Толиблар афғон хавфсизлик кучлари ва ҳукумат мулозимларига смартфонлардан фойдаланишни тақиқлади

topwar.ru сайти фотосурати

«Толибон» радикал ҳаракатининг* олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода гуруҳ аъзолари ва ҳукумат амалдорларига смартфонлардан фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолади. Қоидабузарлар ҳарбий судга тортилади, деб хабар беради Afghanistan International нашри ҳужжатга таяниб.

Толиблар ва ҳукумат амалдорлари бир-бири билан алоқа қилиш учун фақат «оддий телефонлар»дан фойдаланишлари керак бўлади. Смартфонлардан фойдаланганлиги аниқланган ҳар бир киши жиноятчи деб эълон қилинади ва ҳарбий суд томонидан жавобгарликка тортилади. Бироқ, тақиқни бузганлар учун қандай жазо қўлланиши очиқланмаган.

Янги фармоннинг мақсади «Толибон» аъзолари ва ҳукумат амалдорларининг интернетдан нотўғри фойдаланиши ва «ахлоқсиз контент»ларни кўришининг олдини олишдир.

Охундзода имзолаган ҳужжат полиция қўмондонлари ва разведка хизматлари раҳбарлари қўлига етиб борган. Ҳарбий суд мулозимларига ҳам кўрсатмага тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш ва тегишли кафолатлар бериш топширилган. Шу муносабат билан, кузатув остидаги ҳар бир шахснинг исми, лавозими, хизмат жойи ва мобил телефон рақами кўрсатилган махсус кузатув рўйхати тузилган.

Юқори лавозимли амалдорлар энди ўз қўл остидаги ходимларнинг смартфонлардан фойдаланмасликларини назорат қилишга масъул бўладилар.

Оммавий ахборот воситалари хабар беришича, бир неча кун олдин толибларнинг Таълим вазирлиги томонидан алоҳида буйруқ чиқарилган бўлиб, унга кўра оддий мактаблар ва диний муассасалар ўқувчиларига мактабга смартфон олиб кириш тақиқланган

Сўз ўрнида, Охундзода 2025 йили афғонларни замонавий гаджетлардан фойдаланиш вақтини қисқартиришга чақирган эди. Шу билан бирга, мамлакат Олий таълим вазири Нида Муҳаммад Надим ҳатто смартфонларни «мусулмонларнинг асосий душманларидан бири» деб атаган эди. Ўтган йил октябрь ойида амалдор замонавий алоқа воситаларини университетга олиб кириш тақиқланганини, истисно фақат университет ректорлари ва таълим марказлари раҳбарлари учун бўлишини таъкидлашганди.

Ҳозирда Афғонистонни бошқараётган толиблар вақти-вақти билан диний нормаларга зид деб ҳисоблаган ҳар қандай ҳаракатларга чекловлар қўяди. Масалан, 2024 йили улар оммавий ахборот воситаларида тирик мавжудотлар тасвирларини кўрсатишни тақиқлай бошлагандилар. Ўтган йили эса радикал ҳаракат етакчиси бир қатор анъанавий тўй маросимларини «шариатга зид» ва оилалар учун молиявий жиҳатдан оғир деб топиб, тақиқловчи фармонни чиқарганди.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ