Президент ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилади

Ўзбекистонда пахта терими. Protextile.uzс айти фотосурати

Пахта ҳосилдорлигини оширишнинг янги тизимини янада муваффақиятли жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Президенти ҳузурида Пахтачилик бўйича кенгаш ташкил этилади. Бу ҳақда 28 июнь куни Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Учрашув видеоселектор режимида ўтказилди. Унда илмий асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта етиштириш ҳажмини ошириш, пахтани чуқур қайта ишлаш асосида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Президент ҳузурида Инновация вазири И.Абдурахмонов бошчилигида Пахтачилик кенгаши ташкил этилиши белгиланди. Кенгаш:

👉 ҳар йили ҳосилдор ва эртапишар навларни ҳудудлар кесимида кўпайтириш ва экишни ҳар бир кластер бўйича белгилаб беради;

👉 иқлим ва ҳарорат ўзгаришларига мос бўлган ўғитлаш схемасини ишлаб чиқади, гербицид ва пестицидлар қўллашни тартибга олади;

👉 кейинги йилларда ҳашоратлар энг катта муаммо бўлишини инобатга олиб, уларга қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудудга мос агротехнологияларни ишлаб чиқади.

Йиғилишда бугунги кунда уруғчилик, тупроққа ишлов бериш, ўғитлаш, суғоришда жиддий муаммо ва камчиликлар мавжудлиги таъкидланди. 121 пахта тўқимачилик кластеридан фақат 21 тасида уруғлик цехлари мавжуд. Ўзбекистон олимлари томонидан яратилган (Бухоро, Равнак, Порлоқ, Султон) гектарига 100 центнергача ҳосил берадиган ғўза навлари кластерларга келтирилмайди, деҳқонлар қандай уруғ сепиб, қаердан олишни билмайди.

Президент йил охиригача ҳар бир кластерда уруғчилик, тупроқ ва биологик лабораториялар, уруғ тайёрлаш цехларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берди. Андижон, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида Пахтачилик институти ҳамда Геномика марказининг уруғчилик ва агротехнологик корхоналари ташкил этилади. Ҳар бир кластер йил охиригача тупроқ унумдорлигини таҳлил қилиши, ер участкасининг паспортини ишлаб чиқиши ва ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирларини белгилаши керак.

Мирзиёев кластер раҳбарларини сувдан тежаб фойдаланишга чақирди. Қайд этилишича, сўнгги икки йилда 169 минг гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш усули жорий этилган. Жорий йил охиригача яна 160 минг гектар майдонда, келаси йили ҳам шу миқёсда мазкур усулни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Томчилатиб суғориш соҳасида эркин рақобат ва илмий ёндашувдан фойдаланган ҳолда ушбу технологияни жорий этиш ҳар гектарига 15-20 миллион сўм (ҳозирда 27 миллион сўм (тахминан 2,5 минг доллар))гача ҳаражатни пасайтириш мумкин, деди президент.

«Лекин, катта фожиа – айрим раҳбарлар бу эзгу ислоҳотга ўзига яқин таъминотчилар ва билимсиз одамларни аралаштираяпти. Шу орқали коррупция бошлангани ҳақида менда етарли маълумотлар бор», — деди Мирзиёев.

Президент Молия ва сув хўжалиги вазирликларига бир ҳафта муддатда электрон порталда барча етказиб берувчилар реестрини яратиш, сувни тежовчи технологиялар ва хизматлар сифатини баҳолашнинг шаффоф тизимини яратиш бўйича топшириқ берди. Бунда энг қулай шарт-шароитлар ва нархларни фермерларнинг ўзлари танлайди. Ишлаб чиқарувчи фермерга камида уч йил хизмат кўрсатишни кафолатлаши шарт.

Туманлар, шаҳарлар ва вилоятлар ҳокимларининг кластерларнинг ички ишларига аралашуви тақиқланади.

«Кластер ўзини иши билан шуғулланса, туманда саноат, иш ўринлари, экспорт ва даромад бўлади. Буни тушунмаган ҳокимлар эса кластерларни кун давомида мажлисма-мажлис олиб юриш, бошқа ишларга жалб қилиш билан овора», — деди президент.

Йиғилишда Ўзбекистонда толани қайта ишлаш қуввати 1 миллион 300 минг тоннага етгани, бироқ мамлакатда 1 миллион тонна ишлаб чиқарилаётгани таъкидланди. Яъни пахта толаси ишлаб чиқаришни яна 300 минг тоннага, келажакда эса 600 минг тоннага ошириш зарур. Шу боис Ўзбекистон ҳукумати пахта ҳосилдорлигини камида 30 фоизга ошириш ва саноат маҳсулотлари экспортини камида икки баробарга оширишга қарор қилди.

Мирзиёев тўқимачилик олтиндан кўра кўпроқ даромад келтирувчи ва арзон нархда ишлаб чиқарувчи соҳа эканлигини таъкидлади.

Бугунги кунда етиштирилган пахта толасининг 100 фоизи Ўзбекистонда қайта ишланади (беш йил аввал толанинг 40 фоизи қайта ишланган). Сўнгги уч йилда тўқимачилик кластерларига саноатни қўллаб-қувватлаш учун 23 триллион сўмдан ортиқ (2 миллиард доллардан ортиқ) маблағ йўналтирилди. Бундан ташқари, кластерларнинг ўзлари қарийб 7 триллион сўм (636 миллион доллардан ортиқ) хусусий инвестицияларни киритдилар. Натижада 350 га яқин йирик завод ишга туширилди, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш беш баробар, экспорт ҳажми тўрт баробарга ошиб, қарийб 3 миллиард долларни ташкил этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ