Чегарада қирғизистонлик аёлларнинг ўзбекистонлик эрлари олдига ўтишларига рухсат берилди

Ўзбекистонга ўтказилган қирғизистонлик аёллар . Turmush.kg сайти фотосурати

26 май куни элликка яқин қирғизистонлик аёллар Ўзбекистонда яшайдиган эрларини олдига бориши учун чегарадан ўтказиб юборилди. Бу ҳақда 27 май куни Kloop нашри хабар берди.

Ўзбекистонда истиқомат қиладиган эркакларга турмушга чиққан ва маҳаллий фуқароликни қўлга киритмаган қирғизистонлик аёллар Ўзбекистонда яшаш муддатин узайтириш учун ҳар икки ойда ўз юртига бориб қайтишлари лозим. Март ойида чегара коронавирус пандемияси туфайли ёпилди ва шу пайтда Қирғизистонда бўлган аёллар ортга қайтолмай қолганлар. Чегара хизматига кўра, бугунги кунда бу муаммо ҳал этилган. Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Нодир Омонов чегарадан ўтган аёллар Ўзбекистонда карантинга жойлаштирилишини айтади.

«Бечора келинлар» муаммоси 22 май куни матбуот бонг ургани туфайли оммага аён бўлди. Журналистлар элликта эмас, юзга яқин турмуш қурган аёлларнинг чегарадан Ўзбекистонга ўта олмаётганини ёзгандилар. Аёллар президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилганлар.

Айрим аёллар Қирғизистонга болалари билан, айримлари фарзандларини эрларига ташлаб келганлар. Аёллардан бири унинг ота-онаси Жалол-Ободда яшашини айтади. Аёл икки боласи билан бу ерга келади, қайтиш чоғида эса чегарада муаммо пайдо бўлади. Жалол-Ободга қайтиб кетиш учун аёлнинг пули қолмаган экан.

Бир аёл Ўзбекистон фуқароси бўлиб, қирғизистонлик йигитга турмушга чиққан. Аёлнинг эри Россияга ишлагани кетади, у эса эрининг ота-онаси билан чиқишолмай қолади. Аёл ортга, қариндошлариникига қайтмоқчи бўлади. Кейинчалик аниқланишича, аёл ўз юртига кетиши мумкин, лекин ўғлини (Қирғизистон фуқароси) ўзи билан олиб кетолмайди. У ҳам қирғизистонлик аёллар билан чегарада узоқ вақт қолиб кетган. Бу воқеадан аёлнинг эри билан муносабати янада баттар ёмонлашади. Эри телефон орқали хотинига талоқ беради, йигитнинг ота-онаси келинини уйга киритишмайди. Бечора аёлнинг вақтинча тургани ёки боласини ташлаб кетгани бирорта яқини одами йўқ. Ўзбекистонлик аёлнинг муаммоси ҳал бўлганми-йўқми бу ҳозирча номаълум.