Хусусий бандлик агентлиги одамларни чорак миллион долларга алдаган

International Job Organization офиси. "Яндекс.Карты" сайти фотосурати

Тошкентда жойлашган International Job Organization хусусий бандлик агентлиги (ХБА) 60 нафар одамни Европада ишга жойлаштириш билан алдаганликда гумонланади. Агентлик ходимлари фуқаролардан умумий ҳисобда 2,6 млрд сўм ($275 минг) йиғиб олган, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси маълумотига таянган ҳолда Kun.uz нашри.

Маҳкама хабарига кўра, “Internationa job organization xususiy bandlik agentligi” МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқалар 2019 йил давомида фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, Дания ва Швейцария давлатларига ишга юбориш важи билан уларнинг ҳар биридан 45 млн. сўмдан ($5 мингга яқин) жамиятнинг банк ҳисоб рақамига ўтказдириб, уларни ишга юбормасдан, фуқароларнинг манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Бундан ташқари, жамиятга алоқадор шахслар 2019 йилнинг июль ойида Корея Республикасига ишга юбориш важи билан 4 нафар фуқаронинг 16 500 АҚШ доллари ҳамда 125 млн. сўм. ($13,1 минг) пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлар. Пуллар агентлик раҳбарининг шахсий эҳтиёжларига сарфланган.

Internationa job organization xususiy bandlik agentligi раҳбари Шерзод Абдураҳмонов (прокуратура маълумотида исм-шарифнинг бош ҳарфлари келтирилган, аввали матбуотда тўлиқ исм берилганди.- «Фарғона» изоҳи) ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноят иши қўзғатилган.

2019 йил октябрда International Job Organization агентлиги ишчи мигрантларни ўқитиш билан боғлиқ жанжал туфайли матбуот эътиборига тушганди. Агентлик тўрт ойлик корейс тили курслари учун мамлакатда мавжуд нархга нисбатан тўрт баробар кўп миқдорда мижозлардан пул талаб қилган ( ҳар бир одамдан 1,6 млн сўм ёки $170 ундирилган). Курс тамомлаганлардан бирортаси хорижга ишга боролмаган. Абдураҳмонов бу вазиятни кўпчилик имтиҳон топширолмагани, кейинги икки йил ичида яна курсга ариза бериш мумкинлиги билан изоҳлаган.

Маълумки, 2018 йил сентябрдан юридик шахслар фуқароларни чет элларга ишга юбориш ҳуқуқини қўлга киритганди. Лицензия Меҳнат вазирлиги томонидан берилган. Ҳозирда мамлакатда олтмишга яқин хусусий бандлик агентлиги фаолият юритади.

Ўтган йили бир нечта агентлик фирибгарликда айбланганди. Жиноий иш Korean and migration ва Human агентликларига нисбатан қўзғатилганди. Шу йилнинг январь ойида Human агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаев жабрланган фуқароларга 21 млрд сўм ($2,2 млн) компенсация тўлаш йўли билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Алданган юзлаб фуқаролар Тошкентда намойиш ўтказганидан сўнг ҳукумат келтирилган зарар Аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан қопланишини ваъда қилди.

Мажбурий ижро бюросининг маълумотларига кўра, 22 февралга келиб агентликдан жабр кўрган кўпчилик одамларга пуллар қайтарилган.

Human агентлиги билан боғлиқ жанжалдан сўнг Бош вазир Абдулла Арипов ҳукумат хусусий бандлик агентликларини ёпиш ниятида эканини маълум қилди. Унинг фикрига кўра, фуқароларни чет элга ишга юбориш билан фақат Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги шуғулланиши лозим.