Тўқаев Россиянинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлишини кўриб чиқишни таклиф қилди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) 13-саммитида сўзга чиқиб, Россияни бирлашма таркибига киритишни таклиф қилди, деб хабар беради Оқўрда.

«Ташкилотимизнинг нуфузини ошириш мақсадида Россиянинг ниятига ижобий муносабат билдириш ва унга ушбу форматга қўшилишни ёки ТДТ фаолиятида кузатувчи сифатида иштирок этишни таклиф қилиш тўғри ва адолатли қарор бўлар эди. Йирик давлат сифатида Россия асрлар давомида туркий дунё билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда», — деди Тўқаев.

Унинг таъкидлашича, Россияда «тарихан кўплаб туркий халқлар вакиллари яшаб келади».

«Ҳозирги вақтда Россия биз қўллаб-қувватлаётган “Олтой — туркий цивилизация бешиги” лойиҳасини илгари сурмоқда. Рус тилидаги кўплаб сўзлар туркий келиб чиқишга эга. Умуман олганда, агар Россия туркий давлатлар, яъни бизнинг ташкилотимиз таркибига кирса, бу барча давлатларимизга фойда келтирган бўлар эди», — дея хулоса қилди у.

Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, ТДТ туркий дунёнинг бирлигини мустаҳкамламоқда, ташкилот иштирокчилари эса бир-бирининг суверенитети ва миллий манфаатларини ҳурмат қилиши керак.

Шу билан бирга, Тўқаев ташкилот ҳарбий альянсга айланмаслиги кераклигини таъкидлади.

Президент ҳамкорликнинг бошқа устувор йўналишлари сифатида савдо, транспорт ва логистикани ривожлантириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айланмаси 10 миллиард долларга яқинлашган ва ўтган йилга нисбатан 40 фоизга ошган. Тўқаев ташкилотнинг 2027–2031 йилларга мўлжалланган стратегиясини қабул қилишни тезлаштиришга ва Туркий инвестиция жамғармаси имкониятларидан фаолроқ фойдаланишга чақирди.

Президент Ўрта коридорни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 30 фоизга, транзит ташувлари эса 90 фоизга ошган. Тўқаев, шунингдек, Қозоғистон мамлакатнинг транзит салоҳиятини кенгайтириш бўйича махсус дастурни амалга оширишни режалаштираётганини маълум қилди.

Рақамли ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, давлат раҳбари Киберхавфсизлик кенгаши, шунингдек, рақамли мониторинг ва инновациялар марказларини ташкил этишни тезлаштиришни таклиф қилди. Унинг айтишича, Қозоғистон рақамли трансформация ва сунъий интеллектни ривожлантириш борасидаги тажрибасини ҳамкорлари билан бўлишишга тайёр.

Республика раҳбари ТДТнинг институционал тузилмасини мустаҳкамлаш ва Доимий вакиллар кенгашини ташкил этиш тарафдори эканини ҳам маълум қилди. Унинг қайд этишича, ҳозирда ташкилот фаолияти қарийб 60 та йўналишни қамраб олади, уларнинг айримлари бир-бирини такрорлайди. Шу боис мамлакатлар биргаликдаги ишнинг асосий устувор йўналишларини белгилаб олиши зарур.

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) таркибига Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон киради. Венгрия, Туркманистон ҳамда фақат Анқара томонидан тан олинган Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) ташкилотда кузатувчи сифатида иштирок этади.

ТДТнинг 13-саммити якунлари бўйича Анқара декларацияси қабул қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ