Самарқанд – Тошкент – Санкт-Петербург йўналишидаги автобуснинг чипта нархи $100 кам бўлади

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

2020 йил 25 февралдан Самарқанд – Тошкент – Санкт-Петербург йўналиши бўйича мунтазам автобуслар қатнай бошлайди. Чипта нархи Самарқанддан 840 минг сўм ($88), Тошкентдан – 800 минг сўм ($84) бўлади, деб хабар беради республика Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Автобус қатновлари Uzautotrans Service ва Россиянинг «ТТК Глобус» компаниялари ҳамкорлигида йўлга қўйилган. Биринчи рейс 25 февраль куни соат 9:00 да Самарқанд автовокзалидан йўлга тушади. Автобус соат 15:00 да Тошкентни тарк этади. Йўлнинг умумий масофаси 4436 километрни ташкил этади. Келгусида автобуслар кунаро қатнай бошлайди.

Бундан ташқари, 15 февралдан Тошкент – Омск маршрути бўйича автобус қатнови йўлга қўйилди. Автобуснинг чипта нархи 450 минг сўмдан ( $50га яқин) иборат.

2000 йили Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари Халқаро автобус алоқаларини ўрнатиш бўйича келишиб олганди, бироқ мунтазам қатновлар фақат 2018 йили амалга оширилди. Биринчи бўлиб Тошкент-Нижний Новгород йўналиши ишга туширилди. Ўша йилнинг кузида Ўзбекистонни Қозон шаҳри билан боғлайдиган маршрут ҳам очилди.

Ўтган йил декабрь сўнггида Тошкент-Москва йўналиши бўйича автобуслар қатнай бошлади. Бироқ, биринчи рейсга талабгорлар кам бўлгани боис, у бекор қилинди. Йўловчиларни жалб қилиш мақсадида автобуснинг чипта нархи 900 мингдан ($94) 700 минг сўмгача ($74) туширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ