Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантириш ва спортчиларни 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига тайёрлашга қарор қилинди. Ўзбекистон президентининг тегишли қарори имзоланди ва у Uza.uz сайтида эълон қилинди.
Қарорга кўра, фигурали учиш, конкида учиш, шорт-трек, кёрлинг, хоккей, фристайл, тоғ чанғиси, сноуборд, шунингдек, парахоккей, паракюрлинг, тоғ чанғиси ва парасноубординг бўйича профессионал спортчилар ва малакали мураббийлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Мақсадли кўрсаткичлар ҳам белгилаб берилди. Қишки Олимпия ўйинлари бўйича 29 та дастурда иштирок этиш ҳамда 7 та спорт тури бўйича 8 та лицензияни қўлга киритиш, шу жумладан, 3 та истиқболли олимпия спорт тури (чанғида югуриш, фристайл ва кёрлинг) бўйича 10 та дастурда иштирок этиш режалаштирилган. Қишки Паралимпия ўйинлари бўйича 4 та дастурда иштирок этиш ҳамда паратоғ чанғиси бўйича 2 та лицензияни қўлга киритиш, шу жумладан, парахоккей бўйича дастурда иштирок этиш белгиланган.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудудида замонавий муз саройи қурилади. Пойтахтда қишки спорт турлари бўйича Республика ихтисослаштирилган спорт мактаби, Тошкент вилоятининг Чимён қишлоғида 60 ўринга мўлжалланган Олимпия ўқув маркази ташкил этилади.
Республика ҳудудлари қишки спорт турлари бўйича ихтисослашувига кўра ажратилади.
Шундай қилиб, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри фигурали учиш, хоккей, шорт-трек, кёрлинг, парахоккей, паракёрлинг, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг тоғли ҳудудлари тоғ чанғиси, сноуборд, фристайл, ski-альпинизм, паратоғ чанғиси, парасноуборд спорт турларига ихтисослаштирилади.
Илғор ва инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда салоҳиятли ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш, бу борада инвесторларни жалб этиш, уларга бўш ер майдонларини белгиланган тартибда ажратиш ва қурилиш ишларига рухсат берилади. Тоғли ҳудудларда жойлашган спорт-таълим муассасаларида тоғ чанғиси ва ski-альпинизм бўйича бўлимлар ташкил этилади ва уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланади.
2023 йилдан бошлаб қишки спорт турлари бўйича турнирлар ўтказиш, спортчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун ҳар йили 15 миллиард сўмгача (1,4 миллион доллар) маблағ ажратиш режалаштирилган.
Пекинда бўлиб ўтган 2022 йилги Қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистонни бир нафар спортчи – чанғичи Комилжон Тўхтаев ҳимоя қилди. Бунгача Ўзбекистон спортчилари фигурали учиш ва тоғ чанғиси мусобақаларида мунтазам қатнашиб келишган. 1994 ва 1998 йиллардаги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон эркин услубда ҳам иштирок этган ва шу кунгача Қишки Олимпия ўйинларининг ягона медалини қўлга киритган. Олтинни марҳум Лина Черязова олган. Ўзбекистон спортчилари 2014 ва 2018 йиллардаги Қишки Паралимпия ўйинларида қатнашган