Ҳуқуқ ҳимоячилари Душанбени адвокат Бузургмеҳр Ёровни зудлик билан озод қилишга чақирди

Бузургмеҳр Ёров

Халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти Lawyers for Lawyers Тожикистон ҳукуматини адвокат Бузургмеҳр Ёровни қамоқдан зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилишга чақирди. Баёнот Ёров 2015 йил 28 сентябрда ҳибсга олинганининг ўн биринчи йиллиги муносабати билан эълон қилинди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари 2019 йилдаёқ БМТнинг Асоссиз ҳибслар бўйича ишчи гуруҳи Ёровнинг ҳибсга олинишини халқаро ҳуқуқ бузилиши деб топгани ва уни зудлик билан озод қилишни талаб қилганини эслатди. Шунга қарамай, адвокат ҳамон қамоқда қолмоқда.

Lawyers for Lawyers Ёровнинг ишида тизимли қонунбузарликлар мавжудлигига ишора қилади. Улар орасида ҳимоячилар билан мулоқот қилишга қўйилган чекловлар, юридик ёрдам олиш ва самарали ҳимояни тақдим этиш имкониятининг йўқлиги бор. Бу Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг (ФСҲХП) 14-моддасига зид. Ташкилот, шунингдек, ФСҲХПнинг 9 ва 19-моддалари ҳамда адвокатлар ролига оид БМТнинг Асосий принципларининг 16, 18 ва 23-принципларига таянади. Ушбу ҳужжатлар адвокатларни уларнинг мижозлари ишлари билан бир хиллаштиришни тақиқлайди ва уларнинг ҳуқуқий масалаларини жамоатчилик муҳокамасидаги иштирокини ҳимоя қилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълум қилишича, Ёров қийноқларга, узоқ муддат қаттиқ изоляция шароитида сақланишга ва оиласи билан мулоқот қилишдаги чекловларга дучор бўлган. 2019 йилда БМТнинг Асоссиз ҳибслар бўйича ишчи гуруҳи унинг ҳибсда сақланиши халқаро ҳуқуқни бузади, деган хулосага келган.

Lawyers for Lawyers Ёров ишини Тожикистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият ёмонлашаётган кенгроқ контекстда кўриб чиқмоқда. Ташкилот баёнотида таъкидланишича, президент Эмомали Раҳмоннинг ўнлаб йиллик бошқаруви давомида мустақил институтлар изчил равишда заифлашиб, фуқаролик макони торайиб борган. Вазият 2021 ва 2022 йилларда Тоғли Бадахшон Мухтор Вилоятида (ТБМВ) намойишларни куч ишлатиб бостиришдан кейин янада оғирлашган. Шундан сўнг мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик ташкилотлари ва ҳукуматни танқид қилувчиларга қарши кампаниялар ўтказилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълум қилишича, бундай шароитда адвокатлар сиёсий мотивларга эга ҳибслар, жиноий таъқиб ва қамоқ жазосига тобора кўпроқ дуч келмоқда. Натижада адвокатлар сиёсий жиҳатдан нозик ишлар билан шуғулланишдан ўзини тиймоқда, бу эса мамлакатда мустақил юридик ёрдам олиш имкониятига путур етказмоқда.

Тожикистон ҳукумати аввалроқ Ёровнинг иши сиёсий мотивларга эга экани ҳақидаги айбловларни рад этган. Бош прокурор Юсуф Раҳмон 2019 йилда адвокат «муайян жиноятлар, хусусан, фирибгарликнинг 19 та эпизоди» бўйича судланганини ва «унинг ишида сиёсий замин йўқ»лигини таъкидлаган. Ўша пайтда у таъқибнинг сиёсий хусусиятга эгалиги ҳақидаги баёнотларни Ёровда қамоқда экан пайтида пайдо бўлган «эҳтимолий сиёсий қарашлар» деб атаган.

Lawyers for Lawyers ўз мурожаатида, шунингдек, Тожикистон ҳукуматини адвокатлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини сиёсий жиҳатдан нозик ишлар бўйича мижозларни ҳимоя қилгани учун таъқиб қилиш мақсадида экстремизм, терроризм ва миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунлардан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Ташкилот сиёсий мотивларга эга айбловлар билан асоссиз равишда ҳибсга олинган барча маҳбусларни озод қилишни ҳамда адвокатларни ҳимоя қилиш ва адвокатлик касбини эркин амалга оширишни таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этишни талаб қилмоқда.

Бузургмеҳр Ёров 55 ёшда. Ҳибсга олингунга қадар у «Сипар» адвокатлар ҳайъатига раҳбарлик қилган ва Тожикистонда мухолифат таъқиби билан боғлиқ ишлар билан шуғулланишга тайёр бўлган кам сонли ҳуқуқшунослардан бири сифатида танилган. 2015 йил сентябрь ойида у Тожикистон Исломий Уйғониш партиясининг (ТИУП) бир нечта аъзоси манфаатларини ҳимоя қила бошлаган. Ўша пайтда бу партия мамлакатда расман рўйхатдан ўтган кам сонли мухолифат партияларидан бири эди. Бироқ, кўп ўтмай партия террорчилик ташкилоти деб топилиб, тақиқланди.

2015 йил 28 сентябрда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Ёровни ҳибсга олган, унинг уйи ва офисида тинтув ўтказган ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш ва фирибгарликда айблаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълум қилишича, таъқибга адвокатнинг оммавий баёнотлари сабаб бўлган. У мазкур баёнотларда мижозларидан бирига нисбатан қийноқ қўллангани ҳақида маълум қилган ва ҳамкасбларини ТИУПнинг ҳибсга олинган аъзоларини ҳимоя қилишга қўшилишга чақирган.

Ёров бир неча ой давомида тергов ҳибсида сақланган. Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг маълум қилишича, бу даврда у калтакланган ва якка кишилик камерада сақланган. 2016 йил 6 октябрда Душанбе суди уни 23 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган. Кейинчалик ҳукумат унга нисбатан бир неча бор янги жиноий ишлар қўзғатган, сўнгги марта бу 2023 йилда содир бўлган. Бу унинг қамоқ муддатини камида 2043 йил сентябрига қадар узайтирилишига олиб келган.

2018 йил октябрь ойида АҚШ ҳукумати Тожикистон ҳукуматидан Ёров ишини қайта кўриб чиқишни сўраган. Унинг номи, шунингдек, Европа Иттифоқининг 2025 йил октябрь ойида Душанбе ҳукуматини қамоқда сақланаётган адвокатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилишга чақирган рўйхатига ҳам киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ