Россия бош вазири коронавирус юқтириб олди

Путин билан Мишустин ўртасидаги суҳбат . Kremlin.ru сайти фотосурати

Россия бош вазири Михаил Мишустин коронавирус инфенкциясини юқтириб олиб, ўзини яккалатиш тартибига ўтиб олди. Бу ҳақда унинг ўзи Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан видеоконференция давомида маълум қилди.

Мишустин ҳукумат одатдаги тартибда ишлашни давом эттиришини билдириб, вазирлар маҳкамаси аъзолари билан алоқада қолишга ваъда қилди. Унинг вазифаларини бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов бажарадиган бўлди. Президент имзолаган тегишли фармоннинг матни Кремль сайтида чоп этилган.

“Коммерсант” манбаларининг маълумотига кўра, Мишустиннинг тана ҳарорати юқорилигича қолмоқда. “Ҳозиргина мен коронавирусга топширган тестларим мусбат натижа бергани маълум бўлди”, — деди бош вазир Путинга. “Шу муносабат билан ҳамда Роспотребнадзор талабларига мувофиқ мен ўзимни яккалатиш тартибига ўтишим, шифокорларнинг тавсияларини бажаришим керак бўлади. Бу ҳамкасбларимга коронавирусни юқтириб қўймаслигим учун ҳам зарур”, — дея қўшиб қўйди Михаил Мишустин.

Бош вазир россияликларга мурожаат қилиб, коронавирус инфекциясига максимал даражада жиддий муносабатда бўлишга чақирди. “Олдинда май байрамлари, ҳаммаларингизни уйда қолишингизни ҳамда барча зарур чекловларга риоя қилишингизни сўрайман”, — деди бош вазир. У шунингдек, биргаликда амалга ошириладиган ҳаракатлар натижасида коронавирус устида зафар қозонишга ва одатий ҳаётга қайтишга эришиш мумкинлиги борасида ишонч билдирди.

Владимир Путин бош вазир Михаил Мишустин фуқароларни ва иқтисодиётни қўллаш бўйича амалга ошириладиган ишларда фаол иштирок этишига умид билдириб, бу соҳада унинг иштирокисиз бирорта ҳам қарор қабул қилинмаслигига ишонтирди. “Мен сизнинг иложи борича тезроқ соғайиб кетишингизни тилайман”, — деди Путин бош вазирга видеоалоқа орқали. Мурожаат “Россия-24” телеканалида намойиш этилди.

Путин касалликни ҳар қандай одам, айниқса у фаол бўлса юқтириб олиши мумкинлигин таъкидлаб ўтди. “Сиз ва ҳукумат аъзолари, президент администрациясидаги ҳамкасбларингиз сўзсиз ўта таҳликали ҳудудда фаолият юритмоқдасиз, негаки қарорларни ишлаб чиқариш ва қабул қилишда ўзингизни мулоқатда қанчалик чеклашга уринсангиз ҳам, барибир одамлар билан, ҳамкасблар билан бевосита мулоқот қилишга тўғри келади”, — деди Путин ҳамда Мишустиндан қачон у касалхонага етиб келса, телефон қилиб қўйишни сўради.

Мишустин инфекцияни юқтириб олгани тўғрисидаги хабарни Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин ҳам “Россия-24” телеканалида шарҳлаб ўтди. У Мишустинни мунтазам равишда COVID-19 вирусига тест қилиб келишганини, бироқ шунга қарамай, уни касалликдан сақлаб қолишдан ожиз қолганларини ва амалиёт ҳеч ким касал бўлиб қолиш эҳтимолидан ҳоли эмаслигини кўрсатиб қўйганини айтди.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам 27 март куни коронавирус инфекциясини юқтириб олгани ҳақида маълум қилганди. Унинг тана ҳарорати пасаймагани боис 4 апрель куни касалхога ётқизилди ва касалликдан даволаниш курсларини ўтаб, соғайиб кетди.

Россияда 30 апрель куни кечга бориб 106 мингдан зиёд коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари қайд этилган, 11 619 бемор соғайиб кетган ва 1073 киши ўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ