Гулнора Каримованинг Буюк Британиядаги кўчмас мулклари ошкор этилди

Гулнора Каримова. Politeka.net сайтти фотосурати

Гулнора Каримованинг Буюк Британиядаги кўчмас мулклари рўйхатига Суррей графлигидаги сарой, Лондоннинг нуфузли туманидаги қиймати 40 млн фунт стерлинг ($52 млн) бўлган иккита хонадон киради, деб хабар беради Daily Mail нашри The Timesга таянган ҳолда. Бирлашган Қироллик айнан шу мулкларни ўз фойдасига олиб қолишга уринмоқда.

Daily Mail хабарига кўра, Британиянинг фирибгарликка қарши кураш бюроси (Serious Fraud Office, SFO) Каримовага қарашли объектларни Gazette нашрига ошкор қилган. Суррейда Гулнора Каримова Gorse Hill Manor уйига эгалик қилган ва уни 2010 йили 18 млн фунтга ($23,5 млн) сотиб олган. Бугунги кунда ушбу объектнинг нархи 30 млн фунт ($39 млн) баҳоланади. Сарой 1912 йили қурилган ва унинг ҳудудида сайил қайиқлари тураржойи бор, шунингдек, 70 минг квадрат метр ҳиёбонга эга. «Ўзбек маликаси» саройи бойлар яшайдиган ҳудудда жойлашган бўлиб, Бруней султонининг қасри унга қўшни ҳисобланади.

Лондоннинг Мейфэр мавзесида Ўзбекистон биринчи президенти қизининг 8 млн фунт ($10,4 млн) ва Белгравия мавзесида 2 млн фунт ($2,6 млн) қийматида иккита уйи бўлган.

2018 йилнинг октябрида SFO Гулнора Каримованинг коррупция йўли билан қўлга киритган активларини ва учта объектини тортиб олиш бўйича даъво аризасини киритади. Айнан қайси объектлар эканига ойдинлик киритилмаган. 2017 йили Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримовага нисбатан хориж мамлакатларида активларни қўлга киритганлик бўйича иккинчи жиноят ишини қўзғайди. Унда Каримова Буюк Британияда 4,2 млн фунт ($5,5 млн) миқдорида пулга, шунингдек, қиймати 22,9 млн фунт ($30 млн) бўлган хонадон ва уйга эга экани айтилган. ОАВ Каримованинг Британиядаги активлари қаторида Лондоннинг Chesham Street 25 манзилидаги тўрт қаватли уйни ҳам эслаб ўтади .

Гулнора Каримова Gorse Hill саройи қошида. Thetimes.co.uk сайти коллажи

Ўтган йили Франция ҳукумати Гулнора Каримовага қарашли кўчмас мулкларнинг сотувидан тушган пулларни Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилди. Гап Париждаги хонадон, Сен-Тропедаги вилла ва пойтахт яқинидаги қаср ҳақида кетмоқда. Париждаги хонадон 14 млн еврога сотилгани маълум ва бу харид нархидан икки баробар пастдир. Каримова мулкларидан тушган пуллардан 2 млн евро тергов ишларини қоплашга йўналтирилади. Маблағлар қайтарилиши тўғрисида маълумотлар берилмаган.

Швейцария прокуратураси Каримованинг банкларда музлатилган маблағларини қайтаришга тайёр. Лекин активлар маълум шарт билан Ўзбекистонга қайтарилади: Тошкент пулларнинг қайтарилиши шаффофлигини, маблағлар аҳолига фойда келтириши ва мамлакат тараққиётига сарфланишини кафолатлаши керак. Бундан бир неча йил олдин Гулнора Каримовага нисбатан ўғирлик ва солиқдан бўйин товлаш билан боғлиқ иккита жиноий иш қўзғатилганди. Унинг давлат ва халққа келтирган умумий зарари

1 трлн 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари ва 26,1 млн евро миқдорида баҳоланган.

2015 йили Каримовага беш йиллик озодлик чекланиши жазоси белгиланган, 2017 йили у 10 йил қамоқ жазосини олади. 2018 йили иккинчи жиноий иш бўйича жазо чораси беш йиллик эркинликни чеклаш қарорига алмаштирилади. 2019 йил бошида Гулнора Каримова Зангиотадаги аёллар қамоқхонасига юборилади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Ислом Каримовнинг тўнғич қизига нисбатан рейдерлик билан шуғулланган жиноий гуруҳ тузишга доир янги жиноий иш қўзғатилганди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, бу иш доирасида келтирилган зарар $165 млн ва 85 млрд сўм (деярли $9 млн) миқдорида бўлган.