Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев 13 июлни коронавирус туфайли вафот этган қозоғистонликларга мотам куни дея эълон қилди.
“Мен 13 июлни пандемия қурбонлари бўлган қозоғистонликлар учун миллий мотам куни дея қарор қилдим. Ўша кунда ҳар биримиз, қаерда бўлишимиздан қатъий назар марҳумларни ёдга оламиз, дея ишончим комил”, — деди давлат раҳбари 8 июль куни республика телеканалларида намойиш этилган мурожаатида.
Тўқаевга кўра, касаллик қозоғистонликларнинг умрини хазон этишда давом этмоқда. “Расмий маълумотлар ортида юзлаб оилаларнинг фожиаси турибди. Кимдир отасини, онасини, ака-укасини, опа-синглисини, ўғлини ёки қизини йўқотиб қўйди. Мен вафот этганларнинг яқинлари ва қариндошларига ўз ҳамдардлигимни билдираман. Бу ҳаммаларимиз учун умумий бўлган фожиадир”, — деди президент ҳамда ватандошларини бардам ва хотиржам бўлишга, халқ бошига тушган синовлар олдида маъсулиятни ҳис этишга чақирди.
“Биз коронавирусга қарши курашни давом эттирамиз ва бу курашда албатта ғалаба қозонишимизга шубҳа йўқ. Биз тушкун кайфиятларга берилмаслигимиз, руҳимиз бардам бўлиши керак. Биз ҳеч кимни қийинчиликларга қарши ёлғиз қолдириб қўймаймиз ҳамда ҳар бир қозоғистонликнинг ҳаёти ва саломатлиги учун кураш олиб борамиз”, — дея ваъда берди президент.
Қозоғистон президенти ўз нутқи давомида республикада COVID-19 инфекциясининг тезкорлик билан тарқалаётганига кимлар жавобгарлигини ҳам айтиб ўтди. “Пандемия бошланиши билан биз инфекциянинг мамлакатимизда тарқалишини чеклаш учун тезкор ва қатъий чораларни кўрдик. Бунинг натижасида кўплаб ҳаётларни сақлаб қолишга эришдик. Бироқ афсуски, карантин чораларига оммавий равишда риоя қилинмагани, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти томонидан йўл қўйилган системали хатолар, ҳокимларнинг сусткашлиги боис биз амалда коронавируснинг иккинчи тўлқини билан бирга пневмония билан касалланиш даражасининг кескин кўтарилиб кетишига тўқнаш келдик”, дея таъкидлаб ўтди Тўқаев.
Қозоғистонда 8 июль кунига келиб коронавирусга чалинишнинг 51059 та ҳолати қайд этилди. Улардан 16928 нафари соғайиб кетган ва (6 июль ҳолатига) 264 киши вафот этган.