Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартиришлар лойиҳаси эълон қилинди

Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартиришлар лойиҳаси 25 июнь куни жамоатчилик муҳокамаси учун «Бу менинг Конституциям» (ўзбек ва рус тилларида) порталига жойлаштирилди ҳамда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида эълон қилинди. Муҳокама 5 июлга қадар якунланади.

Қонунчилик палатасининг мурожаатида қайд этилишича, лойиҳада Конституциянинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.

Жумладан, қуйидагилар таклиф этилади:

❗️ Президент ваколат муддатини беш йилдан этти йилгача ўзгартириш (90-модда);

❗️ Ўзбекистон нафақат суверен республика, балки ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат эканига аниқлик киритиш (1-модда);

❗️ ташқи сиёсат тамойиллари рўйхатига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни қўшиш (17-модда);

❗️ Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади. (22-модда);

❗️Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади (24-модда);

❗️ Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга. Ҳар бир шахс ёзишмаларни, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларни, почта-телеграф жўнатмаларини ҳамда бошқа хабарларни амалга ошириш эркинлиги ва уларнинг сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади (27-модда);

❗️Ҳар ким ўз уй-жойи дахлсизлигига, суд қарорисиз уй-жойдан маҳрум қилинишини тақиқлаш тўғрисида постулат қўшилади (27-модда). Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин (53-1-модда);

❗️ Қорақалпоғистон Республикаси суверенитети (70-модда) ва «Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга» (74-модда) бандларини олиб ташлаш.

Парламентнинг тушунтиришича, ушбу ва бошқа ўзгартиришлар ўтган ой давомида Конституциявий комиссияга келиб тушган 60 мингдан ортиқ таклифлар орасидан танлаб олинган. Лойиҳа аллақачон биринчи ўқишда қабул қилинган, сўнгра умумий муҳокамага қўйилган. Унда Ўзбекистоннинг исталган фуқароси иштирок этиши мумкин.

Таклиф ва мулоҳазалар давлат тилида ёки муҳокамада қатнашувчи сўзлашадиган бошқа тилда киритилиши мумкин. Улар якка тартибда ёки биргаликда, оғзаки ёки ёзма равишда топширилиши мумкин. Қонун лойиҳаси бўйича таклиф ва мулоҳазалар имзоланиши шарт.

Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади, умумлаштирилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилиб, референдумга тақдим этилади, дея таъкидлайди Ўзбекистон парламенти.

Конституциявий ислоҳотлар ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 6 ноябрь куни инаугурация маросимида эълон қилган эди. Май ойида Конституциявий комиссия тузилиб, унинг асосий вазифаси Асосий қонунга киритиладиган ўзгартиришлар бўйича аҳолидан таклифлар йиғиш эди. Президент Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчаларни референдум орқали қабул қилиш мақсадга мувофиқлигини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ