2017 йилнинг декабридан 2019 йилнинг майигача Республика мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори лавозимида фаолият юритган Саид-Абдулазиз Юсупов ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм 20 ноябрь куни Ҳарбий суд томонидан чиқарилди, деб хабар беради Kun.uz нашри.
Оммавий ахборот воситалари фондининг собиқ раҳбари мамлакат Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми «а» банди («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш») ва 139-моддаси 2-қисми «а» ва «г» бандлари («Туҳмат») бўйича айбдор деб топилди.
Ишнинг тафсилотлари ва ҳолатлари очиқланмаган.
Юсупов муқаддам судланган. 2019 йилнинг баҳорида у катта миқдордаги фирибгарликда гумонланиб қўлга олинганди. Ўшанда жамоат арбоби ЖКнинг 167-моддаси («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»), 168-моддаси («Фирибгарлик»), 211-моддаси («Пора бериш») ва 28-моддаси («Жиноят иштирокчиларининг турлари»)да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланган. Тергов талқинига кўра, фонднинг собиқ раҳбари ўзини Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходими сифатида таништириб, фуқаролардан пора олиб келган.
Якунда судланувчи 6,5 йил муддатга колонияга ҳукм қилинган. Бироқ зарар қопланганидан сўнг жазо 2,5 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган.
2020 йил 8 июль куни Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди жиноят ишини тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради ва Юсуповни тўғридан-тўғри суд залидан озод қилади. ОАВ фондининг собиқ директори адвокати Арслан Шаймардонов ўз ҳимоясидаги шахс жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини билдирган. Шу билан бирга, юрист миқдорни очиқламаганва уни «катта бўлмаган» дея таърифлаш билан чекланган.
Ҳимоячининг сўзларига кўра, журналист 2019 йил майида қўлга олинган вақтдан бошлаб ДХХ тергов изоляторида сақланган, икки ҳафта «Тоштюрма»да ўтирган, шунингдек бир неча бор даволанишга юборилган.
Маҳбуснинг адвокати ва яқинлари Юсупов ҳибсда сақланган пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан жисмоний ва психологик босимга учраганини билдирган. Бироқ Бош прокуратура томонидан ўтказилган экспертиза қийноқлар изини аниқламаган.



