Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) 12 июл куни ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхатини имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Рўйхатга нима киритилганлиги аниқланмаган. Аввалроқ, Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъати раиси Михаил Мясникович «Народное слово» газетасига берган интервьюсида халқаро муносабатларни ҳисобга олган ҳолда ўзаро савдодаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, юк темир йўл транспортини рақамлаштириш, «Евроосиё Агроэкспресс» лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон томони билан маслаҳатлашувлар ўтказиш режалари ҳақида гапирган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Мясниковични қабул қилди.
Улар Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, инновациялар, миграция ва туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилдилар.
«Савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, лойиҳавий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, миграция тартиботларини соддалаштириш ва ўзаро сайёҳлар оқимини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Томонлар ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари ўсишининг ижобий динамикасини мамнуният билан қайд этдилар. Мясниковичнинг сўзларига кўра, 2021 йил якунига кўра, ЕОИИ давлатларининг Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 2020 йилдаги 9,4 миллиард долларга нисбатан 11,6 миллиард долларни ташкил қилган. Ўсиш 22,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йили ушбу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 4,1 фоизни ташкил этган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида ЕОИИ билан ташқи савдо айланмаси 5,6 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга кўпдир.
2021 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг барча савдо шериклари умумий рейтингида ЕОИИ мамлакатлари биринчи ўринда туради. ЕОИИ экспорт ва импорт бўйича ҳам етакчилик қилади, деди Мясникович.
Евроосиё тараққиёт банки экспертларининг фикрича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан экспорт соҳасида ҳали амалга оширилмаган салоҳияти 1,1 миллиард доллардан ошади.
ЕОИИ 2015 йилда ташкил этилган. Унга Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Ўзбекистон, Молдова ва Куба ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш нияти 2019 йил 2 октябрь куни Россия Сенати спикери Валентина Матвиенко бу ҳақда маълум қилганидан сўнг маълум бўлди. Тошкент Евроосиё интеграциясидан манфаатдор эканини тасдиқлаб, ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини, иттифоққа аъзоликнинг «плюс ва минус»ларини ўрганиш жараёни давом этаётганини таъкидлади. Кейинроқ Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи мақоми билан чекланишга қарор қилгани маълум бўлди. Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ЕОИИ иқлим, электрон тижорат ва логистика лойиҳаларига қўшилиш нияти борлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) билан биргаликда мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида донор давлатлар ва тегишли халқаро ташкилотлар билан мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистоннинг бу йўлдаги ҳаракатларини юқори баҳоладилар, ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар ва Ўзбекистоннинг жорий устувор йўналишлари ва вазифаларини ҳисобга олган ҳолда техник ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.