«Ўзбекистон 24» телеканалини танқид қилган журналистлар ишдан бўшатилган

Жамолиддин Бабажанов ва Бобур Акмалов Repost.uz сайти видеоёзувидан кадр

Sport телеканали муҳаррири ва бош режиссёри радоэфирда «O'zbekiston 24» телеканалининг Сардоба сув тошқинига доир материалларини танқид қилгани учун ишдан бўшатилди. Бу ҳақда «Фарғона»га вазиятдан яхши хабардор манба айтиб берди.

Манба журналистлар бирор модда ёки ўз ихтиёрига биноан ишдан кетганлигига аниқлик киритмайди. Жамолиддин Бабажанов ва Бобур Акмалов Oriat Dono радиоси эфирида «Ўзбекистон 24» телеканалининг Сардобага доир кўрсатувларини танқид қилади. Sport телеканалининг режиссёри тўғон ўпирилишига доир сюжетни кўриб, сардобаликлар сув тошқинидан хурсанд бўляпти, деб ўйлаганини айтади. «Спорт» телеканалининг муҳаррири Акмалов эса у билан рози эканини айтиб, телеканалда кўрсатилган бахтли ўзбекистонликларни Шимолий Корея одамлари билан тенглаштиради.

Бунга жавобан МТРК раҳбари Алишер Хаджаев журналистларни корпоратив этикани бузганликда айблайди, шунингдек, «катта жамоанинг фаолиятига нисбатан мутлақо асоссиз ва ноўрин танқидий фикрларини ўзга бир оммавий ахборот воситасининг минбаридан туриб билдирган» икки журналистни ҳамкасблари қатори Сардобага бориб ишлаб кўришини маслаҳат беради.

Кейинчалик бахс-мунозарага сабаб барча материаллар дастлаб чоп этилган жойдан ўчириб ташланган: Oriat Dono радиоканалидан эшиттиришнинг тўлиқ ёзуви (эшиттиришнинг бир парча нусхаси YouTubeнинг резерв каналида сақланиб қолинган), Хаджаевнинг Facebook саҳифасида билдирилган танқидий шарҳлар ўчириб ташланган (нусхаси Facebookдаги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида сақланган).