«Яндекс. Карта» Ўзбекистон шаҳарлари тасвирларини кўрсата бошлади

"Яндекс.Карта"да Регистон майдони панорамаси

«Яндекс.Карта»да Ўзбекистондаги бешта шаҳар кўчаларининг панорамали суратлари пайдо бўлди. Бу ҳақда компаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини хабар беради.

Тасвирлар 13 декабрь куни компаниянинг геоахборот сервисида кўрина бошлади. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Нукус шаҳарларининг катта қисми панорамадан жой эгаллаган. Бундан ташқари, унда Устюрт яссилиги, Орол денгизи ўрнида пайдо бўлган чўл ва Амударё соҳилидаги қадим шаҳарларини кузатиш мумкин.

Кўча ва диққатга сазовор жойлар машина шифтига ўрнатилган махсус суратга олиш мосламаси ёрдамида тасвирга олинган. Ўзбекистондаги шаҳарлар октябрдан ноябргача тасвирга туширилган, чунки бу мавсумда ҳаво ҳарорати ўртача, ёруғлик ҳам мўътадил бўлади. Жами 295 мингта сурат олиниб, улардан 73 мингта панорамали тасвирлар яратилди.

Ўзбекистонда панорамани тасвирга олаётган автомобиль. "Яндекс.Карта" хабаридаги фотосурат

Тасвирга олинган жойларнинг умумий узунлиги икки минг километрдан ортади. Айрим жойларни, масалан бинолар ичи ва ўтиш йўлакларини операторлар пиёда юрган ҳолда тасвирга туширганлар. Жумладан, Нукусдаги Савицкий номидаги Давлат санъат музейи ва «Тошкент-Сити» даги янги ҳиёбон шу усулда тасвирга туширилган.

Яндекс компанияси тасвирга олиш ишлари республика Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида амалга оширилганини маълум қилади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «Яндекст. Карта» Ўзбекистон шаҳарлари панорамасини ўз ресурсига киритган биринчи геоахборот сервиси бўлганини эътироф этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ