Эрон шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида икки шиа уламосини ўлдирганликда айбдор деб топилган асли ўзбекистонлик 21 ёшли Абдуллатиф Мурадий (Abdullatif Muradi) дорга осилди. Бу ҳақда «Тасним» агентлиги Хуросон-Резавий (Машҳад вилоятининг маъмурий маркази) вилояти адлия бошқармасига таяниб хабар берди.
Айбланувчи 20 июн куни эрталаб «Вакилобод» (Vakilabad) қамоқхонасида қатл этилган. Ҳукм 7 июнь куни эълон қилинган.
Жорий йилнинг 5 апрель куни Мурадий турли мамлакатлардан келган шиалар учун энг азиз зиёратгоҳлардан бири бўлган Машҳаддаги шиаларнинг Имом Ризо масжидида уч нафар уламога пичоқ билан ҳужум қилган. Жиноятчи ўз қурбонларига ўнлаб жароҳатлар етказган. Руҳоний Муҳаммад Аслоний (Mohammad Aslani) олган жароҳатларидан воқеа жойида вафот этган. Иккинчи қурбон, Дараи (Daraei) исмли руҳоний операциядан кейин касалхонада жон берган. Учинчиси эса жароҳатлари туфайли яроқсиз бўлиб қолган. Учала уламо ҳам Машҳаднинг ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этган дўстлар эди, дея таъкидлайди «Тасним».
Расмийлар мазкур ҳужумни «ўлдириш ва қўрқитиш мақсадида» қилинган теракт сифатида баҳолади. Ҳужум қилган шахс «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД)* террор ташкилоти тарафдори бўлган.
Шиа уламоларига қилинган ҳужумдан бир йил аввал Мурадий Покистон орқали Эронга ноқонуний кириб келган. Унинг Ўзбекистонни қачон тарк этгани номаълум.
11 июнь куни «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари Афғонистон шимолидаги Тохар вилоятида асли ўзбекистонлик жангарини йўқ қилган. Ўзбекистонлик ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими – «ИШИД-Хуросон»*нинг маҳаллий гуруҳига раҳбарлик қилган. Толиблар ва «ИШИД-Хуросон» гуруҳи ўртасидаги тўқнашув тахминан уч соат давом этган. Натижада саккиз нафар жангари йўқ қилинган, яна уч нафари ҳибсга олинган, иккитаси қочиб кетган. Бундан ташқари, тасодифан отишма жойида бўлган олти нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчили талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).