6 июль куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲТБ) парафирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати хабар беради.
ℹ️ Парафирлаш – халқаро шартноманинг барча саҳифаларида уни ишлаб чиққан ва тасдиқлашда иштирок этган шахсларнинг бош ҳарфларини кўрсатиш орқали тасдиқлашнинг махсус шакли.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, Европа томонидан эса Европа Иттифоқи Олий вакили хизматининг раҳбари Педро Серрано иштирок этди.
Янги битим Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги 1996 йилда имзоланган амалдаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига ишлаб чиқилгани ҳамда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган.
Амалдаги Битим асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади.
«КШҲТБ кенгроқ масалаларни қамраб олади. Улар орасида савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалардан иборат. Бундан ташқари, янги Битим Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўз ичига олгани натижасида инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирилди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, КШҲТ битими ташқи сиёсат, хавфсизлик, можароларнинг олдини олиш ва рискларни бошқариш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, бошпана бериш ва чегараларни бошқариш, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, терроризмга қарши кураш каби янги соҳаларни ўз ичига олади.
КШҲТБ лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланган ва 2022 йил июнь ойи охирида якунланган. Ушбу давр мобайнида экспертлар, бош музокарачилар ҳамда ҳукумат аъзолари даражасида 10 раунд музокаралар ва 150 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтган.
КШҲТБ президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Брюсселга ташрифи чоғида имзоланиши кутилмоқда.
ИТСВ маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси 22 фоизга, Ўзбекистоннинг Европага экспорт ҳажми эса 86 фоизга ошган. Энг юқори ўсишни кўрсатган товарлар тоифалари орасида кимё саноати маҳсулотлари (ўсиш 6 баробар), тўқимачилик (ўсиш 90%) ва озиқ-овқат маҳсулотлари (ўсиш 65%) ўрин олган.