Тўқаев Россияни четлаб ўтган ҳолда нефть етказиб беришни диверсификация қилиш бўйича топшириқ берди

Қосим-Жомарт Тўқаев. akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев нефть етказиб беришни диверсификация қилишга чақирди. Бу ҳақда республика раҳбари мамлакат транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди, дея хабар берди Akorda.kz.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, «геосиёсий вазият ва санкция қарама-қаршилиги анъанавий транспорт ва логистика занжирларининг узилишига олиб келди». Шу муносабат билан республика раҳбари алоқа ва юкларни етказиб беришнинг муқобил йўналишларини ишлаб топиш, шунингдек, товарлар етказиб беришни диверсификация қилиш зарурлигини таъкидлади.

Тўфаев маҳсулотлар, жумладан, нефтни хавфсиз ва узлуксиз экспорт қилишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқ берди.

«Устувор йўналиш Транскаспий йўналиши ҳисобланади. «КазМунайГаз»га уни амалга оширишнинг энг яхши вариантини, жумладан Тенгиз лойиҳасидан инвесторларни жалб қилиш имкониятларини ишлаб чиқишни топшираман. Ҳукумат «Самрук-Казина» билан биргаликда Атирау-Кенкияк ва Кенқияқ-Қумкўл нефть қувурлари қувватини ошириш чораларини кўриши керак», — деди президент.

ℹ️ Транскаспий транспорт йўналиши халқаро йўлак бўлиб, у Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа давлатларига ўтади.

Шунингдек, Тўқаев ҳукумат олдига портларни ўзгартириш, уларни «Каспий денгизининг етакчи марказлари»га айлантириш, шунингдек, денгиз флотини мустаҳкамлаш ва Оқтау портида контейнер ташувчи хаб яратиш вазифасини қўйди.

«Қозоғистон ҳеч қачон денгиз мамлакати бўлмаган ва шунинг учун ҳам денгиз транспорти имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаган. Ҳозир бошқа замон», – деди президент.

Учрашув Новороссийскнинг Приморский туман суди май ойида аниқланган «ҳужжатдаги қоидабузарликлар» туфайли Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) фаолиятини 30 кунга тўхтатиб туришга қарор қилганидан бир кун ўтиб бўлиб ўтди.

6 июл куни Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов ушбу масала бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Унда Қозоғистон нефти экспортига чекловлар қўйилиши муносабати билан давлат бюджетининг салбий оқибатлари ва йўқотишларини минималлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Натижада Бош вазир бир қатор топшириқлар берди, тафсилотлар ошкор этилмаган.

Ўз навбатида, КҚК Новороссийск судига қарор ижросини тўхтатиб туриш учун ариза юборган. Қозоғистон Энергетика вазирлиги 7 июль ҳолатига кўра, Қозоғистон нефтини «КҚК-Р» қувур линияси тизими орқали экспорт қилиш нормал режимда амалга оширилаётганини маълум қилди.

КҚК Қозоғистондан нефтни экспорт қилиш учун асосий йўналиш ҳисобланади. Қувурдаги хом ашё Новороссийск яқинидаги денгиз терминалида танкерларга ортилади. 2021 йили жўнатилган нефть 60,7 миллион тоннани ташкил этди (ундан Қозоғистонга тегишлиси 53 миллион тонна). Консорциумнинг асосий акциядорлари: — Россия (31%), Қозоғистон (20,75%), Chevron (15%), ЛУКОЙЛ (12,5%), Exxon (7,5%), Rosneft-Shell Caspian Ventures Limited (7,5%).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ