БМТ Қорақалпоғистонда Интернетни зудлик билан тиклашга ва ҳибсга олинганлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди

МИШЕЛЬ БАЧЕЛЕТ. NEWS.UN.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Ўзбекистон расмийларини Қорақалпоғистонда интернетни зудлик билан тиклашга чақирди. Бу ҳақда БМТ янгиликлар маркази хабар берди.

Бачелет Интернет узиб қўйилганини кўп сонли одамларнинг ҳуқуқларига таъсир этувчи, уларни сўз ва маълумот эркинлиги ҳуқуқидан маҳрум қилувчи чора сифатида таърифлади.

Фавқулодда ҳолат билан боғлиқ барча чекловлар халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келиши, фақат зарур ҳолларда қабул қилиниши, мутаносиб бўлиши ва дискриминацияга йўл қўйилмаслиги керак, деди БМТ вакили.

Мишель Бачелет Ўзбекистонни 1-2 июль кунлари суверен республикада юз берган ва расмий маълумотларга кўра 18 кишининг ўлимига сабаб бўлган воқеалар юзасидан зудлик билан мустақил ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, қурбонларнинг ҳақиқий сони кўпроқ бўлиши мумкин.

«Бизга етиб келаётган хабарлар жиддий зўравонлик, жумладан, қотилликлар юз берганини кўрсатади ва чуқур ташвишга солади. Ҳукуматни вазминликка чақираман», — деди Мишел Бачелет.

У айбдорлар жавобгарликка тортилишини ва «зудлик билан барча жиноий ҳаракатлар, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучлар томонидан айбланувчиларга нисбатан шаффоф ва мустақил терговни бошлашни» талаб қилди.

Комиссар, шунингдек, ҳибсга олинганлардан бирига «ҳокимиятни эгаллаб олиш ва конституциявий тузумни ўзгартиришга тил бириктириш» (Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми) бўйича айб қўйилиб, унга 20 йил қамоқ жазоси берилишидан хавотир билдирди. Бош прокуратура вакилига кўра, Даулетмурат Тожимуратов ва унинг тарафдорлари бу модда бўйича айбланган.

«Одамлар ўз ҳуқуқларидан фойдалангани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги керак», — деди Бачелет Ўзбекистон Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг иштирокчиси эканлигини, бу ҳужжат ҳар кимга сўз эркинлиги, тинч йиғилишлар ва жамоат ишларида иштирок этиш ҳуқуқини беришини эслатиб ўтди.

«Барча қўлга олинган одамлар адвокатдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши ва уларнинг ҳар томонлама ва адолатли суд жараёнига бўлган ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши керак», дея қўшимча қилди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари.

Нукусдаги норозиликларга Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистонни суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи бир неча ўзгартиришлар киритиш таклифи этилгани сабаб бўлган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга етиб келиб, мазкур тузатишларни бекор қилишга чақирганидан сўнг тартибсизликлар тугади.

Суверен республикада 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат, шунингдек комендантлик соати жорий этилди. 4 июль куни Ўзбекистон парламенти Конституцияга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси яна ўн кунга, 15 июлга қадар узайтирилишини эълон қилди.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Россия президентлари, шунингдек, Хитой ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари Ўзбекистон ҳукуматининг Қорақалпоғистондаги «ноқонуний хатти-ҳаракатларини жиловлаш ва барқарорликни таъминлаш» бўйича «қатъий чоралар»ини қўллаб-қувватлади. Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи инсонлар ҳалок бўлганидан таассуф билдириб, инсон ҳуқуқларини кафолатлашга, суверен республикадаги фожиали воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ