Россиянинг Utair авиакомпанияси Уфадан Тошкентга парвозни йўлга қўйди. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар беради.
«Бу йил ёзда биз Ўзбекистонга парвозлар географиясини сезиларли даражада кенгайтирдик. Utairнинг парвозлар жадвалига Москва, Санкт-Петербург, Сургут, Тюмен ва Уфадан Тошкентга парвозлар киритилган. Бухоро, Самарқанд ва Фарғонага – Москвадан. Шунингдек, биз Россиянинг йирик минтақавий марказларидан Ўзбекистонга янги рейсларни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқяпмиз», — дейди «Utair йўловчи авиакомпанияси» президенти Олег Семенов.
Июль ойида Уфа-Тошкент йўналиши бўйича парвозлар пайшанба кунлари, август ойида эса жума кунлари ҳам амалга оширилади. Қарама-қарши йўналишда Тошкент – Уфа рейси июль ойида жума кунлари, август ойида эса шанба кунлари йўлга қўйилади.
Уфадан учиш — 21:55 да, Тошкентдан — 01:45 да (ҳар бир аэропорт учун маҳаллий вақт).
Ташувчи сайтида қайд этилишича, унинг парки Boeing-737, Boeing-767 ва ATR 72-500 самолётлари ҳамда турли русумдаги вертолётлардан иборат.