Андижонда IT ва дастурий маҳсулотлар технопарки очилди

Технопаркнинг ўйин зонаси . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Андижонда Digital City номли дастурий маҳсулотлар ҳамда ахборот технологиялари технопарки иш бошлади, дея хабар беради ЎзА ва Ўзбекистон президенти сайти.

Мажмуа 5,6 гектар майдонда жойлашган бўлиб, унинг таркибида коворкинг маркази, дата-центр, конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес инкубатор, медиа марказ, киберспорт хонаси ташкил этилган.

Андижон вилояти туманларида ахборот технологиялари бўйича бошланғич ўқув курслари бўлади. Улардан танлаб олинган ёшлар Digital Cityда интенсив равишда инглиз тилига ўқитилиб, IT хизматлар кўрсатишга тайёрланади. Технопаркдаги 76 нафар тингловчига мўлжалланган залда йил мобайнида 2 мингдан ортиқ кишини ўқитиш мумкин. Ҳозирча бу ерга туманлардан 328 мутахассис жалб этилган.

Ушбу мажмуа ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган.

Ўзбекистоне президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни мажмуа билан танишиб чиқди ҳамда мажмуада ётоқхона ва ошхона ташкил этиб, шароитларни янада яхшилаш, бундай технопаркларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам очиш бўйича кўрсатмалар берди. “Сизлар бошқалардан 10-15 йил олдин юришларингиз керак”, — дея оқ фотиҳа берди президент.

Ўзбекистонда IT-соҳасида 60 минг нафар мутахассис фаолият юритади. Президент яқинда бўлиб ўтган йиғилишда бу етарли эмас, дея билдириб, мактабларда дастурлаш фанини еттинчи синфдан бошлаб ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Келгуси ўқув йилида 47 минг нафар ўқувчилар “Миллион дастурчилар” лойиҳасида иштирок этадилар.

2019 йилда республикада ахборот технолонияларини ривожлантириш бўйича профилли вазирлик тузилди, барча вилоятларда ахборот технологияларини ҳамда стартап-лойиҳаларни ўзлаштиришга қаратилган IT-паркларни лойиҳалаш ишлари бошланди.

Стартап лойиҳаларни йўлга қўйиш ва уларни бозорга олиб чиқишга хизмат қилишга мўлжалланган, зарур бино, иншоот ва ускуналарни ўз ичига олган мажмуадан иборат IT-Парк Тошкентда 2019 йил июль ойида очилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ