Қозоғистон ОАВларининг сохта нусхалари Telegram’да яна журналист Борейконинг ўлими ҳақидаги фейкларни тарқатди

Вадим Борейко Facebook’дан олинган сурат

Telegram мессенжерида қозоғистонлик журналист Вадим Борейконинг вафоти ва гўёки белгиланган дафн маросими ҳақида сохта хабарлар яна пайдо бўлди. Бу ҳақда 20 ноябрь куни «Әділ сөз» сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси хабар берди.

Фейкларни тарқатиш учун ғаразгўйлар Қозоғистон ОАВлари, жумладан «Республика Media», Exclusive ва бошқа нашрлар номидан иш юритувчи сохта канал ва аккаунтлар яратган.

Хусусан, фирибгарлар «Республика Media» номи ва логотипини кўчириб олиб, журналистнинг қабртоши ва унинг атрофидаги одамлар акс этган сохта фотосуратдан фойдаланишган. Сохта канал орқали таҳририят номидан хабарлар тарқатилмоқда.

«Әділ сөз» сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси фойдаланувчиларни каналлар номини синчковлик билан текширишга чақирди: улар асл нусхасидан бироз фарқ қилиши мумкин. Шунингдек, ташкилот шубҳали хабарларни тарқатмасликни ва сохта аккаунтлар устидан шикоят қилишни тавсия этади.

«Республика Media» ўз Telegram-каналининг қалбаки нусхаси ҳақида алоҳида огоҳлантирди. Унинг манзили — t.me/respubilkaKZmediaNEWS. Ҳаволада имловий хатога йўл қўйилган: сохта канал номида «bli» ўрнига «bil» бирикмаси қўлланган.

Вадим Борейко — таниқли қозоғистонлик журналист, «Гиперборей» YouTube-канали муаллифи. 13 ноябрь куни Олмаота шаҳрининг Бўстондиқ туман суди ундан Etude-Ybyrai қурувчи компанияси фойдасига 43 миллион тенге (97 минг доллар) ундириш ҳамда компаниянинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи баёнотларни ўчириб ташлаш тўғрисида қарор чиқарди. Суд муҳокамасига Борейконинг Олмаотанинг 12-кичик туманидаги Premier турар-жой мажмуаси қурилиши ҳақидаги чиқишлари сабаб бўлган. Қурувчи компания журналист нотўғри маълумотлар тарқатган, компанияга зарар келтирган ва молиявий йўқотишларга сабаб бўлган деб даъво қилган.

Журналистнинг ҳимоячилари эса ўз навбатида, Борейко қурувчи ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги можарони ёритиб, касбий фаолиятини бажарганини билдирган. Адвокатларнинг сўзларига кўра, у давлат органлари вакиллари, жумладан, қурилишнинг ноқонунийлиги ҳақида гапирган Олмаотанинг собиқ ҳокими Ерболат Досаевнинг оммавий баёнотларидан иқтибос келтирган. Борейконинг ўзи эса судда компания ундан «ўч олаётганини» маълум қилди.

Суд ҳукми эълон қилиниши арафасида ҳам журналист ахборот хуружи нишонига айланган эди. Telegram’да Борейконинг сохта некрологи тарқатилиб, унда гўёки бўлиб ўтадиган дафн маросими жойи сифатида унинг уй манзили кўрсатилган. Бундан ташқари, номаълум рақамлардан Борейконинг ҳамкасбларига ўзини унинг рафиқаси деб таништирган шахслар қўнғироқ қилишган. Улар журналистнинг ўлими ва дафн маросими ҳақидаги худди шу хабарни етказишган. Некролог ва қўнғироқлар ортида ким тургани номаълумлигича қолмоқда.

Борейко аввал ҳам ахборот хуружлари нишонига айланган эди. 2025 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда журналист гўёки маст ҳолда рафиқасини калтаклагани ҳақида ёлғон хабар тарқатилганди. «Исбот» сифатида эса маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги сохта баённома эълон қилинган. Олмаота полицияси бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини тасдиқлади.

Борейконинг сўзларига кўра, ўшанда унинг Instagram ва WhatsApp’даги аккаунтлари ҳам блокланган, электрон почтасига Россияда гўёки очилган ишлар бўйича хабарлар кела бошлаган, YouTube’да эса у икки кун ичида мингга яқин ботни блоклаб ташлаган.

2026 йил июнь ойида azattyqasia.com доменига эга «Азаттық Азия» клон-сайти пайдо бўлди. Унда Борейконинг қандайдир «юк» билан гўёки қўлга олингани ҳақида сохта хабар жойлаштирилган.

Бундан олдин ҳам журналист ўзига нисбатан босимлар ҳақида гапирганди: номаълум шахслар унинг квартираси эшигини монтаж кўпиги билан тўлдириб кетишган, кейинроқ эса тасвирчисининг иккита автомобилига ўт қўйишган.