Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандда С5+1 форматида учрашув ўтказиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Иқтисодиёт масалаларига, хусусан, муҳим минераллар соҳасидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, гап ушбу йўналишдаги стратегик шериклик ҳақида бормоқда. У геологик қидирув ва хомашёни қайта ишлашдан тортиб, маҳаллий саноат кластерларини ташкил этишгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклини қамраб олади.
Саидов таъкидлашича, Марказий Осиё (МО) бой табиий ресурслар, ўсиб бораётган бозорлар, инсон капитали ва стратегик жиҳатдан муҳим жойлашувга эга. АҚШ эса илғор технологияларга эга, йирик инвестициялар киритишга ва жаҳон миқёсидаги тадбиркорлик тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр.
Шу боис Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ олдидаги вазифа — ўзларининг кучли жиҳатларини бирлаштириш ва барча иштирокчи давлатлар халқларига манфаат келтирадиган мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат, дея хулоса қилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.
С5+1 форматидаги вазирлар учрашуви якунлари бўйича Қўшма баёнот имзоланди. Унда бундай форматдаги илк тадбир бундан 10 йилдан ортиқ вақт олдин, 2015 йилда ўтказилгани қайд этилди. Ўшанда музокаралар барча иштирокчи давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига ўзаро ҳурмат тамойилига асосланган дипломатик платформани ривожлантиришда муҳим қадам бўлган эди.
Бугун эса Марказий Осиё вакиллари АҚШ кўмагида жаҳон иқтисодиёти марказидаги ўринларини қайта тиклашга интилмоқда. Шу муносабат билан Транскаспий савдо йўналишини ривожлантириш чораларини кўриш зарур. Бу Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси ҳамда инвестициялар ҳажмини ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Бундан ташқари, рақобатбардош минтақавий бозорни шакллантириш учун транспорт инфратузилмаси, божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш ва саноатни мустаҳкамлаш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг хусусий сектори ҳамда давлат органлари ўртасидаги мулоқот платформаси — B5+1 форматига ҳам муҳим аҳамият берилмоқда. Ушбу платформа доирасида Марказий Осиёда фаолият юритаётган Америка компаниялари учун ўзаро манфаатли янги тижорат имкониятлари яратилмоқда, шунингдек, Марказий Осиё тадбиркорларининг АҚШ бозорига чиқиши осонлаштирилмоқда.
«Американинг технологик салоҳияти ҳамда Марказий Осиёда жадал ривожланаётган технология тармоқларидан фойдаланиш орқали биз электрон тижорат равнақ топадиган, инновацион ечимлар кенг қўлланиладиган ва иқтидорли тадбиркорлар муваффақиятга эришадиган минтақани шакллантиришга интиламиз », — дейилади С5+1 форматидаги вазирлар учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган Қўшма баёнотда.
Хавфсизлик масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди. Бу соҳада шерикликни мустаҳкамлаш Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ халқларига манфаат келтиради. Шунинг учун мулоқотда иштирок этаётган барча давлатлар ҳукуматлари терроризм ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашда саъй-ҳаракатларини бирлаштириши, шунингдек, чегаралар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Бундан ташқари, ноқонуний миграция, одам савдоси, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди. Жадал ривожланаётган рақамли даврда киберхавфсизликка таҳдидларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Қўшма баёнотда томонларнинг касбий, маданий ва таълим соҳаларидаги алмашинувни кенгайтириш, қадимий ёдгорликларни сақлаш ва ҳимоя қилишда янги технологиялардан фойдаланиш, шунингдек, жаҳон миқёсида етакчи ўринларни эгаллашга тайёр мутахассисларни тайёрлашга интилиши ҳам қайд этилган.
«Туризм ва креатив иқтисодиёт каби маданий соҳаларда бизнес алоқаларимизни ривожлантириш орқали ўтмиш меросини эъзозлаган ҳолда келажак касблари ва янги иш ўринларини яратамиз. Умумий тажрибамиздан олинган сабоқларга таянган ҳолда, биргаликда янада фаровон келажакни барпо этамиз», — дейилади ҳужжатда.



