Россиядаги мигрантлар ётоқхоналарида COVID-19 инфекциясининг авж олгани қайд этилган

Ленинград областининг мигрантлар ётоқхонасидаги ҳожатхона. 47news.ru сайти фотосурати

Ленинград области, Ломоносов райони, Горелово посёлкаси ва Бошқирдистоннинг Салават районидаги мигрантлар учун ажратилган ётоқхоналарда коронавирус инфекцияси авж олгани аниқланган. Ушбу ётоқхоналарда Ўзбекистон ва Тожикистондан келган 60 нафар меҳнат мигрантида коронавирус қайд этилган.

Горелове посёлкасининг Волхонск шоссеси, 4-уйда жойлашган ётоқхонадаги 60 нафар мигрантнинг ўн иккитасида коронавирус қайд этилган, деб хабар беради 47news нашри маҳаллий маъмурият маълумотига таянган ҳолда. Касалликка чалинганларнинг барчаси ёш йигитлар бўлгани учун касаллик симптомсиз кечмоқда.

Полиция маълумотига кўра, бино қуршовга олинган, касалланган одамлар изоляция қилинган. Мазкур ҳолат ОАВ эътиборига тушгандан кейин, ушбу мигрантларни ишлатаётган «Марс» компанияси ётоқхонада дезинфекция ва ремонт ишларини бошлаган. Лекин журналистлар ремонтга қадар бинонинг аҳволини суратга олишга улгурганлар.

Ленинград области Всеволожск райони, Новосергиевка посёлкасида ноқонуний фаолият юритаётган ётоқхонада коронавирусга чалинган 123 нафар мигрант ҳозирга келиб тузалиб кетган ва улар даъволанган дала госпитали ёпилган. Ленинград областида жами 2 133 та одам инфекцияга чалинган, 728 нафари тузалган, саккиз киши вафот этган.

Бошқирдистоннинг Салават районида эса Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари орасида инфекция авж олган. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, 49 та мигрантда COVID-19 борлиги аниқланган.

14 май куни «Башинформ» агентлиги иссиқхона хўжалигида ишлаётган 60 нафар ўзбекистонлик коронавирус сабаб карантинга олинганини хабар қилди. Уларнинг барчаси М-5 трассасида жойлашган ётоқхонада яшаган.

12 май куни COVID-19 борлиги гумон қилинган учта шахс Месягутовск касалхонасининг инфекция бўлимига келтирилган. Уларнинг иккитасида касаллик аниқланган, дейди бўлим бош врачи Валерий Трофимов. Касаллар боксга жойлаштирилиб, даъволаш ишлари бошланган.

Салават районидаги Малоязовск касалхонасининг бош врачи Айсылу Изместьева мазкур иссиқхонада ишлаган барча одамлар аниқланаётганини айтган.

Россияда сўнгги суткада 115 та одам коронавирусдан ўлган. Бу эпидемия бошлангандан бери энг юқори кўрсатгич ҳисобланади. Энг кўп ўлим (71) Москва шаҳрида қайд этилган. Россияда коронавирус эпидемияси бошлангандан бери 300 мингта одамда инфекция борлиги аниқланган.

Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар нинг сони 5 миллион кишига яқинлашган, 324 мингта одам ўлган. Касалликка чалинганлар борасида АҚШ (1,5 млн), Россия ва Бразилия (иккисида 271 мингдан ортиқ) етакчилик қилмоқда. Коронавирусдан ўлганлар сони бўйича АҚШ (91,8 минг) биринчи, Буюк Британия (35,4 минг) иккинчи, Италия (32,1 минг) учинчи ўринни эгаллаган.