Ислом Каримовни судга бермоқчи бўлган ўзбек зобити оқланган

Чўян Маматқулов. Ozodlik.org сайти фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг апелляция ҳайъати ўзбек армиясининг собиқ зобити, ҳуқуқ ҳимоячиси Чўян Маматқуловни оқлади. Бу ҳақда «Эзгулик» ташкилотининг маълумотига таяниб «Озодлик» радиоси хабар беради.

Суд Маматқуловга нисбатан аввали қўйилган конституциявий тузумга тажовуз қилиш, одам ўғирлаш, фирибгарлик, ҳужжатларни сохталаштириш, ёлғон гувоҳлик бериш каби айбларни бекор қилди.

Маматқулов иши 2018 йили Олий суд томонидан собиқ зобитга нисбатан 2013 йили чиқарилган ҳукм ноқонуний экани юзасидан апелляция судига ишни қайта кўришга юборилган эди.

Олий суд қарорида Маматқуловга нисбатан олиб борилган тергов ва суд ишларида процессуал хатоларга йўл қўйилганлиги, айбланувчининг конституциявий тузумга тажовуз қилгани, одамлар ўғирлаб, фирибгарлик билан шуғуллангани борасида далил-исботлар йўқлиги таъкидланади.

Чўян Маматқулов 1970 йилда туғилган. У Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлимининг аъзоси бўлган. Маматқулов 2005 йили Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга қарши судга даъво аризасини топширади. У президентни Қуролли кучлар низомини тасдиқлаш орқали ҳарбийларнинг ҳуқуқларини бузганликда айблаган. Суд органлари турли баҳоналар билан ҳуқуқ ҳимоячисининг аризасини қабул қилмайди.

2012 йили Маматқулов Жиноят кодексининг еттита моддаси билан айбланиб ҳибсга олинади. Маматқулов ўзини сохта айблар қурбонига айланганини айтади. 2013 йили ҳуқуқ ҳимоячиси ўн йилга озодликдан маҳрум этилади. Кейинчалик унинг колонияда қийноқларга солингани тўғрисида хабарлар тарқалган. 2018 йили озодликка чиққан Маматқулов ўзига қўйилган барча айбловларни суд орқали бекор қилишини айтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ