Ўзбекистон терма жамоаси шахмат олимпиадасининг тўққизинчи турида Арманистон терма жамоасини мағлуб этиб, турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллади.
Юзма-юз учрашувга кўра, ҳар икки жамоа ҳам мағлубиятсиз майдонга тушди. Натижада тажрибали Арманистон терма жамоаси ёш ўзбекистонлик шахматчилардан мағлубиятга учради. Шу тариқа, 16 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Самвел Тер-Сааакяндан устун келган бўлса, Жаҳонгир Воҳидов Роберт Оганесяндан кучлироқ бўлди. Нодирбек Ёқуббоев ва 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов мос равишда Грант Мелкумян ва Габриел Саркисян билан дуранг натижага эришди.
Шундай қилиб, Олимпиада якунланишига икки тур қолганида 16 очко жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг якка пешқадамига айланди. Кейинги ўринлардаги Арманистон ва Ҳиндистон жамоаларида 15 очкодан бор.
Кейинги турда ўзбекистонлик шахматчилар Ҳиндистоннинг иккинчи жамоаси билан тўқнаш келишади. Арманистон терма жамоаси Озарбайжон терма жамоаси билан баҳс олиб боради. Ўзбекистонликлар ғалаба қозониб, арманистонлик спортчилар муваффақиятсизликка учраган тақдирда Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал ва тарихда биринчи марта катталар ўртасидаги шахмат Олимпиадаси чемпионига айланади.
Ўзбекистонликлар турнирда бирорта ҳам мағлубият аламини тотиб кўрмаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда.
Олимпиадада Марказий Осиё давлатларининг бошқа терма жамоалари ҳам иштирок этмоқди. Қозоғистон шахматчилари 12 очко билан турнир жадвалида 25-ўрин, Тожикистон 11 очко билан 51-ўринда, Қирғизистон 9 билан 64-ўринни эгаллаб турибди.
Ўз навбатида, аёллар ўртасидаги турнирда Қозоғистон терма жамоаси 15 очко билан учинчи ўринни эгаллаб, Олимпиадада ғолиб чиқиш имкониятини сақлаб қолди. Ўзбекистонлик аёллар 10 очко билан 49-қаторда, қирғизистонлик аёллар 9 очко билан 69-чи қаторда, тожикистонлик аёллар 9 очко билан 77-чи қаторда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йили деярли бир хил таркибда – Синдаров, Воҳидов, Ёқуббоев ва Абдусатторовлар, шунингдек, Ситора Сапарова ўсмирлар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
28 июлдан 10 августгача Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 44-шахмат Олимпиадаси бўлиб ўтмоқда.
2021 йил январь ойида Ўзбекистонда 2025 йилгача республикада шахматни ривожлантириш Давлат дастури тасдиқланган эди. Унинг доирасида барча мактабларда иккинчи синфдан тўртинчи синфгача ўқувчилар учун шахматни ўргатиш режалаштирилган. Ҳар йили мактабларда «Шахмат ойлиги», таълим муассасалари ўртасида «Шоҳруҳ» жамоавий турнири, «Жисмоний тарбия» фанидан ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида шахмат бўйича республика биринчилиги ўтказилиши режалаштирилган. Июнь-август ойларида маҳаллаларда болалар ўртасида шахмат бўйича «Маҳалла кубоги», май-июль ойларида «Шахматчи оила» турнири ўтказилиши белгиланди.
2018 йил июнь ойи бошида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE)нинг ўша пайтдаги президенти Кирсан Илюмжинов Ўзбекистон шахматнинг ватани эканини айтганди. У бу фактни расман тан олиш илтимоси билан Халқаро Олимпия қўмитасига мурожаат қилишга ваъда берди.