Ўзбекистон президенти «Қорақалпоғистон Республикасида 2022–2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Мирзиёев қуйидагиларни ташкил этиш бўйича топшириқ берди:
👉 Қорақалпоғистон Республикасида сурункали касаллиги ва ногиронлиги мавжуд бўлган болалар учун 120 ўринли Болалар тиббий реабилитация маркази;
👉 80 ўринли Болалар фтизиатрия санаторийси;
👉 Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида 20 ўринли хирургия бўлими;
👉 Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт марказининг хирургия бўлими негизида академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиали;
👉 Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида мавжуд ўринлар доирасида умидсиз оғир беморлар учун 20 ўринли паллиатив ёрдам кўрсатадиган бўлим (хоспис).
👉 бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда қўшимча 34 та маҳалла тиббиёт пунктлари.
2022 йил якунига қадар тез тиббий ёрдам хизмати 63 та янгитез тиббий ёрдам махсус автотранспортлар билан таъминланади. 1 сентябрдан кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиника филиаллари негизида 16 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади. Қорақалпоғистонда болалар орасида кўп учраётган касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 2–10 ёшли болалар орасида гельминтоз, 12–15 ёшли қизлар орасида камқонлик касаллиги бўйича скрининг дастурлари жорий этилади.
Қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирининг Оролбўйи минтақасида тиббий хизмат бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди.
Вазир ўринбосари ўз фаолиятини устувор тарзда Оролбўйи минтақасида ташкил этади ҳамда соҳага оид муаммоларни шаҳар ва туманларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жойида ҳал этиб бориш учун тегишли чоралар кўрилишини таъминлайди.
1 июлдан лепрозорийларда ишлайдиган барча ходимларнинг лавозим маошига 50 фоиз миқдорида устама белгиланади.
Қарорда алоҳида кадрлар тайёрлаш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Жумладан:
▶️ камида 3 йиллик иш стажига эга оилавий шифокорларни бирламчи бўғинда тор соҳа мутахассиси сифатида ишлаши учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади;
▶️ тиббиёт ОТМ битирувчилари ҳамда тиббиёт муассасалари мутахассисларини тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизматида ишлаши учун Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади;
▶️ 2022–2024 йилларда камида 75 нафар тиббиёт ходимлари нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилади.