Хитой Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами доирасида 20 тонна медикаментлар юборди

Хитойдан келтирилган медикаментлар. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Хитой мудофаа компаниялари Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами доирасида 20 тонна тиббий буюмлар юборди. Улар бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя кўзойнаклари, юз учун фильтрловчи ниқоблар ва тана ҳароратини ўлчовчи тепловизорлардан иборат бўлди, деб хабар беради Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати. Мазкур инсонпарварлик ёрдами Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво лайнерида Ўзбекистонга олиб келинди.

Медикаментлар аввало карантин зоналарида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ва шифокорлар орасида тарқатилади.

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси Хитой компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида фаол ишлар олиб бормоқда. Масалан, дипломатлар саъй-ҳаракати билан Тошкентга тўрт тонна зарур тиббий жиҳозлар олиб келинди.

Шунингдек, Ўзбекистон хитойлик миллиардер, Alibaba Group асосчиси Жек Ма жамғармасидан коронавирус пандемиясига қарши курашда керак бўладиган зарур юкларни қабул қилиб олди. Жамғарма инсонпарварлик ёрдами доирасида икки миллионга яқин тиббий ниқоб, COVID-19 ни аниқлайдиган 165 мингта тест-тизими, ҳимоя кийимлари ва тиббий ускуналарни тақдим этди. Жек Ма жамғармаси Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон ва Қирғизистонга ҳам шундай кўмак берди.

Бундан аввал Бирлашган Араб Амирлигининг Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани ҳақида хабар берилганди. Амирлик — ниқоблар, тиббий қўлқоплар, комбинезонлар ва индивидуал ҳимоя воситаларидан иборат саккиз тонналик юк юборди. Бундан ташқари, коронавирусга қарши курашда Россия ва АҚШ ҳам Ўзбекистонга ёрдам қўлини чўзди.

Ўзбекистон ўз навбатида карантинга қадар бошқа давлатларга инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиб келганди. Февраль ва март ойи бошида Мудофаа вазирлигига қарашли самолётлар Хитойга икки марта медикаментлар етказиб берганди. Кейинчалик Эронга ҳам инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ