Беларусь Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза топширган ва сентябьр ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида уни қабул қилиш тартиби бошланиши мумкин. Эрон ШҲТга қабул қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б Владимир Норов маълум қилди, деб хабар беради РИА Новости.
«Ҳозирда Беларусь [ШҲТга аъзо бўлиш учун] ариза берди. Бугун Беларуснинг ушбу мурожаати аъзо давлатларга юборилди. Агар умумий қарор қабул қилинса ва шундай бўлади, деб ўйлайман, Самарқанд саммитида Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиш тартиб-қоидаларини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинади», — деди Норов Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси биносида бўлиб ўтган давра суҳбатида.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиш эҳтимоли ҳақида маълумот бераркан, «Самарқандда Эроннинг ШҲТ аъзоси сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум ҳам имзоланишини» таъкидлади.
Эронни ШҲТга қабул қилиш тартиби 2021 йил сентябрида ташкилотнинг Душанбедаги саммитида бошланган эди. Самарқанд саммити жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунларига белгиланган.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти 2001 йил июнь ойида ташкил этилган бўлиб, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари тегишли декларацияни имзолаган эди. Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга 2017 йили қўшилган. ШҲТда кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка.
Давра суҳбатида Норов Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар пайтида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлагани учун Россияга миннатдорчилик билдирди.
Норовнинг таъкидлашича, тартибсизликлар конституцияга ўзгартиришлар киритиш муҳокамаси чоғида бошланган, зеро муҳокамаларнинг ўзи барча баҳсли масалаларни диққат билан муҳокама қилишга йўналтирилган.
«Афсуски, бу жараён [муҳокама] Қорақалпоғистонда референдум тўғрисидаги қонунда белгиланган шакл бузилиши билан кечди. Чунки буларнинг барчаси зўравонлик билан эмас, балки фуқароларнинг фикрлари, таклифларини муҳокама қилиш орқали амалга оширилиши лозим эди – буларнинг барчаси инобатга олинди», — деди Норов.
Унинг сўзларига кўра, «Умумхалқ муҳокамасига қўйилган конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларга норозилик баҳонасида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига рахна солишга ҳаракат қилинган. Албатта, бу чет аралашувисиз бўлмаган.
1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда тартибсизликлар содир бўлди. Тез орада тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишларига Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетини маҳрум қилишни назарда тутувчи бир неча ўзгартиришлар киритилиши сабаб бўлди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 18 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар яраланган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга етиб келиб, мазкур тузатишлар бекор қилинишини айтганидан сўнг тартибсизликлар тўхтаган.
Суверен республикада 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат, шунингдек комендантлик соати жорий этилди. 4 июль куни Ўзбекистон парламенти Конституцияга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси яна ўн кунга, 15 июлга қадар узайтирилишини эълон қилди.