Меҳнат инспекцияси ўтказган текширувлардан сўнг шундай қарорга келинди, деб хабар беради Халқ таълим вазирлигининг матбуот хизмати.

Мулозим апрель ойи охирида ҳам мактаб директорларини йиғиб, жойларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга буйруқ берган. Бундан ташқари у № 12 мактаб раҳбари М.Хакимовани омма олдида камситган, унинг мутахассислик фаолиятини танқид қилган. Ниҳоят Хонтўраев директорни Бўка тумани хокими номига ишдан кетиш бўйича ариза ёзишга мажбурлаган.

Бундан ташқари, Хонтўраев олтита мактаб директорига босим ўтказган ҳолда , уларни жамоат ишларига мажбур қилган. Меҳнат инспекцияси ходимлари мулозимнинг педагогларни ноқонуний ўтоққа жалб қилганини исботлаганлар.

Ҳоким ўринбосари Анвар Хонтўраевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 1-қисми билан 22,3 млн. сўм жарима жазоси қўлланилган.

У мазкур модда бўйича максимал жазо олган.

Бундан олдин Самарқанд вилоятидаги ўқитувчилар ҳам жамоат ишларига мажбур қилингани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Нарпай тумани ҳокимияти ўқитувчиларни мактаблардаги туалетларни тозалаш ва таъмирлаш ишларига сафарбар қилган.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ташкилот ходимларининг қурилиш-ремонт, қишлоқ хўжалиги ишлари ва бошқа жамоат ишларига мажбуран жалб қилинишига қарши қаттиқ курашмоқда, мажбурий меҳнатга нисбатан жарималар миқдори ўн бараварга оширилди. Лекин шунга қарамасдан айрим маҳаллий амалдорлар ҳукумат ва давлат раҳбари қарорларини четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу ҳақда Аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилади.