Россияда ташкиллаштирилган тартибга ишга ёлланган ўзбекистонликлар сони олти баробарга камайган

Амур вилоятида ишлаш учун кераётган ўзбекистонликлар. ТММА матбуот маркази фотосурати

Ўзбекистондан Россияга меҳнат муҳожирларини ташкиллаштирилган тартибда ишга ёллаш ўтган йилга нисбатан қарийб олти бараварга камайди, деб ёзади «Интерфакс» республика Бандлик ва меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграция агентлиги (ТММА) маълумотларига таяниб.

ТММА жорий йилнинг дастлабки олти ойида 3906 нафар ўзбекистонлик ташкиллаштирилган тартибда ишлаш учун Россияга жўнаб кетганини маълум қилди. 2021 йилнинг шу даврида 22 116 нафар Ўзбекистон фуқароси шу тарзда Россия Федерациясига ишлаш учун кетганди.

2017 йилнинг 5 апрелида Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини ташкил этиш ва жалб этиш тўғрисида шартнома имзоланган эди. Бу иш берувчиларнинг илтимосига биноан ишчиларни танлаш, Россия Федерациясида меҳнат фаолияти учун патент олиш учун барча зарур тартиб-қоидалардан ўтиш, иш жойига жўнатиш ва бошқа тадбирларни ўз ичига олади.

ТММА маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида агентлик орқали 2687 нафар ўзбекистонлик Жанубий Кореяга, 53 нафар Қозоғистонга, 31 нафар Германияга, 410 нафари Сербияга, яна 14 нафар ўзбекистонлик бошқа давлатларга ишлаш учун кетган.

Аввалроқ Канада ҳукумати Британия Колумбияси провинциясида Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш режалари ҳақида хабар берилган эди. Германияда юк автомашиналари ва йўловчи автобуслари ҳайдовчилари, қариялар уйларининг тиббиёт ходимлари, истироҳат боғлари, меҳмонхоналар ва ресторанлар ходимлари бўлиб ишга ёлланиш имкониятлари мавжуд.

Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил 1 март ҳолатига кўра, хорижда вақтинча меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони қарийб 2,4 миллион кишини ташкил этади. Уларнинг бир ярим миллиони Россияда, 366,3 минг нафари Қозоғистонда, 144,7 минг нафари Туркияда, 47,4 минг нафари Жанубий Кореяда, 348,1 минг нафари бошқа мамлакатларда меҳнат қилмоқдалар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ