Булутлар узра муқаддас даргоҳ – Арашон кўллари

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн иккинчи очерк. Яхна сув омбори ва исми номаълум зоҳид
Мусаффо осмон остидаги Арашон кўллари 2018 йил июль ойида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Биз Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очерклар туркумини чоп этишда давом этамиз. Бизнинг бугунги материалимизда ҳатто бирорта динга эътиқод қилмайдиган одамлар эъзоз қилинадиган жой ҳақида ҳикоя қилади.

Чўғдек қизиган ер қаъридан отилиб чиққан сув

Майдони 1200 квадрат километрга тенг Ангрен платоси — шундоққина Фарғона водийси узра ястаниб ётган Ғарбий Тиёншоннинг бепоён тоғ ўлкаси бўлади.

Ҳатто ёзнинг чилласида ҳам бу ерда ҳаво ҳарорати тунда тез-тез ноль даражадан пастга тушиб кетади. Сал юқорироқда, Чотқол тоғ тизмасининг жанубий қияликларида зилол сувли Арашон кўлларининг шодаси сочилиб ётибди. Уларнинг сувлари фақат июнь ойига келиб муздан тўлиқ мосуво бўлади. Қорақуш чўққисининг баландлиги денгиз сатҳидан 3864 метрга кўтарилган, бу Катта Чимёндан 555 метр баландроқ. Тошкентда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 45° даражага етганида, чўққи этагида уввос солиб дўл ёғдирувчи совуқ пўртана авжига олади, эриётган музликлар чегарасида эса эндигина баҳор гуллари – бойчечаклар гуллаётган бўлади.

Ангрен платоси ва Чотқол тоғининг қорли чўққилари, 2019 йил июнь. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Баланд тоғнинг қисқа муддатли ёзи кириб келганда, бу ердаги қайнаб чиқаётган радонли чашманинг сувини шифобахш дея ишонган зиёратчиларнинг оқими бошланади. Булоқ сувининг ҳарорати қишин-ёзин ўзгармай бир хилда – +36.7°С даражада сақланиб туради. Геологларнинг таъкидлашича, бу ердаги геотермал сувларнинг келиб чиқиши асло вулқоний фаолиятга алоқаси йўқ — Тиёншон тоғлари вулқонлар эмас, балки тектоник жараёнлар натижасида пайдо бўлган. Бироқ эриётган музликлар сувлари қандайдир йўл билан тоғ жинсларининг ёриқлари орқали ер қобиғига сизиб яна юқорига кўтарилганида, ўзи билан чўғдек қизиган ер қаърининг иссиқ ҳароратини олиб чиқади. Маҳаллий аҳоли доимий совуқ ҳаво ҳукм сурган ўлкадаги иссиқ булоқни ҳақиқий мўъжиза деб ҳисоблайди. Ҳар ҳолда, Ўзбекистондаги қадамжолар орасида бизнинг кунларгача биргина Арашон булоғи билан боғлиқ эътиқодга оид бирорта ҳам чиройли афсона сақланиб қолмаган.

Ангрен платосидаги Келимчик жилғаси, Ўзбекистоннинг Тошкент ва Наманган вилоятлари ўртасидаги табиий чегара. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Аксарият зиёратчиларнинг иссиқ булоққа нисбатан муносабатларини мутлақо прагматик деб аташ мумкин. Соатига 10 литр сув берувчи булоқ суви ўтган асрда энига 2 метрлик цементланган квадрат ҳовузда жамланган. Бу ҳовуз ичига тушсангиз, сув белингизга чиқади, сув ичига шўнғиш ёки туби яшил рангга кирган лойга ястаниб ётиш мумкин. Одатда ҳовузга тушаётган одамларни радонли сувда 40 дақиқадан ортиқ ўтириш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантирадилар. Ҳар ҳолда, бу огоҳлантириш ортиқча, ҳовузга тушадиган одамларнинг навбати катта, об-ҳаво ҳам жуда тез ўзгарувчан, шунинг учун ҳам булоқ ичида бемалол ястаниб ётиш ёки қайта-қайта сувга тушишга одатда имконият бўлмайди. Шу билан бирга, баъзи-бир одамлар бу қоидага эътибор қилмайдилар. Зиёратчиларнинг баъзилари Арашон булоққа бир неча кунга, бутун-бутун оилалари билан келиб турадилар.

Ҳовуз занглаган тунука девор билан ўраб қўйилган. Худди шунақанги девор ҳовузни иккига бўлади: унинг биринчи ярмида аёллар, иккинчисида эркаклар чўмиладилар. Баъзида аёллар ва эркаклар фақат белгиланган кунлар ва соатларда булоқдан фойдаланадилар. Зиёратчилар булоқ суви нафақат тери касалликлари, бўғин оғриқларига даво бўлади, балки аёлларнинг бепуштлик дардига ҳам шифо бўлади, деб ишонадилар. Замонавий тиббиёт фани буни исботлаб бергани йўқ, аммо зиёратчилар одатда ҳеч қачон фанга эътиқод қилмайдилар.

Шохли қабртош

Иссиқ булоқдан юқорироқда, тепалик устида учта кўриниши оддий ва кўзга ташланмайдиган қабртошларни учратишингиз мумкин. Уларда бири архарнинг улкан шохлари билан безалган. Бу шох вақт ва об-ҳаво таъсири остида қуруқшаб кетган, шунинг учун ҳам тўкилиб кетмаслиги учун латталар билан боғлаб ташланган. Тоғ қиялиги бўйлаб яна ҳам юқорига чиқадиган бўлсангиз, қачонлардир Ангрен платосидан Фарғона водийсига олиб борувчи карвон йўлини қўриқлаш учун қурилган қалъанинг деярли нураб кетган изларини кўришингниз мумкин. Ҳозирча бу ерда бирор-бир жиддий археологик қазишма ишлари ўтказилмаган, чунки бу ерларнинг иқлими оғир, қолаверса келиб-кетиш ҳам осон эмас. Маҳаллий ўлкашунослардаги мавжуд ўта камчил ва юлуқ маълумотларга кўра, бу қадамжонинг номи Арашон бобо деб аталади.

Арашон-бобо қадамжосидаги қабртоши устидаги архар шохи. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Довоннинг нариги томонида, Наманган вилоятининг Поп туманига қарашли Чодак қишлоғи жойлашган. Бу ерда мафтункор мевали боғлар, тик қоялардан минерал сувлар отилиб чиқадиган булоқлар кўп. Ривоятларга кўра, бу жойларга XII-XIV асрларда машҳур тасаввуф шайхлари Юсуф Ҳамадоний, Муҳаммад Самосий ва Баҳоуддин Нақшбандлар ташриф буюришган. Бироқ булутлардан баланроқда жойлашган Арашон булоқ билан боғлиқ риёзатчининг исми одамлар хотирасида сақланмаган. Арашон кўллари яқинида айни пайтда бирорта фаолият юритаётган масжид йўқ. Бу ерда йил бўйи доимий яшайдиган аҳоли йўқ. Фақат ёзда тошли қияликларда чўпонлар ўз ўтовларини ёки брезент чодирларини ўрнатадилар.

Кўркамлик ва йўлсизлик

Баъзида 1983-1988 йилларда Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев Арашон булоқни жуда ҳам яхши кўрган, деган гапни зиёратчилардан эшитиб қолиш мумкин. Келиб чиқиши фарғоналик бўлган бу одамга Самарқанд ва Бухоронинг ҳашаматли тарихий ёдгорликларидан кўра, ёввойи табиат қўйнидаги олис тинч ва кўркам қадамжо кўпроқ ёққан дейишади. Ҳар ҳолда, коммунист Усмонхўжаев бу ердаги диний қадамжонинг қайта ривожланишига кўмак беришга уринган деб бўлмайди. Бунақанги олис маконда бальнологик курорт (сиҳатгоҳ) қуришнинг маъноси ҳам йўқ. Советлар даврида транспорт ҳаракати анча четлаб – Қамчиқ довонидан ўтувчи автомобиль трассаси орқали, Арашон кўлларидан энг пастидагига нисбатан ярим километр қуйида ўтар эди.

Бизнинг кунларда ҳам Арашон булоққа етиб бориш осон иш эмас. Тошкентдан Фарғона водийсига қараб йўлга чиқишингиз билан А-373 халқаро Тошкент-Ўш трассасидан Қамчиқ довонига етмай туриб Эртош посёлкасидан чапга буриласиз. Шундан сўнг чегара заставасида ҳужжатлар текшируви ва рўйхатидан ўтасиз. Кейин тоғдаги ўнқир-чўнқир йўлларга мослашган автомобилда яна 60 километр юришга тўғри келади. Йўл жуда ҳам ёмонлиги боис тезликни соатига 30 километрдан ошириб юришнинг иложи йўқ. Келимчик жилғаси бўйлаб Тошкент ва Наманган вилоятлари ўртасидаги маъмурий чегара ўтган, унинг ортида кишини ҳайратга солувчи гўзалликлар ва афсуски мутлақо йўлсизликлар бошланади.

Арашонда бир нечта кўллар бор. Биринчиси, энг кичкинаси – иссиқ булоқ ёнида жойлашгани Хўжа Арашон деб аталади ва баъзида қуриб туради ҳам. Унинг ортида тош ўзанда деярли бир чақиримга чўзилган Узун кўл жойлашган. Унинг нариги четидаги туби ботқоқлашиб қетган, балчиғи эса баланд тоғ қуёши остида куйиб кетган чўкинди жинслари каби қизғиш рангда. Агар унинг ўнг қирғоғидан 200 метрга юқорига кўтарилса, деярли тўғри геометрик шаклга эга бўлган Юмалоқ кўлга кўзингиз тушади. Янада юқорироққа чиқилса, денгиз сатҳидан 2795 метр баландликда ўткир чўққили қоялар орасида улуғсифат Юқори кўл жойлашган, унинг суви жуда ҳам совуқ, қирғоқлари эса эгри-бугри. Бу кўлнинг чуқурлиги борасида шу чоққача аниқ маълумотлар йўқ.

Тиёншон нодир юмронқозиғи. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Кўлни қуршаб турган ландшафт Альп тоғларининг юқори ҳудудига мос келади, у ерда ҳатто бутасимон ўсимликлар ҳам йўқ. Ёз ўрталарига келиб бу ерда қисқа муддат давомида барча турдаги – сариқ сачратқи, деярли тўқ сариқ леонтислар, қизил лолақизғалдоқ, зангори бўтакўзлардан иборат рангларнинг жилосини кузатиш мумкин. Унчалик баланд бўлмаган майсалар орасида зир югураётган тиёншоннинг реликт юмронқозиқлари ва балиқчи қушларни кўрасиз. Бироқ ҳаётнинг бу каби камтарона тантанаси узоқ чўзилмайди. Куз бошланиши билан қор ва музликлар Чотқол тоғ тизмаларининг яқин чўққиларидан бу ерга яна қайтиб тушади.

Андрея Кудряшов фотосуратлари / «Фергана»

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ