Ўзбекистон ТММА: 6 ой ичида хорижий иш берувчилардан 500 минг доллардан ортиқ иш ҳақи ундирилди

ТММА ВАКИЛИ САНКТ-ПЕТЕРБУРГДАГИ ЎЗБЕКИСТОНЛИК ИШЧИЛАР БИЛАН СУҲБАТЛАШМОҚДА. ЎЗБЕКИСТОН БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Жорий йилнинг 6 ойи давомида меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган 523 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) хабар беради.

Агентлик томонидан 3 минг 816 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 82 минг 826 нафар меҳнат мигрантига маслаҳат хизматилари, 11 минг 078 нафар меҳнат мигрантига ижтимоий ёрдам, 1 минг 627 нафар меҳнат мигрантига моддий ёрдам кўрсатилган.

Хориждан қайтган 369 минг 566 нафар фуқаронинг 262 минг 147 нафари бандлиги таъминланган.

«Жумладан 56 мингдан ортиғига меҳнат органлари томонидан бандлик хизматлари кўрсатиш орқали иш билан банд қилинди,9 минг 80 нафари касб ва тадбиркорликка ўқитилди», – дейилапди ТММА хабарида.

427 нафар қийин аҳолга тушиб қолган, 55 нафар Россия Федерацияси ИИВнинг вақтинчалик сақлаш марказларидан бўлган фуқаро Ватанга қайтарилган.

«Ўзбекистонга қайтарилганларнинг аксариятини турли сабабларга кўра чет элда қийин вазиятда қолиб кетганлар, жумладан, вақтинча сақлаш марказларида сақланаётганлар, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолганлар, тиббий ёрдамга муҳтожлар ташкил этади. Мана, куни кеча агентлигимизнинг Москва шаҳридаги ваколатхонаси негизидаги Меҳнат мигрантларининг мурожаатлари билан ишлаш ва уларга ҳуқуқий кўмаклашиш маркази ходимлари ёрдами билан маҳаллий корхонада ишлаётган вақтида жароҳат олиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган юртдошимиз Ўзбекистонга давлат ҳисобидан олиб келинди. Бундан ташқари, ушбу фуқарога меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолгани учун компенсация пули, даволаниш харажатларини иш берувчидан ундириб бериш масаласи ҳам ҳал қилинмоқда», -дея Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғининг матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг сўзларини келтиради Kun.uz.

Норовнинг сўзларига кўра, 427 нафар фуқародан 69 нафарининг транспорт харажатлари Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан қопланган. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш учун мигрантлар меҳнат шартномаси, патент ва хорижда қонуний ишлаш имконини берувчи бошқа ҳужжатларни тақдим этишлари керак.

«Жорий йилда ватанга олиб келинганлардан 37 нафарининг харажатлари хорижий мамлакатдаги вакилларимиз топган ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қопланган. 3 нафар ўзбекистонлик Халқаро миграция ташкилоти ҳисобидан, қолгани эса Ўзбекистоннинг чет давлатдаги консуллик идоралари томонидан қайтарилган», — дея қўшимча қилади ТММА вакили.

Йил бошидан буён ТММА Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Япония, Украина, Португалия, Таиланд, АҚШ ва Францияда жойлашган 43 та ўзбек диаспоралари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаган.

Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил 1 март ҳолатига кўра, хорижда вақтинча меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони қарийб 2,4 миллион кишини ташкил этади. Уларнинг бир ярим миллиони Россияда, 366,3 минг нафари Қозоғистонда, 144,7 минг нафари Туркияда, 47,4 минг нафари Жанубий Кореяда, 348,1 минг нафари бошқа мамлакатларда меҳнат қилмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга хориждан 4,19 миллиард доллар пул ўтказмалари келиб тушган, бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61 фоизга кўпдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ