Ўзбекистонликларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича хусусий агентликларнинг деярли 90 фоизи лицензиясидан маҳрум бўлди

АОКАДАГИ БРИФИНГ

Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича хусусий компанияларга берилган 80 та лицензиядан 71 тасини (яъни 88 фоиздан ортиғи) бекор қилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбари Зоҳид Асқаров брифингда маълум қилди, деб хабар беради Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) матбуот хизмати.

59 та ҳолат бўйича лицензиялар бандлик органларининг аризалари билан бекор қилинган, 12 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. Олтита агентлик фаолият кўрсатмоқда, яна учта агентликнинг лицензияси тўхтатилган.

2018 йил сентябрь ойидан бошлаб хусусий юридик шахсларга Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга рухсат берилди. Лицензиялар Меҳнат вазирлиги томонидан берилади. 2019 йил охирига келиб, мамлакатда 60 га яқин хусусий бандлик агентликлари (ХБА) фаолият юритди. 2020 йил февраль ойида нопок идоралар билан юз берган можаролардан сўнг ҳукумат ўзбекистонликларни хорижда иш билан таъминлаш билан шуғулланишни фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига топшириб, мамлакатда ХБА фаолиятини тақиқлашни таклиф қилганди.

Асқаровнинг сўзларига кўра, ХБА фаолияти давомида улар 4203 нафар меҳнат муҳожирини хорижга жўнатишга муваффақ бўлолган.

Меҳнат вазирлиги вакилининг айтишича, 2022 йил 1 март ҳолатига кўра, вақтинча хорижда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирлари сони қарийб 2,4 миллион кишини ташкил этади.

Уларнинг 568,5 минг нафари (24,1 фоизи) аёллар, 827,1 минг нафари (35,1 фоизи) ёшлардир.

Россияда бир ярим миллион, Қозоғистонда 366,3 минг, Туркияда 144,7 минг, Жанубий Кореяда 47,4 минг, бошқа мамлакатларда 348,1 минг ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.

Асқаров, шунингдек, хориждан пул ўтказмалари кўпайганини маълум қилди:

жорий йилнинг беш ойида Ўзбекистонга 4,19 миллиард доллар жўнатилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61 фоизга кўпдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ