Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги нотинчлик давом этяпти

Жанжалли ҳудуд . Akipress.org сайти фотосурати

Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчиси Суҳроб Олимзода мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва унга чегарадаги нотинчликлар юзасидан норозилик нотаси берилди, деб хабар беради 10 январь куни 24.Kg нашри.

Жанжал 9 январь куни бошланган. Қирғизистоннинг Кўк-Тош қишлоғи аҳолиси сўзларига кўра, таҳминан соат 03:30 да номаълум кимсалар қирғизистонлик Султонбек Абдуллаевнинг уйини ёқиб юборишга уринганлар. Кейин улар Тожикистон томонига ўтиб кетадилар. Боткент вилояти Ички ишлар бошқармаси Абдуллаев уйидаги саройнинг ёниб кетганини тасдиқлади. Саройга ўт қўйилганми-йўқми, сабаблари текширилмоқда.

Қирғиз томони версиясига кўра, 10 январга ўтар кечаси Тожикистон фуқаролари Боткентдан Кўк-Тошга йўл олган машинани тошбўрон қилишган, кейинчалик улар Даҳма қишлоғидаги қирғизистонлик уйини мўлжалга олганлар. Воқеа жойига етиб келган чегара ва милиция ходимлари ов милтиғидан ўққа тутилган.

Тожикистон чегара хизмати ходимлари жанжални қирғизистонликлар бошлаганини таъкидлайдилар. Тожик томонининг айтишича, 9 январь куни Кўк-Тош қишлоғининг бир гуруҳ одамлари ов милтиқлари билан қуролланиб, Абдуллаев уйи олдида йиғиладилар. Улар Исфара туманининг Сомониён қишлоғига йўл олган одамларга йўл бермайдилар. Соат 21:30 да Хўжаи Аъло қишлоғида яшовчи Зафар Азамовнинг машинаси тошбўрон қилинади. Бунга жавобан Азамовнинг қишлоқдошлари қирғизистонлик машинасига тош отадилар. Воқеа жойига тожик ва қирғиз милиционерлари етиб келадилар ва жанжални бироз бостиришга эришадилар.

Тожик томонининг таъкидлашича, 10 январь куни тунги соат 2 да Кўк-Тош қишлоғи аҳолиси ҳавога ўқ узади, лекин икки томон чегара ва милиция ходимлари вазиятни назорат қилишга эриша оладилар. Эрталабки соат 4 да эса қирғизистонликлар Исфара шаҳри милицияси ходими Фарҳод Икромзода машинасини тошбўрон қиладилар. Милиционернинг омади келиб шикастланмайди.

Жанжални бартараф қилиш мақсадида Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Мухриддинов билан телефон орқали суҳбатлашган. Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Боткент вилоятидаги мухтор вакили Акром Мадумаров Сўғд вилояти губернатори Ражаббой Аҳмадзода билан учрашган.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара 976 километр масофани ташкил этиб, ундан 504 километри делимитиризация ва демаркация қилинган. Чегаранинг ҳал этилмаган ҳудудлари юқорида тилга олинган жанжалларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Кейинги пайтдаги энг йирик жанжал 2019 йил сентябрь ойида бўлиб ўтди. Унда уч нафар тожик ва битта қирғиз ҳарбийси ҳалок бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ