МТРК раҳбари «O'zbekiston 24» каналини танқид қилган ходимларига нисбатан муносабат билдирди

Алишер Хаджаев (марказда) . Facebook.com/a.khadjaev фотосурати

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раҳбари Алишер Хаджаев Sport телеканалининг муҳаррири ва бош режиссёрини «O'zbekiston 24» телеканалининг Сирдарёдаги сув тошқинига доир ҳодисаларни объектив ёритмаганликда айбаганларини танқид қилди. Бу ҳақда «Газета.Uz» хабар беради.

Futbol+ дастурининг бошловчиси Жамолиддин Бабажанов ва Бобур Акмалов Oriat Dono радиоси эфирида «Ўзбекистон 24» каналининг Сардоба сув омбори тошқинини ёритишига нисбатан муносабат билдирганлар. « Мен „Ўзбекистан 24“ каналини кўриб, сардобаликлар сув тошқинидан хурсанд бўляптилар, деб ўйладим», — дейди Бабажанов. Акмалов у билан рози эканини билдириб, телеканал орқали кўрсатилган бахтиёр ўзбекистонликларни Шимолий Корея фуқароларига таққослаш мумкинлигини айтган.

МТРК раҳбари Алишер Хаджаев 21 май куни O'zbekiston 24 телеканалининг «параллел дунёда яшаётгани (яъни ердан узилиб қолгани)» борасидаги кинояга ўз муносабатини билдирди. «Ҳар ким у ёки бу масалада ўзининг шахсий фикрини билдиришга ҳақли. Лекин бир оиланинг аъзоси (масалан, ака-укалардан бири) қўшнисининг уйига кириб, ўзининг акаси ёки укасини ёмонласа, бу халқимиз томонидан ҳамиша ўзбекчиликка, маънавиятга зид ҳодиса сифатида баҳолаб келинган», — деб ёзади Хаджаев.

Хаджаев Акмалов ва Бабажановнинг миллий телеканал ходими эканини, биринчиси «Спорт» телеканалининг биринчи тоифали муҳаррири, иккинчиси бош режиссёр эканини эслатади. «Бироқ улар корпоратив этика тушунчасидан йироқ эканликларини, спортчилар орасида жуда қадрланадиган жамоавий бирлик қадриятини умуман тушунмасликларини кўрсатиб қўйишди», — дейди МТРК раҳбари.

«Бу икки ҳамкасбимиз ўзлари ишлаб турган катта жамоанинг фаолиятига нисбатан мутлақо асоссиз ва ноўрин танқидий фикрларини ўзга бир оммавий ахборот воситасининг минбаридан туриб билдиришлари (ва бу жараёнда оддий маданият қоидаларидан чиқиб кетганликларини ҳатто ўзлари сезмаганликлари) масаланинг бир томони бўлса, иккинчи томони – бу фуқаролар мамлакатимизда ҳозирги синовли даврда вазиятни яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар самарасига шубҳа ва истеҳзо билан қарашлари кишини, юмшоқ айтганда, таажжубга солади», — дейди Хаджаев.

Алишер Хаджаев бу икки ходимига «Ўзбекистон 24» телеканали, Халқаро пресс-клуб, ЎзА ва бошқа ОАВ ходимлари каби Сардобага бориб ишлаб кўришни таклиф этади. У CNN ёки BBC бу каби танқид учун ўз ходимларини дарҳол ишдан бўшатишини айтади ва «корпоратив этика»ни менсимайдиган ходимлар МТРКга керакмикан, деган саволни ўртага қўяди.

Бахс-мунозарали мазкур эшиттириш ҳозирда ўчириб ташланган: Oriat Dono радиоканалидан эшиттиришнинг тўлиқ ёзуви (эшиттиришнинг бир парча нусхаси YouTubeнинг резерв каналида сақланиб қолинган), Хаджаевнинг Facebook саҳифасидаги танқидий шарҳлар учириб ташланган (нусхаси Facebookдаги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида сақланган).

Хаджаев 2005 йил декабрдан 2017 йил февралга қадар Миллий телерадиокомпанияни бошқариб келган. Унинг ишдан кетишини айримлар Ўзбекисон президенти Шавкат Мирзиёевнинг телевидениедаги «ура»чилик даври ўтгани, телеканалларда таниқидий, таҳлилий материаллар бўлиши кераклигига доир айтган фикрларидан сўнг бу соҳада бошланган ислоҳотнинг куртаги, деб қабул қилдилар..

Бироқ, Хаджаевнинг ўрнига келган Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар вазирлигининг собиқ раҳбари Хуршид Мирзоҳидов бор-йўғи бу лавозимда беш ой ишлади, августда Бобур Алихонов ушбу креслода бир ойча ўтирди, холос. 2017 йили Хаджаев яна ўз жойига қайтади, бироқ уч йил «раис вазифасини ижро этувчиси» бўлиб ишлайди, 2020 йил март ойидан эса МТРК раиси лавозимига тасдиқланади.

  • Amnesty International эксперти ўзбекистонлик фаолларнинг аккаунтларини қандай қилиб бузиб кирилаётгани ҳақида сўзлаб берди

  • Ҳозирги Ўзбекистонда блогерлар нималарга қодирлиги ҳақида

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати