Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 1-2 июл кунлари Нукусда намойишчиларни тарқатиб юбориш учун махсус техник воситалар қўлланилгани акс этган видеони тақдим этди. Улар орасида бўёқли сув пуркагичлари, шовқинли гранаталар ва заҳарли газли гранаталар бор.
ИИВ хабар беришича, LW6500 сув пуркагич автомобили Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган ва 6500 литр сув сиғимига эга. 2020 йилги пандемия даврида у ҳудудларни дезинфекция қилиш учун ишлатилган.
Видеода айтилишича, одатда намойишчиларни тарқатиш учун учта рангдаги бўёқлардан фойдаланилади. Нукусда қизил ранг қўлланилгани ижтимоий тармоқларда «улкан қон кўлмаклари» ҳақидаги миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлди.
Хавфсизлик кучлари заҳарли газ ва шовқин эффектига эга бўлган гранаталардан ҳам фойдаланган. Газтарқаоганда, у кўз ва нафас йўлларига таъсир этиб, инсоннинг мувозанатни йўқотишига олиб келади.
Шу қаторида митинг етакчилари ва иштирокчиларини аниқлаш учун ўчирилмайдиган қизил бўёқли гранаталар ишлатилган.
Яна бир 705 CSS гранатаси тери ва нафас йўлларини тирнаш хусусияти берувчи газни чиқаради. Бошқа 717 STRB гранатаси қулоқни қоматга келтирадиган ва вақтинча онгни карахт қиладиган баланд овоз чиқаради.
Намойишчиларни тарқатиш вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини иштирокчилардан ажратиш учун оқ тутунли гранаталар ва 303 STRB гранаталари ҳам қўлланган, бу эса видео муаллифларининг фикрича, 25-30 метр радиусдаги одамларга енгил жароҳат етказади.
«Ушбу қурилмалар синовдан ўтган ва ўлим оқибатларига олиб келмайди», — дея таъкидлади ИИВ.
Эслатиб ўтамиз, расмий маълумотларга кўра, Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар чоғида 18 киши, жумладан, тўрт нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, 245 киши жабрланган, улардан 38 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидир. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги турли оғирликдаги тан жароҳати олган давлат органларининг 270 нафар ходимини эълон қилди. Ҳуқуқ-тартибот органларининг 23 нафар ходими оғир аҳволда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга ҳар бир ҳолатни чуқур ва холисона ўрганиш ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо бериш бўйича топшириқ берди.
«Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин», — деди Мирзиёев.