Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги швециялик ҳамкасбларига техникумларда Европа давлати компанияларига ишга жойлашиш учун мутахассислар тайёрлашни ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус Стокгольмда икки мамлакат расмийлари ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди, деб хабар беради Марказий Осиё республикаси идораси матбуот хизмати.
Ўзбекистон томони ҳамкорларга кадрлар тайёрлашнинг амалдаги тизимини тақдим этди. Расмийлар таъкидлаганидек, ҳозирда республикада 643 та техникум фаолият юритмоқда, уларда 350 дан ортиқ касб бўйича 500 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Шу боис, Швеция учун ишчиларни айнан Ўзбекистон таълим муассасаларида тайёрлаш ғояси мақбул кўринмоқда. Шу муносабат билан мақсадли дастур ишлаб чиқиш ва швед тили машғулотларини жорий этиш режалаштирилган. Агентлик вакиллари битирувчиларнинг кўникмаларини амалий баҳолаш учун Европадан экспертларни жалб этиш имкониятини ҳам истисно қилмади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда швед тили бўйича тест марказини ташкил этишни кўриб чиқиш таклиф этилди. Бу ташаббус мазкур мамлакатга уюшган меҳнат миграцияси оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Музокараларда миграция ва мобиллик соҳасида тахминан 18 ойга мўлжалланган синов ҳамкорлик дастурини амалга оширишга катта эътибор қаратилди. Швеция Миграция агентлиги раҳбарияти мазкур лойиҳа икки ихтисослашган идора ўртасидаги ҳамкорликнинг янги формати эканини ҳамда оралиқ натижаларни баҳолаган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилишини кўзда тутишини таъкидлади.
Европаликлар, ўз навбатида, меҳмонларни миллий меҳнат миграцияси тизимининг хусусиятлари билан таништириб, хусусан, хориждан ишчи кучини ёллашда иш берувчилар томонидан мутахассисларга бўлган талаб асосий мезон ҳисобланишини тушунтирди.
Швеция ҳукумати маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакат чет элликларга 30 мингга яқин ишга рухсатнома берган. Талаб юқори бўлган касбий йўналишлар қаторида ахборот технологиялари, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, муҳандислик ва техник мутахассисликлар қайд этилган.
Ўзбекистон томони Швеция қонунчилиги ва муайян иш берувчилар талабларини инобатга олган ҳолда номзодларни манзилли тайёрлаш дастурини йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, музокараларда ишга рухсатнома олиш тартиб-таомиллари шаффофлигини ошириш, инсофсиз воситачиларга қарши курашиш ва Европа давлатида ишга жойлашиш шартлари тўғрисида ишончли ахборот тақдим этиш масалалари кўтарилди.
Жорий йилнинг август ойида Миграция агентлиги хорижда 1,4 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилаётгани, уларнинг аксарияти — 834 мингдан зиёди Россияда эканини хабар қилганди. Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея ҳам оммабоп йўналишлар сирасига кирган.
Шу билан бирга, расмийлар сўнгги пайтларда миграция оқимларининг сезиларли даражада қайта тақсимланиши кузатилаётганини таъкидлаган. Мазкур маълумотларга кўра, МДҲ мамлакатлари улуши 29 фоизга камайган бўлса, республика фуқароларининг Европадаги иштироки 42 фоизга, Шарқий Осиё давлатларида эса 26 фоизга ошган. Бу тенденция қисман Россия ҳукумати бир неча йилдан буён мамлакатда қолиш қоидаларини кучайтираётгани, рухсатнома ҳужжатлари нархини ошираётгани ва келувчилар учун мавжуд касблар рўйхатини чеклаётгани билан изоҳланади.



