Икки юзли юклар кутмоқда

Карантин туфайли ҳалок бўлган мигрантларнинг жасадларини ватанга олиб кетишнинг иложи бўлмаяпти
200 РАҚАМЛИ ЮК . 24.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Россияда коронавирусга чалинганларнинг сони 17,5 минг кишидан ошиб кетди. Эпидемия туфайли мигрантлар нафақат ёппасига иш ўринларини йўқотмоқдалар. Чегаралар ёппасига ёпилаётгани боис, Россияда ўлиб қолган одамларни ватанларида дафн қилиш учун 200 рақамли юкни олиб кетишнинг иложи бўлмай қолди.

Марказий Осиёдан келиб ишлаётган мигрантларнинг қанчаси Россияда ҳалок бўлаётгани – номаълум. Мамлакатлар бўйича тўлиқ бўлмаган маълумотлар бор, холос. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) маълумотига кўра, Ўзбекистонга 2019 йилда 308 кишининг жасади етказилган эди. Қирғизистон ҳукумати қошидаги Давлат миграция хизматининг ахборот хизмати ушбу мавзуда “Фарғона” агентлигига жавоб бера туриб, ўтган йили жасадни ватанга қайтариш бўйича компенсация пулини сўраб 295 киши мурожаат қилганини маълум қилди. Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси эса 2019 йилда биргина Москванинг ўзидан мамлакатга 145 та 200 рақамли юк жўнатилганини билдирди. Турли манбалар тақдим этаётган маълумотларга кўра, Россияда ҳар йили Тожикистоннинг мингга яқин нафар фуқаролари ҳалок бўлишади.

“Илгари ҳар куни Тожикистонга самолётларда учтадан 200 рақамли юк жўнатилар эди. Демак, Россияда йилига бизнинг фуқаролардан мингтаси ҳалок бўлиб чиқаётган экан”, — дея ушбу статистикани тасдиқлайди ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров.

Майит Россияда қўйилаверсинми ёки самолётни кутиш керакми?

Россияда мигрантлар камдан-кам ҳолатларда дафн этилади. Оила аъзолари одатда марҳум ўзининг киндик қони тўкилган жойда ётгани яхшироқ, деб ҳисоблайдилар. Бундан ташқари, Россияда ва айниқса Москвада дафн этиш учун нархлар ҳаддан зиёд юқори. Мисол учун, Москвадаги дафн этиш билан боғлиқ маросимлар хизматидаги нарх наволар қуйидагича: тобутнинг нархи 13 500 рублдан юқорига қараб кетади, қабр қазиш учун эса 9000 рубль тўлаш керак. Бироқ энг қиммати – қабр қазиш учун сотиб олиниши керак бўлган ер участкаси. Москвадаги иккита мусулмонлар қабристонида бор, бири Кузьминский ва иккинчиси Даниловский. Биринчисида участканинг нархлари 205 минг рублдан бошланади, иккинчисида эса 413 минг рублдан.

Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Имомуддин Сатторовнинг “Фарғона” мухбирига айтишича, марҳумнинг ҳамма қариндошлари Россияда яшаётган бўлса, ўзларига қарашли майитни шу ернинг ўзида дафн этишар экан.

— Москвада дафн маросимини ташкил этиш жуда оғир ва миллати ва фуқаролигидан қатъий назар жуда қиммат, бироқ вилоятларда бу борада муаммолар йўқ. Мисол учун, Санкт-Петербургдан унчалик узоқ бўлмаган жойда мусулмонлар учун ер ажратиб берилган, у ердаги нархлар қиммат эмас, — дея қайд этади элчи. Қариндошларини Россияда дафн этишга қарор қилганларга вилоятдаги консулхоналар томонидан ёрдам кўрсатилади.

Каримжон Ёров чегаралар ёпилиши билан унга ҳар куни бутун Россия ҳудудидан қўнғироқ қилишаётганлари ва дафн этиш масалалари бўйича саволлар бераётганларини тасдиқлади. Ҳозирги пайтда у Москва ва Москва вилоятида, Тула, Калуга, Екатеринбург ва Новосибирскда камида 15 кишининг ҳалок бўлганини билади. Мамлакатлар ўртасида авиация алоқаси тўхтаганидан бери уларнинг жасадларини ватанга етказишнинг иложи бўлмай қолди.

— Москвадаги дафн маросимлари учун белгиланган нархлар билан бу ерда марҳумни қўйишнинг имконияти йўқ. Юртдошимиздан бирини Люберцида дафн этган одамларни биламан. Бунинг учун улардан 120 минг рубль сўрадилар, 60 мингга келишдилар. Ҳозир тожикистонликлар диаспорасида ватандошларини Тверда бепул дафн этишга имконият пайдо бўлди, — дейди Ёров.

Жасадни ўликхонада сақлаш учун тўланадиган пул миқдори – алоҳида масала. Ўликхоналарнинг кўпи бир кеча-кундуз учун икки минг рубль талаб қиладилар, бироқ мигрантларнинг аксариятида бундай пул йўқ. Бироқ қизиғи шундаки, Москвадаги ўликхоналарда жасад 7 кун давомида текинга сақланиши керак, агар зарурат туғилса (мисол учун, экспертизани кутиш учун ёки қариндошлар қидирилаётган бўлса), бу муддат 14 кунгача чўзилиши белгиланган. Коронавирус эпидемияси бошланганидан кейин эса Россия ҳукумати карантин тартиби амал қилаётган давр мобайнида ўликхоналар маъмурияти бошқа мамлакатга жўнатиладиган жасаднинг сақланиши учун пул талаб қилмаслиги тўғрисида фармойиш берган. Ўликхоналарда жасадни сақлаганлик учун чет эллик фуқаролардан пул талаб қилишаётган бўлса, улар бу борада прокуратурага шикоят қилишлари мумкин бўлади.

Бироқ мигрантларнинг аксарияти қонунчиликдан бехабар, бундан айниқса вилоятлардаги ўликхона ходимлари тез-тез фойдаланиб турадилар,

Ростовдаги ўликхона биноси . "Яндекс.Карты" сайти фотосурати

Зафар (исми ўзгартирилган) — Ростовда ишлайдиган Тожикистон фуқароси “Фарғона” агентлигига ватандошининг жасадини ўликхонада сақлаш учун пул тўплашга тўғри келганини айтиб берди. Марҳум маҳаллий турмада жазо муддатини ўтаётган бўлган. Бир неча йил олдин унинг онаси Ростовга келиб, ҳар қандай ишга рози бўлган ва ишлаб топган пулларига турмадаги ўғли учун передача тайёрлаган. Ёш йигит қамоқда касалланиб, вафот этган.

— Ватандошимнинг ўлими ҳақида билиб қолганимда, ёрдам сўраб мамлакатимиз консулига мурожаат қилдим. У агар самолётлар учганида, унинг жасадини ватанга бепул жўнатиш мумкин бўларди, деб айтган. Энди биз чегараларнинг очилишини кутиб ўтирибмиз, жасад апрель ойининг бошидан бери ўликхонада ётибди. Майитни балзамлаш ва сақлаб бериш учун ўликхона ходимлари онадан 40 минг рубль талаб қилишган. Бу аёл ўзи бой эмас, шунинг учун ҳам пулларни биз тўплаб бердик, — дейди Зафар.

— Ҳозир мигрантларда пул камайган пайт, ҳаммаларимиз ишсиз ўтирибмиз. Бизга ҳеч нарса керак эмас, аммо фақат ўликхонадагилар марҳумнинг қариндошларидан пул талаб қилишмасин ва жасадни ватанига олиб кетишга имконият беришсин, — дейди у.

Нега энди марҳумни фақат ватанида дафн қилиш керак бўлиб қолди, деган саволга Зафар бу йигитнинг ўзи ўлими олдидан шундай қилишни илтимос қилганини айтди.

— Агар марҳумнинг қариндошлари Россияда яшаётган бўлса, унда ўлганни шу ернинг ўзида дафн этишади. Бироқ бу ишлар кўпроқ ватанида амалга оширилади, — дея тасдиқлайди Каримжон Ёров. – Бунинг сабаблари турлича. Агар марҳум ёлғиз ўғил бўлса, унда Тожикистонда қолган унинг ота-онаси албатта ўғлини ўз юртида дафн этишни истайди. Ҳозир чегаралар ёпилган бир пайтда бу ерда яна битта ҳалок бўлган аёл бор. Унинг Тожикистонда яшайдиган тўртта қизи бор. Агар уни Россияда дафн этишса, улар онасини бегона юртларда қолдирганлари учун бутун умр давомида таъна-маломатларга қолиб кетадилар, — дейди Ёров.

Қуруқликдаги транспорт билан?

Ўзбекистонлик мигрантлар билан ишлайдиган ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристларнинг айтишича, чегаралар ёпилганидан бошлаб ўтган ҳафталар давомида уларга Россияда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадларини нима қилиш керак, деган саволлар билан тўхтовсиз мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ўзбекистон ТММА ваколатхонасининг “Фарғона” агентлигига маълум қилишича, уларга ватандошларидан 200 рақамли юкни Ўзбекистонга жўнатиш бўйича 15 та ариза келиб тушган: расмий Тошкент 200 рақамли юкларни мамлакатга бепул етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Жасадларни Ўзбекистонга жўнатадиган вақт келгунча ўликхонада сақлаш масаласи ҳам ТММА назорати остига олинган, шунинг учун ҳам жасадлар ўликхоналарда бепул сақланмоқда.

Автокатафалклар . Mosritual.ru сайти фотосурати

— Март ойининг охирида, чартер рейслар учаётган пайтда биз 200 рақамли юклардан 12 тасини жўнатдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги авиация қатнови тўхтатиб қўйилган ҳозирги шароитда биз одатдаги тартибда жасадларни ватанга қайтара олмаймиз, бироқ бу масалани ҳал қилиш бўйича икки томонлама даражада иш олиб бораяпмиз ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга бошқа йўллар билан қайтариш имкониятларини ўргаяпмиз, — дейишди Агентлик вакиллари.

Каримжон Ёровнинг айтишича, ундаги мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳозирги кунларда Қозоғистон ҳукумати билан унинг ҳудуди орқали Россиядан 200 рақамли юкларни қуруқликдаги транспорт воситасида олиб ўтиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Агар икки мамлакат ўртасида келишувга эришилса ва Ўзбекистон 200 рақамли юкларни ўз ҳудуди орқали Тожикистонга ўтказишга розилик берса, унда ҳалок бўлган Тожикистон фуқароларининг жасадларини ҳам ватанларига жўнатиш имконияти туғилади.

Москвадаги ўликхоналарда беш нафар Қирғизистон фуқароларининг, шу жумладан, юқумли касалликлар шифохонаси қурилишида ҳалок бўлган эркакнинг жасадлари сақланмоқда. Бу ҳақда “Фарғона” нашрига Қирғизистон элчихонасининг матбуот котиби Гулбарчин Байимбетова маълум қилди. Ёқутистонда ҳалок бўлган яна бир қирғизистонлик фуқаронинг қариндошлари марҳумда ўша юртнинг ўзида дафн этишди.

Жасадларни ватанга жўнатиш бўйича масалани ҳал қилиш учун дипломатлар Қозоғистон ва Россиянинг тегишли органларига сўровномалар юбориб бўлдилар.

— Мамлакатлар ўртасида юк ташишга рухсат берилган, шунинг учун биз ҳамкасбларимиз билан уларнинг ҳудудлари орқали ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга жўнатиш тўғрисида музокаралар олиб боряпмиз – дейди матбуот котиби.

Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Имомуддин Сатторовнинг “Фарғона” мухбирига маълум қилишича, ҳозирги кунда Россиядаги ўликхоналарда 17 нафар тожикистонлик фуқароларнинг жасадлари сақланмоқда. Уларни ватанга етказиш масаласи дипломатик миссиянинг назоратига олинган.

— Ҳозирги кунда 200 рақамли юкларни авиация орқали жўнатишнинг иложи йўқ, — деди элчи. Шунинг учун биз қуруқлик орқали ўтган йўлларнинг имкониятини ўрганяпмиз, бироқ муаммо шундаки, бир нечта мамлакатларнинг чегарасини кесиб ўтишга тўғри келади. Ушбу тафсилотларнинг ҳаммасини эътиборга олган ҳолда, биз вазиятдан чиқиш йўлларини излаяпмиз. Шу билан бирга, ҳар бир мамлакатнинг ўз ҳудуди орқали транспорт ҳаракатларини чеклаш тўғрисидаги қарорларига ҳурмат билан қараймиз ва яна бироз кутиб туриш зарурлигини тушунамиз.

Биринчи машина

Мақоланинг матни тайёрланаётган пайтда “Фарғона” ўз манбаларидан 200 рақамли юк ортилган биринчи машина Россиядан Ўзбекистонга 15 апрель куни жўнатилиши режалаштиралаётгани ҳақидаги маълумотни олишга эришди.

— Россия 200 рақамли юклар ортилган автомобилларни ўз ҳудудидан ўтказишга қарор қилди, — дея етказишди “Фарғона” нашрига. – Ўзбекистон элчихонаси томонидан Россияда ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини олиб кетиш учун шундай машиналардан биринчисини ўтказиш тўғрисидаги келишувга эришилди.

Дипломатлар ишлаётганлари ва келишаётганларини, ўликхоналар эса ҳалок бўлган чет эллик фуқароларнинг жасадларини бепул сақлашга мажбурлигини ҳисобга олган ҳолда, марҳумларнинг яқинлари ва қариндошлари сабр қилиб, 200 рақамли юкларни ватанга жўнатиш имкониятини кутишлари керак бўлади. Ватандошларимизни Россияда ва айниқса Москвада дафн этиш учун юз минглаб пулларни беҳуда сарфлаш мақсадга мувофиқ эмас.

Екатерина Ивашенко

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ