Тошкент пропискасига оид чекловларга барҳам берувчи қонун кучга кирди

Тошкент пропискаси штампи . Rferl.orgс айти. фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти пропискасига доир тизимга ўзгартириш киритувчи қонунни имзолади. Ҳужжат 14 май куни эълон қилинган ва шу кундан эътиборан кучга киради.

Қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, «доимий прописка» тушунчаси «доимий яшаш жойига регистрация қилиш» билан алмашилади. Тошкент шаҳри ва вилоятидан кўчмас мулк сотиб олмоқчи бўлган ўзбекистонликларнинг ушбу ҳудудда доимий регистрацияга эга бўлиши шарт эмас. Эндиликда яқин қариндошларни нафақат манзил бўйича, балки тасарруфдаги турар жойга ҳам регистрация қилиш мумкин бўлади. Бунда бир киши учун белгиланган ижтимоий меъёрга риоя қилиш лозим. Уй-жой кодексининг 42-моддасига биноан бу норма 16 квадрат метрга тенг, аравачадаги ногиронлар учун 23 кв.метрдан кам бўлмаслиги керак..

Доимий регистрация учун эр-хотиннинг камида бир йил бирга яшаши ва никоҳ бекор қилингандан кейин регистрациянинг ўз кучини йўқотишига доир талаблар ҳам ўч кучини йўқотди. Тарбияга олинган болалар (патронат) васий ёки ўгай ота-онанинг доимий яшаш жойидан регистрациядан ўтиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Пойтахтдаги иш фаолияти туфайли доимий регистрациядан ўтган фуқароларнинг ишдан бўшаган ёки бошқа ишга ўтган вақтларида уларнинг регистрацияси сақланиб қолади. Давлат органи ва бошқаруви, хўжалик бирлашмалари ва бошқа давлат ташкилотларида камида беш йил ишлаган ходимлар пойтахтга регистрация қилиниши мумкин. Бундай ҳуқуқ уларнинг оила аъзоларига ҳам берилади. Техник ходимлар, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш персоналлари бундан мустасно.

Аввали Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий регистрацияга эга бўлган фуқаролар бу ерга қайтишлари билан ҳеч қандай тўсиқсиз яна регитрациядан ўтадилар.

2020 йил январь ойида Шавкат Мирзиёев прописка тизимини 1 апрелгача ислоҳ қилишни талаб қилганди. Президент дунё тажрибасидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда янги қонунчилик асосларини жорий қилиш муҳимлигини таъкидлаганди. У прописка билан боғлиқ муаммо 30 йилдан бери энг катта адолатсизликлардан бири эканига ургу берганди. Мирзиёев апрель ойида пойтахтдан регистрация ўтишдаги қатор шартларни бекор қилувчи фармонни имзолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ