25 июндан «Россия» авиакомпанияси (Аэрофлот гуруҳи) Москвадан Тошкентга тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни очади. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Москва – Тошкент – Москва йўналиши бўйича парвозлар сешанба, пайшанба, шанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.
SU/FV 6557 рейси Москвадан (»Шереметьево») 08:05 да учиб, Тошкентга 14:10 да етиб келади. Қайтиш SU/FV 6558 рейсининг жўнаши соат 15:40 да, Россия Федерацияси пойтахтига қўниши соат 17:45 да. Вақт ҳар бир аэропорт учун маҳаллий ҳисобланади.
Парвозлар Superjet 100 самолётларида амалга оширилади, бортдаги умумий ўриндиқлар сони 87 та, жумладан, 12 та бизнес-класс ва 75 та эконом-класс ўриндиқларидан иборат.
2 майдан бошлаб «Россия» Москвадан Ўзбекистоннинг яна учта шаҳри – Бухоро, Самарқанд ва Урганчга парвозларни бошлади.
«Россия» авиакомпанияси «Аэрофлот «гуруҳи таркибига киради, самолёт парки бўйича Россияда иккинчи ташувчи ва маҳаллий ишлаб чиқарилган лайнерларнинг энг йирик оператори ҳисобланади. Авиакомпания парки 127 та самолётдан иборат бўлиб, улардан 70 таси Superjet 100 (RRJ-95) дир.