Хўжа Аҳрор — пайғамбарларнинг суҳбатдоши

збекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн биринчи очерк. Авлиё сиёсатчи
Хўжа Аҳрорнинг Самарқанддаги мақбараси ва маданий-диний маркази (XVII-XXI аср). Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очерклар туркумини чоп этишда давом этади. Бизнинг бугунги материалимизда “Нақшбандия” тариқатининг устуни, ўрта асрлар суфийси Хўжа Аҳрор ҳақида ҳикоя қилинади.

Набий ва Исо Масиҳ алайҳиссаломларнинг намоён бўлишлари

Тошкентлик машҳур валий Хованди Тоҳур вафот этганларидан сўнг эллик йил ўтиб боғустонлик эшонлар авлодларининг Чорвоқдаги хонадони Марказий Осиёга ўз даврининг энг нуфузли шайхи ва сиёсатчисига айланган янги мусулмон валийсини туҳфа қилди. 1404 йилда Боғустон қишлоғида шайх Умар Валий авлодларининг оиласида шайх ат-Тоҳурнинг эвараси Носириддин Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд дунёга келди. Муқаддас Рамазон ойининг 27-чи кечаси – Лайлатулқадр тунида туғилгани учун унга Аллоҳнинг кичкина қули маъносини берувчи исмини бердилар. Ислом таълимотига кўра, Аллоҳ Таъало айнан Қадр кечасида ўзининг улуғ фаришталаридан бири Жаброил алайҳисаллом орқали пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръоннинг биринчи сурасини нозил қилган.

Носириддин Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд – Хўжа Аҳрор туғилган Тиёншон тоғидаги Боғустон. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ривоятга кўра, Носириддин Убайдуллоҳ ўз ҳаётининг дастлабки фурсатларидаёқ бўлажак авлиёларга муносиб тарзда ғайриоддий сифатларини намоён этган эканлар. Қирқ кунгача оналарининг кўкракларидан сут ичмай, ўзларининг биринчи рўзаларини тутишга яраган эканлар. Ота-оналари томонидан янги туғилган чақалоқ шарафига ақиқа муносабати билан ёзилган дастурхон атрофида ҳамқишлоқлари тўплаганларида, зиёфатни бекор қилишга тўғри келди – ўша фурсатда Амир Темурнинг ўлими ҳақида хабар етиб келди.

Болалик ва ўсмирлик чоғида Убайдуллоҳ тенгқурлари билан ўйнашга шошилмас, вақтининг аксариятини валийлик даражасига етишган аждодларнинг мозорларида ёлғиз қолиш ҳамда суфийлик ҳикматларини ўрганишни афзал кўриб юрган. У тез-тез зикрнинг маҳфий услуби – Тангри Таъалонинг исмларини хаёлида қайтарар ва ҳатто шовқин-суронга тўла бозорда юрганида ҳам атрофида содир бўлаётган ҳодиса ва воқеалар унинг эътиборидан ҳоли қолар эди. Ўспириннинг риёзатга мойиллиги очиқ ва равшан эди ва шунинг учун ҳам ота-онаси 22 ёшли Убайдуллоҳни илм талаби мақсадида Самарқанддаги энг яхши мадрасага жўнатдилар. Самарқандда Шоҳи Зинда (тирик шоҳ) номи билан танилган Қусам ибн Аббос (розиаллоҳу анҳу) мақбарасида зикрга кириб ўтирган пайтда унга пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Исо (алайҳисалом) намоён бўлдилар.

Дарвишлик қисматига рози бўлган Носириддин Убайдуллоҳ мутасаввифлик тариқатининг асосчиси шайх Баҳоуддин Нақшбандийнинг меросига шерик бўлиш мақсадида Самарқанддан Бухорога қараб йўл олди. 1430 йилда Нақшбанднинг буюк издоши, эшон Ёқуб ибн Усмон ал-Чархий ҳақида эшитиб қолди ва уни излаб Ҳисор тоғларига қараб йўл олди. Ваниҳоят, у ал-Чархийнинг ҳужраси жойлашган Халқату тоғ қишлоғига етиб келганида, у шунчалик ҳолдан тойган эдики, ҳушини йўқотиб йигирма кун безгак тутиб ётди. Шу қишлоқ аҳолиси дарвиш ётган жойида жонини берса керак, деган хаёлга борди.

Хўжа Аҳрорнинг Самарқанддаги мақбараси ва маданий-диний маркази. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Аммо Носириддин Убайдуллоҳнинг умрида бор экан, у ўзига келиб шифо топади ва ал-Чархийдан таълим ола бошлайди. Устоз тез фурсатда шогирдининг ақл-заковати ва истеъдодига ишонч ҳосил қилади ва унинг руҳоний ютуқларини тан олади. Натижада, Убайдуллоҳ устозининг қўлидан иршод – суфийликдан устозлик қилиш ҳуқуқини берувчи ёрлиқни олди. Бундан ташқари, ёрлиқ Хўжа Аҳрор суфийлик устозларнинг силсиласини мерос марҳаматини Ёқуб ал-Чархий орқали қўлга киритганини англатади. Шундан сўнг ёш шайх Ҳиротга кўчиб бориб, беш йил давомида суфийликнинг машҳур устози Саид Табризийга шогирдлик қилди.

Ал-Чархий иршод билан бирга Баҳоуддин Нақшбанднинг “дил ба ёру, даст ба кор” (“«Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”) деган ҳаётбахш ҳикматини Носириддин Убайдуллоҳга топширди.

Нақшбанд тариқати ўша даврда ўз издошларининг ҳаёти учун дастурул-амал сифатида шиор қилиб олган камтарлик ва меҳнатсеварликка ундовчи ушбу ўгити таркидунёчиликдан ҳамда садақа ҳисобига кун кечиришдан воз кечишни, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш лозимлигини англатар эди. Асосан Яссавия тариқати издошлари амал қилаётган тасаввуфона зоҳидликнинг ортиқ даражадаги шакли ўз вақтида туркий элатларнинг кўчманчилик ва ярим ўтроқ ҳаёт тарзи билан узвий боғланиб кетган эди. Бироқ Амир Темур ва унинг яқин авлодлари ҳукмдорлиги даврида мустаҳкам давлат мафкураси ўрнатилаётган эди. Нақшбандия тариқати аввали бошдан кўпроқ ўтроқ деҳқонлар ва шаҳарлик ҳунармандлар орасида тарқаган эди. Тариқат бундан кейин ҳам ўзининг доктринасини уларнинг ҳаёт тарзига мослаштириб келди. Аста-секин у дунёвий ҳукмдорлар билан биринчи навбатда руҳоний ҳокимиятга эгалик ҳуқуқини талаша бошлади ва бу билангина кифояланиб қолмади.

Султонни ким ўлдирди?

Шайх Носириддин Убайдуллоҳ 1432 йилда Тошкентга қайтиб келди ва бу ерда ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш тамойилини қатъият ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ эта бошлади. Тез орада уни Аллоҳга назр қилинган деган маъносини берувчи Хўжа Аҳрор номи билан атай бошладилар. Кейинроқ унинг номига валий мақоми қўшилди.

Хўжа Аҳрор ўз издошларини солиҳнинг вазифаси нафақат ўзини қутқаришдан, балки бутун инсониятни қутқаришдан иборат дея ўргатар эдилар. Кунда шуғулланаётган ҳунар ёки ер ҳайдаш, жамоат ҳаётида иштирок этиш ва ҳатто сиёсат каби кундалик ташвишлардан воз кечиб бу масалани ҳал қилиб бўлмаслигини уқтирувчи таълимотни сингдирар эди.

Хўжа Аҳрорнинг Самарқанддаги мақбараси ва маданий-диний маркази. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Аввалига ёш шайх Тошкентда улуғ бобоси Хованди Тоҳурга ўхшаб ҳаёт кечирар – кўп вақтини ибодатда ўтказар, кам гапирар, ёмон одамларни ўзига яқинлаштирмас ва ўзи ҳам кўнгилочар жойларга яқинлашмас, оддий бўз либосларни кийиб юрар, етимларнинг бошини силар, касал, беваларнинг ҳолидан хабар олиб турар эди. Кейинроқ Хўжа Аҳрор деҳқончилик билан қизиқиб қолди ва Паркент ёнидан бир таноб ерни ижарага олди. Боғустондаги қариндошларидан иккита хўкиз олиб келиб деҳқончилик билан шуғуллана бошлади. Волийга кўра, у зироатчилик билан шуғулланар экан, зикр давомида унга аён бўлган кўрсатмаларга амал қила бошлаган. Аввали бошдан у ғаройиб тарзда ҳар бир ер майдони учун тўғри экинларни танлаган ва пировардида, у зироатчилик соҳасида улкан муваффақиятларга эришиб, катта-катта ҳосил олиб келган. Бунинг натижаси унга 1430 йилда айниқса кор келган. Ўшанда мамлакатда қурғоқчилик юз бериб, очарчилик бошланган ва Хўжа Аҳрор халқ учун ўз омборларининг эшикларини очиб қўйган. Шайхнинг саҳийлиги унинг шуҳратини ошириб, кўпчилик юртдошларининг қалбини ўзига мойил қилган.

Тез орада Хўжа Аҳрор издошларининг сони бир неча минглар билан ўлчанадиган бўлди. Олис-олислардан келаётган муридлар орасида етарли даражада кибор ва давлатманд одамлар ҳам бор эди. Анъанага кўра, улар устозининг олдига ҳадия ва тортиқлар билан келишар ва худди шунақа анъаналарга мувофиқ Хўжа Аҳрор ушбу туҳфаларни хайрияга сарфлар ва бунинг ортидан ўзининг обрўси ва шуҳратини янада кўтарар эди. Тортиқларнинг каттароқ қисми Нақшбандийа тариқатига ўтказилар, тариқат шайхлари ва устозлари Хўжа Аҳрорни “қутубиддин” – диннинг қутби деб аташар эди. Замондошларнинг гувоҳлик беришича, авлиёнинг ҳаётлик чоғида Тошкент ва Самарқанд атрофида минглаб гектар ерлари, сон-саноқсиз чорвалари, уюр-уюр биялари ва туялари бўлган. Шу билан бирга, Хўжа Аҳрор камтарона ҳаёт кечирар, кўриниши билан кўпчиликдан ажралмас, улкан маблағларини мадраса ва масжидлар қурилишига сарфлар эди.

Хўжа Аҳрорнинг Самарқанддаги мақбараси ва маданий-диний маркази. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўша даврнинг машҳур шоири ва ёзувчиси Алишер Навоий ўзининг “Насоимул-муҳаббат мин шамоилил-футувват” китобида Хўжа Аҳрор ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Рум ва Мисрдан Хитой ва Ҳиндистонгача бўлган ҳудудларда Хуросон, Озарбайжон каби мамлакатларнинг кўплаб мусулмон ҳукмдорлари ўзларини Хўжа Аҳрорнинг сафдошлари ва муридлари деб ҳисоблаганлар”. Хўжа Аҳрорнинг бошқа замондоши, форс ёзувчиси Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомий у ҳақда: “Хўжалар Хожаси – модданинг моҳиятини англаган инсон. Унинг олийжаноблиги, ташқи кўриниши ва руҳоний қуввати олдида одамлар тиз чўкканлар”, деб ёзади.

“Илмий атеизм” руҳи билан суғорилган совет тарихчилари Хўжа Аҳрорни Амир Темурнинг набираси, Самарқанднинг маърифатпарвар ҳукмдори, файласуф ва астроном Муҳаммад Тарағай ибн Шоҳруҳ Улуғбекка қарши уюштирилган суиқасдга алоқадор деб ҳисоблагандилар. Бироқ ушбу версияни ҳужжат билан тасдиқлайдиган бирорта далил йўқ.

Султон Мирзо Улуғбек чиндан ҳам 1449 йилда ўзининг ўғли Абдуллатифнинг буйруғи билан қатл этилган. Шундан кейин кўп вақт ўтмай Темурийлар давлатларида ўзаро қонли урушлар бошланиб кетди. Абдуллатиф бор-йўғи ярим йил тахтда ўтирди ва 1450 йил май ойида уни Самарқанд четида Улуғбекнинг навкари Бобо Ҳусайн ўлдирди. Навбатдаги султон Абдуллоҳ ибн Иброҳим тахтда аттиги бир йил ўтирди ва шундан сўнг уни Темурнинг эвараси, султон Абу Саид ағдариб, қатл этди. Абу Саид ёрдамга кўчманчи ўзбеклар хони Абулхайрдан кўмак сўради, 1451 йилда Самарқанд учун ҳал қилувчи жанг арафасида эса шахсан ўзи Хўжа Аҳрорнинг олдига келиб, дуо олди.

Маслаҳатчи лавозимидаги авлиё

Абу Саид ғалаба қозонганидан сўнг Хўжа Аҳрор янги султоннинг саройига таклиф қилинди ва шундан кейин у султоннинг энг яқин маслаҳатчиси ва ўғилларининг руҳоний устозига айланди. Баъзи тарихчилар айни шу фурсатдан бошлаб ҳокимият тизгинлари амалда Хўжа Аҳрорнинг қўлига ўтди, деб ҳисоблайдилар. Ана ўшан дамдан бошлаб Марказий Осиёда Мирзо Улуғбек замонасидаги маданий ренессанс диний контрренессанс кириб келиши билан алмашди.

Шариатга тўғри келмайди дея тан олинган барча ҳодиса-воқеалар жамият ҳаётидан қатъиятлик билан йўқ қилинди. Давлат бошқарувида мусулмон уламоларининг роли сезиларли даражада кучайди. Шу билан бирга, 1460 йилда Хўжа Аҳрор султон Абу Саидга таъсир ўтказиб, халқ учун оғир келадиган тамға солиғини бекор қилишга эришилди. Бу солиқ маҳаллий аҳолидан мўғуллар ҳукмронлиги давридан бери ундириб келиниб, на Ислом ва Шариат меъёрларига тўғри келарди. Бундан ташқари, Хўжа Аҳрор Темурийлар салтанатида жорий қилинган чиғатой жазо тизимини юмшатишга эришди. Қонунчликдаги ушбу ўзгаришлар бутун минтақа бўйлаб ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалиги ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди.

Самарқандга жўнаб кетишдан аввал шайх Убайдуллоҳ Тошкент аҳолиси учун ўз маблағлари ҳисобидан Жомеъ масжиди қуриб берди. Ибодатхона кўҳна Чорсу бозори ёнида, тўққиз аср муқаддам шаҳарга асос солган Яҳъё ибн Асад Сомоний биринчи масжидни барпо этган жойда қад кўтарди. ҳурмат ва эҳтиром қуршовида 85 ёшгача яшаган Носириддин Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Хўжа Аҳрор Шоший 1489 йилда вафот этди. Унинг қабри устига катта оқ мармар тош ўрнатилган бўлиб, унда араб тилида кўплаб марсиялар битилган.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Чорсу бозори ёнидаги XIX аср Хўжа Аҳрор жомеъ масжиди (“Оқпошшо масжиди”) ва Кўкалдош мадрасаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Хўжа Аҳрор вафот этганидан ўн тўрт йил ўтиб Муҳаммад Шайбонийхон бошчилигидаги кўчманчи қабилалар Тошкентни забт этдилар ва тез орада Самарқанд ва Бухорони ўз мулкига қўшиб олдилар. Уларга Темурийлар сулоласидан фақат Фарғона вилоятининг ёш ҳукмдори, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир муддат давомида қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Кейинчалик нафақат истеъдодли лашкарбоши, балки файласуф ва шоир сифатида шуҳрат қозониб, Шимолий Ҳиндистонда Буюк Мўғуллар империясини яратган Бобур ўзини Хўжа Аҳрорнинг мухлисларидан деб ҳисобларди. Мисол учун, Носириддий Убайдуллоҳнинг Аллоҳни англаш ва Нақшбандия тариқатнинг ички ҳаётини танишга бағишланган “Рисолаи Волидия” рисоласи Бобур томонидан форс тилидан туркийга таржима қилинган.

Шу вақт ичида Марказий Осиёни бошқараётган Шайбонийхонлар сулоласининг ҳукмдорлари Нақшбандия тариқатининг тобора ўсиб бораётган таъсиридан хавотирга тушиб, Хўжа Аҳрорга қарашли барча ер ва мулкларини мусодара қилдилар. Шу билан бирга, улар тариқатни тарқатиб юборишга уринмаганлари ҳам рост. Боз устига, XVI асрда Тошкентда шайбонийлар Хўжа Аҳрор жомеъ масжиди ёнида машҳур Кўкалдош мадрасасини қуриб битирдилар. Айни пайтда ушбу мадраса ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Бундан ташқари, Ҳасти Имом майдони ҳамда Хованди Тоҳур мақбараси ёнидаги кўплаб бинолар қайта тикланди ёки қурилиши ниҳоясига етказилди. Хованди Тоҳур мақбараси ёнида, шунингдек, Юнусхон Мўғулистоний мақбараси барпо этилди.

200 йил ўтиб 1866, 1868 ва 1886 йилларда Россия империяси Туркистон генерал-губернаторлигининг пойтахтига айланган Тошкентни даҳшатли зилзилалар ларзага солди. Сўнгги зилзила айниқса кучли бўлиб, шаҳарнинг деярли ҳамма эски иморатларини, шу жумладан, Ҳасти Имом ва Эски Жўва даҳалардаги ёдгорликларни вайрон қилди. Биргина шайх Хованди Тоҳур мақбараси омон қолди. Чорсу бозори ёнидаги Хўжа Аҳрор жомеъ масжиди жуда қаттиқ шикастланди ва йигирма йил ўтиб Россия императори Александр III мусулмонларга ҳадия қилган пуллар ҳисобига қайта тикланди ва шу важдан халқ орасида “Оқ пошшо” масжиди деб атала бошланди.

Бизнинг кунларда зиёратчилар 1630 йилда Бухоро амири Имомқулихоннинг маслаҳатчиси, вазир Нодир девонбеги томонидан қурилган Хўжа Аҳрор ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришни яхши кўрадилар. Олдин айтилганидек, бошланишида қурилган иншоотлар – масжид, мадраса ва хонақо XIX аср охирида бўлиб ўтган зилзиладан қаттиқ шикастланган эди. Бироқ уларнинг тарихий сиймоси ХХ аср бошидан бери бугунги кунгача амалга оширилган қатор реконструциялар давомида пухталик билан қайта тикланди. Гарчи мажмуа бугунги кунда Самарқанд шаҳри теграси ичида жойлашган бўлса ҳам, унда хотиржамлик ва ҳилватлик муҳити ҳукм сурмоқда. Одатда бу ерда чет эллик саёҳатчиларга нисбатан мусулмон зиёратчиларининг сони кўпроқ. Эътиборга лойиқ ери шундаки, Ўзбекистонда эъзозланадиган мусулмон авлиёлардан биргина Хўжа Аҳрорнинг номи эл орасида қандайдир эртакнамо қаҳрамонликлар ёки кароматлар тўғрисидаги ривоят ва афсоналар билан деярли безалмаган.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / “Фарғона”

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Абадий ҳаёт тўғрисидаги афсона ҳамда Ислом Каримов қабрига велосипедда бориб зиёрат қилиб келиш ҳақида

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Дониёл пайғамбар ва Хўжа Дониёл қандай қилиб битта мақбарада сиғишгани тўғрисида

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн бешинчи очерк. Қуёш соати ва бокира ҳомиладорлик

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн тўртинчи очерк. Пешағор ғори ва мўъжизавий булоқ