Ўзбекистон ҳукумати шаҳарлар бош режаларини ишлаб чиқиш тизимини ўзгартиради

SPUTNIKNEWS-UZ.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда маҳалла, туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида қурилиш-лойиҳа ишларини тартибга солишнинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 6 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда кўп жойларда илгари тасдиқланган бош режалар ҳозирги демографик ва иқтисодий ўсиш даражасига тўғри келмаслигини таъкидлади. Хорижий экспертлар таҳлилига кўра, агар бош режалар бўлмаса, 2030 йилга бориб инфратузилма харажатлари икки баробарга, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар эса 30 минг гектарга қисқаради.

Шу боис лойиҳалаш ва қурилиш ишлари бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди. Унга кўра, ҳудудларнинг Бош режаси ва «мастер режа»ларини ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши тузилади. Қурилиш вазирлигида Бош архитектор лавозими жорий қилиниб, унга вазирнинг биринчи ўринбосари мақоми берилади.

Вилоятларда «лойиҳа офислари» очилиб, уларга ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва вилоят Бош архитектори масъул бўлади. Шунингдек, туман ва шаҳар қурилиш бўлимига архитектор раҳбарлик қилади.

Бош режа ва «мастер режа»ни ишлаб чиқиш янгича ёндашув асосида, 3 босқичда бўлади:

👉 Биринчи босқичда Республика кенгаши муайян вилоятнинг 5, 10 ва 20 йиллик ривожланиш йўналишлари, ер ва инфратузилма чегараларини белгилайдиган “Бош схемаси”ни тасдиқлайди;

👉 Иккинчи босқичда ҳудуднинг Бош режаси ишлаб чиқилади. Бунда саноат, хизмат кўрсатиш ва аҳоли масканларини белгилаш, йўллар ва инфратузилма тармоқларини тақсимлаш кўзда тутилади;

👉 Учинчи босқичда Бош режаларга асосан, вилоят, туман ва шаҳар бош архитекторлари ҳамда ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари ўз ҳудудининг “мастер режа”ларини тасдиқлайди. Бунда уй-жойлар, мактаб, боғча, шифохона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг жойлашуви кўрсатилади.

Бир сўз билан айтганда, энди Қурилиш вазирлиги қайсидир маҳаллада дўкон қаерда бўлиши ёки бино қандай ёритилиши билан шуғулланмайди. Бундай масалалар туман ва маҳалла даражасида ҳал бўлади.

Давлат раҳбари шаҳарсозлик қоидаларини такомиллаштириш ҳамда халқаро меъёрларга мослаштириш зарурлигини таъкидлади.

Жумладан, халқаро стандартлар асосида тайёрланган лойиҳаларга Техник кенгаш хулосасини олиш тартиби бекор қилинади, хорижда экспертизадан ўтказилган лойиҳалар тўғридан-тўғри тан олинади.

Бундан ташқари, қурилишда товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш тизими ҳам тартибга солинмаган. Ишларни баҳолаш бўйича яхлит ёндашув йўқ. Оқибатда талон-торожлик ва коррупция кўп.

Шу боис шаҳарсозлик меъёрларидан қурилиш ишларини баҳолаш билан боғлиқ 147 та норма чиқариб ташланадиган бўлди. «Қурилиш ресурслари классификатори» платформасини ишга тушириб, 100 мингдан зиёд қурилиш материаллари ва хизматларининг бозор нархини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, лойиҳаларни тайёрлаш муддатини камайтириш мақсадида «Шаффоф қурилиш» дастурида «электрон каталог» яратилиб, ижтимоий объектларнинг намунавий лойиҳалари жойлаштириб борилади. Ундан барча буюртмачилар ва лойиҳа-пудрат ташкилотлари эркин фойдаланиши мумкин бўлади.

Йиғилишда вилоят ҳокимликлари қошидаги Ягона буюртмачи компаниялар фаолияти таҳлил қилинди. Уларга хорижий менежерлар, малакали архитектор ва муҳандисларни жалб қилиш, қурилиш жараёни ва иш ҳажмини ҳисоблашни рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, келгуси йилдан Ягона буюртмачи компанияларнинг лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш, янги қурилишлар бўйича техник назорат функциялари босқичма-босқич аутсорсинг асосида хусусий секторга берилади.

Президент қурилишлар сифати масаласига алоҳида тўхталди. Бу соҳадаги давлат назорат инспекцияси ходимлари ўз фаолиятини кўпроқ жарима қўллашдан иборат, деб ҳисоблайди. Аслида, қурилишдаги камчиликларнинг 70 фоизи кўпинча такрорланади ва уларнинг олдини олиш мумкин. Шу боис ушбу инспекция фаолиятини қайта кўриб чиқиб, унинг ишини қурилишдаги тизимли камчиликлар сабабларини таҳлил қилиш ҳамда бартараф этишга қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда ипотека кредитларидан фойдаланиш даражаси ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, жорий йилда бюджетда тижорат банкларига 43 мингта уй-жой учун 13 триллион сўм, 29 минг нафар аҳолига субсидия учун 1 триллион 200 миллиард сўм кўзда тутилган. Лекин ўтган олти ойда аҳолига бу маблағларнинг 28-30 фоизи берилган, холос.

Шу боис бу борада ҳам бюрократияни камайтириш, аҳолига комплекс хизмат кўрсатадиган ипотека марказларини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

ℹ️ Ўтган беш йилда Ўзбекистонда 250 минг хонадонга мўлжалланган 8 мингдан ортиқ кўп қаватли уй, 21 минг хизмат кўрсатиш ва 10 мингдан ортиқ ижтимоий объект, 31 минг корхона қурилди. Қурилиш ишлари ҳажми 4 баробар ошиб, 2021 йили 107 триллион сўмни (9,7 миллиард доллар), жорий йилнинг беш ойида эса 46 триллион сўмни (4,2 миллиард доллар) ташкил этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ