Хитой шимолидаги 108 млн одам яшайдиган ҳудудда карантин жорий этилди

Хитойдаги карантин пости . Npr.org сайти фотосурати

Хитой шимолида коронавирусга чалинган одамларнинг қайд этилгани боис у ерда карантин эълон қилинди. Bloomberg хабарига кўра, 108 миллион одам яшайдиган ҳудуд назорат остига олинади.

Цзилин провинциясида бир неча ўн кишидан иборат инфекция ўчоғи аниқланган. Гарчи у кўлами жиҳатидан Хубей провинциясида авж олган эпидемияга нисбатан оз бўлсада, Хитой ҳукумати бу ҳудудга нисбатан кескин карантин чораларини кўрди – темир йўл қатнови тўхтатилди, мактаблар ёпилди. Шулан шаҳри маъмурияти коронавирус аниқланган кварталлар тўлиқ ёпилишини, у ердаги одамларга харид учун кунда бир неча марта уйдан ташқарига чиқишга рухсат берилишини маълум қилди.

NBC маълумотига кўра, шаҳарда минглаб уйлар изоляция қилинган, шунингдек ушбу минтақадаги қишлоқлар ҳам карантин назорати остига олинган.

Шулан шаҳри маъмуриятига кўра, коронавирус бу ерга Россиядан қайтган маҳаллий аҳоли томонидан олиб келинган.

South China Morning Post хабарига кўра, Цзилинда оммавий тадбирлар бекор қилинган, театр, кино ва бошқа объектлар ёпилган. Шаҳарни тарк этмоқчи бўлган одамлардан коронавирус йўқлигига доир маълумотнома талаб этилади.

Хитойда коронавирус эпидемияси ўтган йил охирида бошланганди. Шу сабаб ўн миллионлаб аҳоли яшайдиган ҳудудларда кескин карантин чоралари кўрилди. Кейинчалик касалланиш даражаси пасайгач, карантин қоидалари юмшатила бошланди. Мавжуд маълумотларга кўра, Хитойда жами коронавирусга чалинган 84 мингта одам қайд этилган, улардан 4,6 мингги ўлган.

Хитойда коронавирусга чалиниш ҳолатлари йўққа чиқа бошлагач, пандемия Европа, АҚШ ва Россияда кучая бошлади. Кейинги пайтлар ушбу давлатларда ҳам чекловлар юмшатилмоқда. Лекин ҳукумат касаллик авж олган пайти карантин чоралари яна кучайтирилишини таъкидлайди.