Нукус аҳолиси 5 июль куни рухсат этилган митинг ўтказилган тақдирда тартибсизликлар такрорланишидан хавотирда

НУКУСДАГИ МИТИНГ. RBC.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Нукусликлар Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартиришларга доир 5 июлга белгиланган митинг яна тартибсизликларга олиб келишидан хавотирда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон пойтахтидан «Фарғона» мухбири Александр Рыбин хабар беради.

5 июль ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон пойтахтида интернет йўқ, аксарият банкоматлар ишламаяпти, ишлайдиган терминалларда эса улкан навбатлар юзага келган. Банк картаси билан тўлов қилиш, поезд чиптасини сотиб олиш имконсиз.

Барча музейлар, масжидлар, кўпчилик дўконлар ва умумий овқатланиш корхоналари ёпиқ. Машҳур Савицкий музейи эшигида «Фавқулодда ҳолат туфайли ёпилди» деган эълон осиб қўйилган.

Маъмурий бинолар ҳарбийлар томонидан зирҳли техникалар билан қўриқланмоқда. Айни пайтда шаҳарнинг марказий бозори қисман очиқ, жамоат транспорти одатдагидек ишламоқда, кўчаларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўп эмас. Православ черкови очиқ, бу ерда маҳаллий вақт билан 14:30да (Москва вақти билан 12:30) Нукусга келган Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий маросим ўтказади.

Фуқароларнинг сўзларига кўра, улар Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритишга қарши чиққанларнинг 5 июлга белгиланган ва расмий рухсат берган навбатдаги митингини кутишмоқда. «Фарғона» мухбирининг Қорақалпоғистон суверенитетига дахлдор ўзгартиришлар бекор қилингани ҳақидаги сўзларига нукусликлар бу кун давомида тартибсизликлар юзага келиши эҳтимолини йўққа чиқармайди, деб жавоб беришди.

Шаҳарликлардан бирининг айтишича, 1 июлдаги митинг кечки соат бешларда бошланган. Одамлар марказий бозорга тўпланишган. Эртаси куни намойишчилар эрталаб соат 11 дан туманлардан келишиб, марказ томон ҳаракатланишган.

«Бугун ҳеч нарса бўлмаса, эртадан бошлаб шаҳар нормал ҳаётга қайтади», – дейди нукусликлар.

Нукусдаги норозиликларга Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи бир неча ўзгартиришлар киритилиши сабаб бўлган. 1 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси (Парламенти) раиси Мурат Камолов намойишчилар билан учрашиш учун келган. У намойишчилар озод этилишини талаб қилган фаол Даулетмурат Тажимуратов билан бирга йиғилганларга мурожаат қилган.

Камоловнинг айтишича, ҳукумат 5 июль куни Нукусда тинч митинг ўтказишга рози бўлган (бу ҳақда аввалроқ фаол Тожимуратов эълон қилган эди). Бироқ рухсат этилмаган митинг 2 июль куни ҳам давом этди. Намойишлар чоғида 245 киши, жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари жароҳатланган. 18 киши ҳалок бўлган, улардан тўрт нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидир.

Намойишлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, одамларни ғазабга келтирган тузатишларни бекор қилинишини таъкидлагандан сўнг якунланди.

Суверен республикада фавқулодда ҳолат (фавқулодда ҳолат) — 3 июлдан 2 августгача — ва тегишли чекловлар, жумладан, комендантлик соати жорий этилди. 4 июль куни Ўзбекистон парламенти Конституцияга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси яна ўн кунга, 15 июлга қадар узайтирилишини эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ