Ўзбекистонда йирик поралар миқдори ўн баробарга қисқартирилди

ua.news сайти фотосурати

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Дурдона Очилова брифинг чоғида 2021 йили республикада поранинг максимал миқдори 2 миллион долларни ташкил этишини маълум қилди. Маълумотлар агентлик расмий сайтида эълон қилинган. Бироқ, бир неча соатдан кейин 2021 йилдаги энг катта пора миқдори 200 минг долларга ўзгартирилди.

Агентлик эълон қилинган маълумотларнинг таҳрир қилинишини техник хато деб изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз, бу Ўзбекистон расмийлари томонидан нотўғри маълумот берилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ «Ўзгидромет» ташкилоти бош директори ўринбосари Ибрат Каримов маълумотларини ҳам техник хатолик сабаб инкор қилинганди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонда 2021 йили энг йирик порахўрнинг шахси ошкор этилмаган ва унинг жиноий жавобгарликка тортилган-тортилмагани номаълумлигича қолмоқда.

Хабарда айтилишича, республикада поранинг энг кам миқдори 50 долларни ташкил қилади.

2021 йили жами 91 та коррупция жинояти (Жиноят кодексининг 210-моддаси) пора бериш билан боғлиқ бўлиб, шундан 49 таси биринчи даражали раҳбарлар, 8 таси бошлиқ ўринбосарлари, 34 таси ижрочилар ва техник ходимларга тегишли бўлган. 91 та порахўрлик ҳолатларининг 65 таси давлат хизматчилари томонидан содир этилган.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш 2016 йили эълон қилинганди. Орадан уч йил ўтиб Мирзиёев коррупцияга қарши кураш дастурини тасдиқлади. 2020 йил июнь ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилди, у бевосита мамлакат Президентига бўйсунади ва парламентга ҳисобот беради. 2021 йил сентябрь ойида Адлия вазирлиги Ўзбекистондаги биринчи нодавлат нотижорат ташкилоти – «Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик» (Transparency Uzbekistan) таҳлилий марказини рўйхатдан ўтказди. Бироқ, марказ фаолиятига доир очиқ маълумотлар мавжуд эмас.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ