Фёдор Гаглоев мураббийлик фаолиятини Россияда бош мураббий мақомида бошлаган, Роман Павлюченкога катта футболга йўл очган ҳамда бир қатор таниқли клубларда фаолият юритган. Бугун эса у Самарқанднинг «Динамо» клубида Вадим Абрамовнинг ёрдамчиси сифатида ишламоқда. Бундай тажрибага эга мутахассис учун кутилмаган бурилишми? Эҳтимол. Аммо Гаглоевни Ўзбекистон билан 35 йиллик тарих боғлаб туради.
1991 йилда у Фарғонанинг «Нефтяник» (ҳозирги «Нефтчи») жамоасида Юрий Саркисян қўл остида тўп сурган, ўша пайтда Абрамов унинг ёрдамчиси эди. Энди эса собиқ ҳамкасблар яна бирга — бу сафар Самарқандда ишламоқда.
Гаглоевнинг ўзи 1999 йилда, 32 ёшида Ставропол «Динамо»сини бошқариб, Россия профессионал футболидаги энг ёш бош мураббийлардан бирига айланган. Кейинчалик у Нижний Новгороднинг «Локомотив», Пятигорскнинг «Машук-КМВ», Владикавказнинг «Алания» клубларига раҳбарлик қилган. Футболчилик фаолиятида эса Анатолий Бишовец, Олег Романцев ва Валерий Газзаев қўл остида тўп сурган ҳамда СССР ўсмирлар терма жамоаси сафида 1984 йилги Европа чемпионати финалигача етиб борган.
«Фарғона»га берган интервьюсида Гаглоев нима учун Ўзбекистонга қайтганини тушунтирди, Павлюченконинг истеъдодини қандай пайқаганини сўзлаб берди, Россия ва Ўзбекистон футболини таққослади, маҳаллий футболчиларнинг Россия Премьер-лигасидаги истиқболлари ҳақида фикр билдирди ва Фабио Каннаваронинг ишига баҳо берди.
«Айнан Абрамов туфайли Ўзбекистонга қайтдим»
— Сиз Самарқанднинг «Динамо» клубида Вадим Абрамовнинг ёрдамчиси бўлдингиз. У сизни қайси вазифаларни ҳал этиш учун таклиф қилди?
— Аввало, таклиф учун Вадим Абрамовга катта миннатдорлик билдирмоқчиман. Мен уни нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки умуман катта мураббий, юқори даражадаги мутахассис деб биламан. Шу сабабли унинг штабига кириш имкониятини катта иштиёқ билан қабул қилдим. Қайси масалаларда ёрдам беришим мумкинлигини, ишнинг қайси қисми менинг зиммамга тушишини олдиндан келишиб олдик ва тўлиқ ўзаро тушунишга эришдик.
— Аниқроқ айтадиган бўлсак: тактика, жисмоний тайёргарлик, машғулот жараёнини ташкил этишми?
— Биз, биринчи навбатда, ўқув-машғулот жараёнини муҳокама қилдик. Таъкидлашни истардимки, Самарқанднинг «Динамо» клубида мен кўрган иш савияси ниҳоятда юқори. Бу Вадим Абрамов тарғиб қилаётган футболга ҳам тегишли. Биз машғулотларни биргаликда муҳокама қилдик ва режалаштирдик, тайёргарлик даврини, Тошкентда ҳамда Қирғизистонда, Иссиқкўлда йиғинларни ўтказдик. Ҳаммаси Абрамов бошчилигида ўтди ва фикримча, тайёргарлик даври жуда сифатли чиқди.
— Абрамов билан Фарғонанинг «Нефтчи» клубидаги фаолиятингиз давридан бери танишмисиз?
— Ҳа, биз жуда эски танишмиз. 1991 йилда мен СССР Биринчи лигасида «Нефтчи» сафида тўп сурганман, Абрамов эса Юрий Саркисяннинг ёрдамчиси эди. Ўшандан бери ўртамизда жуда яхши муносабатлар шаклланган, алоқани ҳеч қачон узмаганмиз, вақти-вақти билан телефонлашиб, мулоқот қилиб турардик. Мен унинг фаолиятини, клублар, Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларидаги ишини кузатиб бордим.
Абрамов нафақат катта мураббий, балки ажойиб инсоний фазилатларга эга шахс ҳамдир. Шу боис алоҳида таъкидламоқчиман: айнан у туфайли Ўзбекистонга қайтдим. Унинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида жуда тез мослашдим, мураббийлар штабига қўшилиб кетдим. Бу ерда менда ҳеч қандай муаммо туғилмади.
«Фарғонада икки ой ичида „Жигули“га пул ишлаб топиш мумкин эди»
— Келинг, 1991 йилга қайтайлик. Фарғонага қандай келиб қолгансиз ва бу шаҳар сиз учун нимани англатади?
— Умуман олганда, Ўзбекистонни иккинчи уйим деб ҳисоблайман. 1991 йил бошида Юрий Саркисяндан таклиф олдим. «Нефтчи» ўшанда иттифоқ Биринчи лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди ва мен Фарғонада бутун бошли бир мавсумни ўтказдим. Асосан марказий ёки таянч ярим ҳимоячиси сифатида ўйнаганман, қанотда ҳам ҳаракат қила олардим, аммо «Нефтчи»да, менимча, кўпроқ ҳужумга яқинроқ, амалда «ўнлик» позициясида тўп сурганман.
Ўша даврдан менда энг гўзал таассуротлар қолган: Фарғонанинг ўзи ҳақида ҳам, жамоа ва одамлар ҳақида ҳам. Бунда гап фақат футболда эмас. Шаҳарда мутлақо ўзгача муҳит ҳукм сурарди, ҳамма футбол билан яшар, «Нефтчи»га мухлислик қилар, ғалабаларимиздан қувонарди. Шунинг учун Фарғона мен учун алоҳида ўрин тутади.
— «Нефтчи» ўшанда СССР Биринчи лигасида еттинчи ўринни эгаллаган. Энг кўп ёдда қолгани нима бўлди: натижами, муҳитми ёки жамоа ҳаётидаги бирор воқеами?
— Энг аввало, ички муҳит. Футболчилар, мураббийлар штаби ва бош мураббий ўртасидаги муносабатлар. Жамоада амалда оилавий муҳит, ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик бор эди. Мен учун бутун ўша мавсум бир нафасда ўтган катта бир воқеа бўлди. Ҳамма нарса аъло даражада ташкил этилган, бутун жамоа натижа учун меҳнат қиларди.
Ўшанда чемпионат қандай бўлганини тушуниш керак. Иттифоқ Биринчи лигаси — жуда жиддий клублар, кучли рақиблар дегани эди. Ва биз, менимча, жуда муносиб иштирок этдик, айниқса, бу «Нефтчи»нинг бундай савиядаги биринчи мавсуми бўлганини ҳисобга олсак. Алоҳида бир воқеани ажратиб кўрсатиш ҳам мушкул, чунки бутун ўша йил хотирада ёрқин бир саҳифа бўлиб қолган.
— Ўша жамоадан кимлар билан алоқани сақлаб қолгансиз? Ва қайтишингиздан кейин Юрий Саркисян билан кўришиш насиб этдими?
— Вадим Абрамовдан ташқари, Рустам Дўрмонов, Александр Тихонов, Андрей Микляев билан алоқада бўлиб турибман. Ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтди, аммо биз ҳамон мулоқот қиламиз. Мен Россияда фаолиятимни давом эттирган бўлсам, йигитлар Ўзбекистонда ўйнашди, лекин бир-биримизнинг ҳаётимизда нималар бўлаётганини доимо билиб турардик. Шу боис Ўзбекистон билан алоқани деярли ҳеч қачон узмаганман.
Аммо Юрий Саркисян билан, афсуски, ҳозирча кўришолмадим. Бундан ҳатто бироз хижолатдаман. У билан учрашишни, суҳбатлашишни, ўша даврларни ёдга олишни жуда хоҳлайман. Агар унда вақт топилса, албатта буни амалга оширишга ҳаракат қиламан. У билан бирга ишлаш ва Фарғонадаги ҳаёт ҳақида менда энг яхши хотиралар қолган.
— Сиз Бишовец, Романцев, Газзаевлар билан ишлагансиз. Бўлажак мураббий сифатида Саркисяндан нималарни ўзлаштирдингиз?
— Саркисянни шунчаки стандарт яхши мураббий деб бўлмайди. У катта мутахассис. Унинг ишида мен кейинчалик, ўзим мураббийлик фаолияти билан шуғуллана бошлаганимда эътибор қаратган кўплаб жиҳатлар бор эди. Умуман олганда, мен ўзим дуч келган барча кучли устозлардан сабоқ олдим. Саркисян, Романцев, Газзаев, Александр Аверьянов ва бошқалардан. Уларнинг услублари, ёндашувлари, футболчилар билан муносабатларини таҳлил қилардим. Аммо шу билан бирга, ҳар бир мураббий ўз йўлини, футболга ўз қарашини топиши керак, деб ҳисоблайман.
— Келинг, совет футболчисининг турмуш тарзи ҳақида озгина тўхталсак. «Нефтчи»да қанча маош олардингиз ва бу пул нималарга етарди?
— Ўша давр меъёрларига кўра, менинг ойлигим минг рубль эди ва мукофот пули — ғалаба учун яна минг рубль. Яъни, агар ойига битта ўйинда ғалаба қозонилса, икки минг рубль бўларди. Лекин биз анча тез-тез ғалаба қозонардик, шунинг учун умумий сумма сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин эди.
Эсимда, «Жигули» ўша пайтда тўққиз минг рублдан сал кўпроқ турарди. Демак, омадли бир ойда тахминан машинанинг ярмига, бир-икки ойда эса бутун бошли машинага пул ишлаб олиш мумкин эди. Албатта, кўп вақт ўтди, баъзи рақамларни аниқ эслай олмаслигим мумкин, аммо молиявий шароит жуда яхши эди.
— Сизнинг ўзингизга «Нефтчи»га ўтиш чоғида машина берилганмиди?
— Менга автомобиль сотиб олиш имконияти таклиф қилинган. Ўша пайтда бу одатий ҳол бўлиб, футболчиларнинг бир клубдан иккинчисига ўтишида бундай бонуслар мавжуд эди. Ўша вақтда «Жигули»нинг янги моделлари — «саккизинчи», «тўққизинчи»лари чиққанди. Менга осмонранг машина ёқиб қолди ва уни сотиб олдим. Аммо ўзим деярли ҳайдамаганман. Ҳайдовчилик гувоҳномам бор эди, лекин машғулотларга ва ўйинларга тайёргарликка максимал даражада эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблардим.
Бундан ташқари, Фарғонага оилам билан келгандим, шароитлар аъло даражада эди. База ёнидан квартира беришган, доимо қаергадир қатнаш зарурати йўқ эди. Шу сабабли автомобиль маълум вақт Фарғонада турди, сўнгра уни Россияга олиб кетдим. Ундан акам фойдаланди.
— Агар ҳаммаси бунчалик муваффақиятли кечган бўлса, нима сабабдан бир мавсумдан сўнг «Нефтчи»ни тарк этдингиз?
— Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россиядан бир нечта таклиф тушди. Мен россияликман ва ўшанда уйга қайтишга, фаолиятимни ватанимда давом эттиришга қарор қилдим. Аммо, яна бир бор такрорлайман, ўшандан бери Ўзбекистон билан алоқани деярли ҳеч қачон узмаганман.
«Павлюченкони қидириб топиб, унга профессионал футболда имконият бердим»
— Сиз иқтидорли ёш футболчиларни топа билиш маҳоратингиз билан танилгансиз. 1999 йилда, 32 ёшингизда Ставропол «Динамо»сини бошқарган чоғингизда айнан сиз 17 ёшли Роман Павлюченкони асосий жамоага жалб қилгансиз. Россия терма жамоасининг бўлажак ҳужумчисини қандай пайқадингиз?
— Мен ҳақиқатан ҳам Роман Павлюченконинг биринчи профессионал мураббийи бўлганман. Уни топиш, жамоага таклиф қилиш ва ўзини кўрсатиш имкониятини бериш менинг ташаббусим эди. Бунинг устига, унга илк бор ўзим ҳали Ставропол «Динамо»сида футболчи бўлиб юрган кезларимдаёқ эътибор қаратгандим.
Биз Ставропол марказий стадионида олимпия захиралари билим юртининг катта тарбияланувчиларига қарши ўртоқлик ўйини ўтказгандик. Йигитлар орасида бўйи баланд, жисмонан бақувват бир болага кўзим тушди. Албатта, у пайтда у ҳали анча пишмаган, профессионал жамоанинг асосий таркибида дарҳол ўйнашга тайёр бўлмаган футболчи эди. Лекин маълум сифатлари кўзга ташланиб турарди.
Тахминан бир йил ўтиб, «Динамо»га бош мураббий бўлганимда, клуб ходимларидан билим юртида асосий жамоа билан машғулотларга таклиф қилиш мумкин бўлган истиқболли йигитлар бор-йўқлигини сўрадим. Ўша новча йигитни эсладим, менга эса унинг энди билим юртида йўқлигини айтишди.
— Нима учун? Уни истиқболсиз деб ҳисоблашганмиди?
— Менга унда катта истиқбол кўришмаганини тушунтиришди. Мен унинг қайси позицияда ўйнаганини сўрадим. Маълум бўлишича, қанот ярим ҳимоячиси экан. Бироқ унинг бўйи, жисмоний кўрсаткичлари ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, бу у ўйнаши керак бўлган позиция эмаслигини тушундим.
Шу боис уни қидириб топишни илтимос қилдим. Романи Қорачой-Черкасиядан, ўша пайтда у истиқомат қилган Усть-Джегутадан топдик. Уни Ставрополга олиб келишди, мен уни клуб базасига жойлаштирдим ва дарҳол асосий жамоа билан машғулотларга жалб қилдим.
Тайёргарлик даврида уни диққат билан кузатдим. Ва тез орада Павлюченкони албатта марказий ҳужумчи позициясида синаб кўриш керак деган хулосага келдим. Айнан шу ерда унинг фазилатлари тўлиқ намоён бўлиши мумкин эди.
— Павлюченко сиз уни бошқа йигитлар орасидан, авваламбор, бўйи сабабли ажратиб олганингизни айтиб берганди. Демак, гап фақат бунда бўлмаган экан-да?
— Албатта, фақат бунда эмас. Бўй ва жисмоний кўрсаткичлар — биринчи бўлиб кўзга ташланадиган нарса. Лекин кейин футболчи билан ишлай бошлайсиз, унинг қандай сифатлари борлигини, қандай ҳаракат қилишини, талабларни қандай қабул қилишини кўрасиз. Ва ана шундагина унинг қандай салоҳиятга эга эканини тушунасиз.
Рома бор-йўғи 17 ёшда эди. У биз билан қишки тайёргарлик даврини ўтади ва мен унга асосий таркибдан жой ишониб топшира бошладим. Бош мураббий учун бу қанчалик хавфли бўлгани тушунарли. Ёш футболчи Биринчи лига ўйинларида майдонга тушганида, масъулият, биринчи навбатда, мураббийнинг зиммасига тушади. Бундай қарорлар туфайли ишингизни жуда тез йўқотиб қўйишингиз мумкин.
Бироқ мен бу таваккалга қўл урдим, чунки бир сония ҳам шубҳаланмагандим: Павлюченкода улкан яширин салоҳият бор эди. Ҳаёт адашмаганимни кўрсатди.
— Роман кейинчалик Россия терма жамоасининг юлдузига айланди, Англия Премьер-лигасида ўйнади. Сиз у билан мулоқот қилиб турасизми? У ўзига биринчи имкониятни ким берганини эслайдими?
— Муносабатларимиз яхши, меъёрида. Ўйлайманки, Роман ҳаммасини жуда яхши тушунади. Ҳозир унинг ўзи ҳам мураббийлик фаолияти билан шуғулланмоқда, шу боис футболчи профессионал карьерасининг энг бошида қандай мутахассисга дуч келишига қанчалик кўп нарса боғлиқ эканини яхши билади.
Умуман олганда, ёш футболчининг тақдирида биринчи профессионал мураббий жуда катта роль ўйнайди, деб ҳисоблайман. Бу инсон ўз вақтида сенга ишониши, ўзингни кўрсатиш имкониятини бериши ва ўйин амалиётини тақдим этиши керак.
Баъзан бундай қарорга жуда кўп нарса, агар бутун кейинги карьера бўлмаса, боғлиқ бўлади. Шу боис Ромада ҳаммаси айнан шундай кечганидан жуда хурсандман.
— Ўзбекистонда-чи, катта салоҳиятга эга ёш футболчиларни пайқашга улгурдингизми? Бу ерда ҳам ўз вақтида имконият бериш зарур бўлган йигитлар борми?
— Албатта, кўряпман. Ўзбекистонда жуда кўп иқтидорли ёш футболчилар бор ва ишончим комилки, маҳаллий футболнинг келажаги порлоқ. Лекин истеъдоднинг ўзи ҳали ҳеч нарсани кафолатламайди. Ёш йигитлар билан доимий равишда ишлаш, уларнинг сифатларини ривожлантириш ва энг муҳими — уларга ўзларини кўрсатиш имкониятини бериш керак.
Ахир Павлюченконинг тарихи айнан шу ҳақда. Футболчининг қобилиятини пайқаш мумкин, аммо агар унга ишонч билдирилмаса, ўйин вақти берилмаса, у шунчаки истиқболли ўйинчи бўлиб қолаверади. Шунинг учун жуда кўп нарса мураббийларга, уларнинг ёшлар билан ишлашга ва масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлигига боғлиқ.
Ўша Самарқанднинг «Динамо»сида ҳам ёш футболчиларга ана шундай имконият берилмоқда. Мен буни мутлақо тўғри ёндашув деб ҳисоблайман. Муҳими, йигитлар истиқболни кўришлари, машғулотлардаги меҳнати асосий таркибга киришга олиб келиши мумкинлигини англашлари лозим. Ўшанда улар ўсади, ривожланади ва пировардида бундан бутун ўзбек футболи ютади.
«Ўзбекистонда футбол техникаси кучлироқ, Россияда эса кучли жисмоний кураш»
— Сиз ўзбек футболини ҳали совет даврида кўргансиз, мана энди 35 йил ўтиб қайтдингиз. У қанчалик ўзгарибди? Ҳозирги авлодни Қосимов, Пятницкий ва бошқа юлдузлар ўйнаган давр билан солиштириш мумкинми?
— Ўзбек футболи жуда сифатли. Аммо совет даври футболчилари билан ҳозирги авлодни тўғридан-тўғри солиштириш мен учун қийин. Менталитет, касбга бўлган муносабат, футболнинг ташкил этилишининг ўзи жуда ўзгарди. Бугунги ўйинчилар, эҳтимол, янада профессионалроқ бўлишган. Улар ўйинларга бошқача тайёргарлик кўрадилар, тикланиш жараёнига ва бошқа майда деталларга кўпроқ эътибор қаратадилар.
Бу илгари ёмон ёки нопрофессионал футболчилар бўлган дегани эмас. Совет даврида ҳам жуда кўп истеъдодли, иқтидорли йигитлар бор эди. Ҳозир ҳам бундайлар жуда кўп — Самарқанднинг «Динамо»сида ҳам, бошқа клубларда ҳам. Шунинг учун қайсидир авлод бошқасидан кучлироқ деб айта олмайман. Замон ўзгарди, талаблар ўзгарди, Ўзбекистонда эса иқтидорли футболчилар доимо бўлган.
— Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқиши маҳаллий футбол ривожининг қонуний натижасими?
— Ҳа, албатта. Миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига йўл олгани — ўзбек футболи сифатининг тасдиғидир. Бу тасодифий муваффақият эмас. Совет даврида республиканинг алоҳида миллий терма жамоаси бўлмаган, шу боис икки давр ютуқларини тўғридан-тўғри таққослаб ҳам бўлмайди. Ҳозир Ўзбекистоннинг ўз терма жамоаси бор ва у жуда жиддий натижага эришди.
— Ҳозир хорижда тўп сураётган ўзбекистонликлар тобора кўпаймоқда. Бу маҳаллий футбол ривожидаги янги босқич ҳақида далолат берадими?
— Шубҳасиз. Қаранг, бугун қанча ўзбек футболчиси халқаро тажриба орттирмоқда. Булар Элдор Шомуродов, Ҳусниддин Алиқулов, Отабек Шукуров, Аббосбек Файзуллаев. Хориждаги фаолиятини эндигина бошлаётган ёш йигитлар ҳам бор. Масалан, Швейцариянинг «Лугано» клубида муваффақиятли дебют қилган Беҳрўз Каримов.
Уларнинг мисоли ўзбек футболчилари ўз чемпионатларидан ташқарида ҳам рақобатлаша олишини кўрсатмоқда. Бу миллий терма жамоа учун ҳам, мамлакатда футболни ривожлантириш учун ҳам жуда муҳим. Ёш ўйинчи ўз ватандошларининг хорижий клубларда ўйнаётганини кўрганда, унда меҳнат қилиш ва олдинга интилиш учун қўшимча мотивация пайдо бўлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон чемпионатининг ўзида ҳам жуда кўп қизиқарли ўйинчилар бор. Масалан, Самарқанднинг «Динамо»сидан Қозоннинг «Рубин» клубига ўтган Жаҳонгир Ўрозов. У Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби қўл остида ишлади, сўнгра Россия Премьер-лигасида ўзини кўрсатиш имкониятини қўлга киритди.
Мен аллақачон ўн иккитага яқин турни ўтказишга улгурдим, «Нефтчи», «Навбаҳор», «Қизилқум» ва бошқа жамоаларга қарши ўйинларни кўрдим. Деярли ҳар бир жамоада сифатли маҳаллий футболчилар бор. Шунинг учун бу чемпионатнинг ривожланишини кузатиш мен учун жуда мароқли.
— Сиз Россия футболини яхши биласиз ва энди Ўзбекистонда ишлаяпсиз. Икки чемпионат ўртасидаги туб фарқ нимада?
— Менинг назаримда, Ўзбекистон чемпионати техника жиҳатидан устунроқ. Россия Премьер-лигасида юксак маҳорат билан бир қаторда жуда кўп куч ишлатиладиган кураш, юқори даражадаги қаршилик бор. Ўзбекистонда ҳам жисмоний кураш мавжуд, аммо бу ерда кўпроқ фикрлаш, техника ва тўғри қарор қабул қилиш биринчи ўринга чиқади.
Бу бир чемпионат иккинчисидан яхшироқ дегани эмас. Улар турлича. Услуб ҳам, шиддат ҳам фарқ қилади. Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати юқори бўлгани сабабли ҳар доим ҳам Россиядаги каби шиддатни сақлаб туришнинг иложи йўқ. Шунинг учун тўп билан сифатли ишлаш, тўғри қарорлар қабул қилиш, тўп йўқотишлар ва техник хатоларни минимал даражага тушириш жуда муҳим.
Россиялик ўйинчи учун бу ерга дарҳол келиб, ўз маҳоратини максимал даражада намойиш этиш осон эмас. Худди шунингдек, ўзбек футболчисига ҳам Россияга мослашиш учун вақт керак бўлади. Булар ўзига хос хусусиятларга эга иккита турли чемпионат бўлиб, ушбу жиҳатларга кўникиш лозим.
— Самарқанднинг «Динамо» клубида россиялик легионерлар бор. Уларга маҳаллий чемпионатга кўникиш қийин бўлмаяптими?
— Ташқаридан кўринганидек осон эмас. Мен Россия футболини яхши биламан, лекин Россиядан келган ўйинчиларга маълум вақт керак деб ҳисоблайман. Бу ерда тактик талаблар, ўйин услуби, об-ҳаво шароити фарқ қилади. Иссиқлик ҳам муҳим омил.
Футболчи жамоага киришиб кетиши ва максимал даражада фойда келтира бошлаши учун у ушбу барча хусусиятларга кўникиши керак. Россиядан келган бизнинг ўйинчиларга ҳам бироз вақт керак бўлди. Аммо улар аста-секин мослашиб, асосий таркиб футболчиларига айланишди ва анча сифатли ўйин кўрсатишмоқда.
— Шерзод Эсанов «Акрон»даги омадсиз даврдан кейин Ўзбекистонга қайтди. Ҳозирда ярим ҳимоячи «Бухоро»да тўп сурмоқда. У ҳақда нима дея оласиз? Ва сизнингча, Нижний Новгородда Иброҳимҳалил Йўлдошевда нега муаммолар юзага келди?
— Эсанов менга жуда ёқади. У сифатли футболчи ва унинг мисоли ҳатто яхши ўйинчига ҳам бошқа чемпионатга мослашиш қийин бўлиши мумкинлигини кўрсатиб турибди. Ҳар доим ҳам гап маҳорат даражасида эмас. Баъзан шунчаки янги жамоада ўз ўрнини топиш, талабларга ва ўйин услубига кўникиш насиб этмайди.
Йўлдошев ҳам менга жуда ёқади, у яхши, сифатли футболчи. Аммо агар ўйинчи бошқа мамлакатда ўйнаб кета олмаган бўлса, лигалар ўртасидаги фарқларни ҳисобга олиш керак. Ҳар бир чемпионатнинг ўзига хос футбол жиҳатлари ва кўникиш лозим бўлган талаблари бор. Бу Россияда мустаҳкам ўрнашиб ололмаган бошқа ўзбек футболчиларига ҳам тааллуқлидир.
«Норчаевнинг „Алания“да нега ўйнаб кетолмаганлиги мен учун жумбоқ»
— Алоҳида бир мавзу — Ҳусаин Норчаев. Нега Ўзбекистондан келган сермаҳсул ҳужумчи Владикавказнинг «Алания» жамоасида ўз ўрнини топа олмади?
— Мен уни жуда диққат билан кузатдим, чунки у Ўзбекистон чемпионатидан келганди. У малакали футболчи ва менинг назаримда, Россия Биринчи лигаси савиясида ўйнаб кетиши керак эди. Аммо у ерда бошқача футбол: куч ишлатиладиган кураш, қаршилик анча кўп, бошқача жисмоний тайёргарлик талаб этилади.
Эҳтимол, унга бунга мослашиш қийин бўлгандир. Шу билан бирга, ҳаммаси битта сабаб билан изоҳланади, деб ўйламайман. Нега у «Алания» таркибига киришиб кета олмагани мен учун жумбоқ бўлиб қолмоқда. Шубҳасиз, унинг ўзини кўрсатишига тўсқинлик қилган ҳолатлар мажмуаси мавжуд бўлган.
— Ахир ўша даврда «Алания»да муаммолар етарли эди-ку. Жамоа Владикавказда ўйнамаган, уй учрашувларига доимо сафар қилишга тўғри келарди. Қолаверса, мураббийлар штабининг иш услуби ҳам Норчаев учун ноодатий бўлиб чиққан бўлиши мумкин.
— Бошқа мураббийнинг характерига изоҳ бериш мен учун қийин. Инфратузилмага — ўз уй стадиони йўқлигига, бошқа шаҳарга ўйинларга бориш заруратига келсак, бу асосий сабаб бўлган деб ўйламайман.
Бундай савиядаги футболчини, айниқса сермаҳсул ҳужумчини таклиф қилишаётганда, аввалдан унинг ҳужумни кучайтира олиши ёки олмаслигини баҳолайдилар. Шу боис унга шунчаки жой топилмай қолди, деб бўлмайди. Ўзбекистонга қайтганидан кейин у яна яхши ўйнаяпти ва бу ҳам далолат бериб турибди.
Россия лигасида ўзини кўрсатишига айнан қайси жиҳатлар ёки ҳолатлар халақит берганини аниқлаш керак. Албатта, мураббийларга яхшироқ кўринган. Эҳтимол, футболчининг ҳаракатларида уларга нимадир етишмагандир, нимадир ўйинчининг ўзини қаноатлантирмагандир. Катта эҳтимол билан, турли омиллар мажмуаси юзага келган ва шу сабабли у жамоада қола олмаган. Лекин менда бир маъноли жавоб йўқ.
— Бундан парадокс келиб чиқяпти: ўзбек футболчилари учун ФНЛга қараганда Россия Премьер-лигасида ўйнаб кетиш осонроқми?
— Назаримда, шундай. Қанчалик ғалати туюлмасин, Россия Премьер-лигаси услуб жиҳатидан ўзбек футболчиларига кўпроқ мос келади. ФНЛда кураш, югуриш ва кучга асосланган футбол кўп. Бу яхши лига, у ерда сифатли ўйинчилар, клублар ва мураббийлар бор, лекин унинг услуби бошқача.
Ўзбек футболчилари техник жиҳатдан кучли, футбол саводи юқори. Менга шундай туюладики, Премьер-лигада уларга ўзларининг кучли томонларини кўрсатиш ва юқори савияда ўйнаб кетиш осонроқ. Гарчи, албатта, кўп нарса аниқ футболчига, жамоага ва мураббийлар штабининг талабларига боғлиқ бўлса ҳам.
— Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»да Пеп Гвардиола билан ишлади, жаҳон даражасидаги футболчилар ёнида машғулот ўтказди. Ёш ўйинчининг ривожланиши учун бундай муҳит қанчалик муҳим?
— Албатта, бу жуда муҳим. Менимча, ёш ўйинчи доимо асосий жамоанинг ўқув-машғулот жараёнида бўлиши, кучли футболчилар ва мураббийлар штабидан ўрганиши шарт.
Баъзан юқори савиядаги ҳатто 20-25 дақиқалик ўйин вақти қуйи дивизиондаги 90 дақиқадан фойдалироқ бўлиши мумкин. Шу тариқа устоз футболчини доимо кўриб туради, унинг сифатларини ривожлантириши ва аста-секин асосий таркибга киритиши мумкин. Менинг назаримда, бу ёш футболчининг камолотида жуда муҳим омилдир, гарчи, албатта, кўп нарса муайян вазиятга ҳам боғлиқ бўлса-да.
«Фарғоналик мухлислар ўзгача. Қайтишни интиқлик билан кутяпман»
— Сиз Ўзбекистонда бир қатор ўйинларни ўтказишга улгурдингиз. Маҳаллий мухлислар сизда қандай таассурот қолдирди?
— Жуда кучли таассурот қолдирди. Аввало, Самарқанд мухлисларига миннатдорлик билдирмоқчиман. «Динамо» стадионида муҳит ажойиб. Наманганда ҳам сафарда бўлдим — у ерда ҳам муҳит ҳайратланарли даражада. Мен илгари ҳам бу ерда футболни қанчалик севишларини билардим, лекин ҳозир бунга яна бир бор амин бўлдим.
Ўтказишга улгурган ўша ўн икки тур давомида деярли ҳар бир шаҳарда ажойиб қўллаб-қувватлашни кўрдим. Биз Наманганга, Қўқонга бордик, бошқа стадионларда ҳам бўлдик. Ва деярли ҳамма жойда муҳит жуда яхши, мухлислар ҳақиқатан ҳам футбол билан яшайдилар. Бу чемпионатга ўзига хос жозиба бағишлайди, ўз майдонингда ҳам, сафарда ҳам ўйнаш жуда қизиқарли.
— Фарғонага қайтишга улгурдингизми? Ҳар ҳолда, 35 йил ўтди.
— Ҳозирча йўқ. Ва бу сафарни жуда интиқлик билан кутяпман. Мен у ерда тахминан ўттиз беш йил бўлмадим. Биламанки, шу вақт ичида кўп нарса ўзгарди, янги инфратузилма, янги стадион пайдо бўлди. Шаҳарни ва мухлисларни яна кўришни жуда хоҳлайман.
Фарғоналик мухлислар ўзгача. Умид қиламанки, улар ҳам мени эслашади, чунки ўзимни Фарғона учун қадрдон инсон деб ҳисоблайман. Бу шаҳар билан мени шундай ёқимли хотиралар боғлаб турадики, албатта, у ерга қайтишни жуда хоҳлайман.
— Фаолиятингизда Миржалол Қосимовга қарши ўйинлар бўлган. Уни қандай эслайсиз?
— Қосимов — буюк футболчи. Унга қарши ҳам, Андрей Пятницкийга қарши ҳам ўйнаш доимо жуда қизиқ бўлган. Улар майдонда креатив, ақлли, айёр футболчилар эди. Бундайларга қарши биринчи навбатда интеллектуал жиҳатдан рақобатлашиш керак: ким кимни чалғитади, ким тезроқ ва тўғрироқ қарор қабул қилади. Бу шунчаки жисмоний сифатлар ҳисобига курашишдан мутлақо фарқ қиладиган тўқнашувдир.
Қосимов Осетияни ўзининг иккинчи уйи деб атаганини эшитганман. Мен эса, осетин сифатида, жавобан айта оламанки, мен учун иккинчи уй — Ўзбекистондир.
«Каннаваронинг табассуми терма жамоа интизомига таъсир қилмайди»
— Фабио Каннаваро мағлубиятлардан кейин кўпинча ижобий кайфиятни сақлаб қолади, кулиб туради, қаттиққўл мураббийдек кўринмайди. Бундай муносабат Ўзбекистон терма жамоаси интизомига салбий таъсир қилишидан хавотирланмайсизми?
— Менда юз фоиз ишонч борки, унинг хатти-ҳаракати футболчиларнинг ўз ишига бўлган муносабатига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди. Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари — максимал даражадаги профессионаллардир. Мен мамлакат чемпионатига қайтиб, «Динамо» штабида ишлай бошлаганимда бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Ҳар ким ўз шартномаси, клуб ва терма жамоа олдидаги мажбуриятлари борлигини, ҳар куни машғулот ўтказиш, тайёрланиш ва ўйнаш кераклигини тушунади. Мураббийнинг муносабати, унинг табассумлари ёки оммавий баёнотлари буни ўзгартира олмайди. Шу боис Каннаваронинг бундай хатти-ҳаракати футболчилар интизомига қандайдир тарзда салбий таъсир кўрсатиши мумкин деб ҳисоблашга асос кўрмаяпман.
— Аммо, масалан, Жанубий Кореядан учралган мағлубиятдан сўнг Каннаваро жамоанинг яхши кайфияти ҳақида гапирганди. Мураббийга омадсиз натижадан кейин бундай баёнотлар бериш нима учун керак?
— Ўйлайманки, баъзан бу психологик мақсадда, онгли равишда қилинади. Мағлубиятдан кейин жамоа тушкунликка тушмаслиги, муваффақиятсизлик кейинги тайёргарликка халақит бермаслиги муҳим. Шунинг учун мураббий ижобий руҳда гапириши, ўйинчиларни қўллаб-қувватлаши, жамоа ичида маълум бир муҳитни яратиши мумкин.
Бироқ мен ишонаманки, бундай сўзлар Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларининг профессионализмини пасайтирмайди. Улар ўз вазифалари ва масъулиятини жуда яхши тушунадилар.
— Демак, замонавий футболчиларга энди диктатор мураббий керак эмасми? Улар ўзларидан нима талаб қилинишини тушунадиларми?
— Менимча, бугунги кунда спортчиларнинг касбга бўлган муносабати мутлақо бошқача. Улар профессионаллик, фаолиятнинг давомийлиги, даромад ва мақом ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқликни тушунадилар. Бу уйқу тартиби, овқатланиш, тикланиш ва тайёргарликдир. Агар футболчи юқори савияга, яхши шартномага эга бўлишни ва оиласини таъминлашни истаса, у барча талабларга ўзи риоя қилиши керак.
Шунинг учун, эҳтимол, замонавий ўйинчиларга нима қилиш мумкину нима мумкин эмаслиги ҳақида камроқ тарбиявий суҳбатлар керак бўлади. Улар фаолиятлари учун шахсий масъулиятни англайдилар. Ва менинг назаримда, бу тўлиқ маънода Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларига ҳам тааллуқлидир.
-
19 Октябрь19.10Кўзга кўринмас қаҳрамонлар лигасиРоссияда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ҳикоялари -
12 Октябрь12.10ВидеоКимлигингни унутма1916 йилги қўзғолондан Украинадаги урушга қадар -
05 Октябрь05.10Кутилганидан паст, аммо белгиланганидан юқориМарказий Осиё давлатлари-2026 Осиё ўйинларида қандай иштирок этгани ҳақида -
17 Сентябрь17.09Шарққа юришМарказий Осиёдан мингдан ортиқ спортчи Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этади -
06 Июль06.07Каннаваро жавоб берадиЎзбекистон терма жамоаси бош мураббийи таътилни тўхтатиб, матбуот анжумани учун Тошкентга қайтади -
01 Июль01.07Россияда бензин камайдиБу Қирғизистон ва умуман Марказий Осиёга қандай таъсир кўрсатади?



